Деярли барча iPhone эгалари йўл қўядиган асосий хато нимада?

  •   DiMaX
  •  2437
  •  08.11.2017 18:35

Деярли барча iPhone эгалари йўл қўядиган асосий хато нимада?

Android-смартфон ишлатиб юриб, кейинчалик iOS-қурилма тута бошлаганларнинг аксарияти, бу икки мобил операцион тизим ўзаро «ичкаридан» катта фарқ қилишини унча тушунавермайди. Шу сабабли ҳам уларнинг аксарияти битта асосий хатога йўл қўйишади, деб ёзади AKKet нашри.

Тўғри, бу хато унчалик ваҳимали эмас, аммо барибир ишга туширилган иловаларнинг иш тезлигини сезиларли даражада пасайтиради ва қимматбаҳо вақтингизни олади.

ЎҚИНГ: Смартфонни "ўлдирувчи" хатоларингиз

Гап шундаки, Android операцион тизимида бирор дастур фойдаланувчи томонидан ишга туширилгач, ёпиб қўйилса ҳам фон режимида ишлаб тураверади. Агарда қурилманинг тезкор хотираси етарли бўлса, бу илова жуда узоқ вақт фон режимида қолади ва аккумуляторнинг қувватини сарфлаб туради. Тўғри, кейинги пайтларда Google ўзининг операцион тизимига бунинг олдини олувчи турли алгоритмларни киритмоқда. Аммо барибир Android-гаджетлар эгалари фондаги иловаларни тезкор хотирадан ўчириб чиқиш одатларини тезда тарк эта олмасалар керак.

Исталган бир iPhone’да эса ҳаммаси умуман бошқача: iOS операцион тизимининг барча талқинлари фон режимидаги иловаларнинг фаоллигини автоматик тарзда назорат қилиб боради. Яъни, «олмали девайс»ларда бирор дастур ёки ўйин ёпиб қўйилганидан кейин, уни операцион тизим хотирасидан ҳам ўчириб чиқиш шарт эмас. Android тизимли гаджетлардан фарқли равишда, iOS-қурилмаларда фондаги иловаларни ўчириш батареянинг қувват сарфига мутлақо таъсир этмайди. Ҳатто баъзи ҳолларда аксинча – бирор илова фон режимида турган бўлса, уни қайта ишга тушириш анча тез амалга ошади, бу эса операцион тизимнинг умумий тезкорлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

ЎҚИНГ: Apple iPhone қувватини узайтириш йўлини топди

Хулласи калом, Android’дан iOS’га «кўчиб ўтган» ёки эндигина iPhone тута бошлаганларнинг деярли барчаси йўл қўядиган хато шундан иборат – улар тизим тезлигини ошириш ва аккумулятор қувватини тежаш мақсадида фон режимидаги иловаларни ўчириб юрадилар. Аслида эса, юқорида таъкидлаганимиздек, бунинг умуман фойдаси йўқ.

Фақат биттагина истисно бор ва бу GPS билан ишловчи, яъни, қурилманинг жойлашув ўрнини мунтазам ҳисоблаб борувчи иловалар билан боғлиқ. Бундай дастурлар ҳар қандай операцион тизимли қурилмаларда, жумладан, iPhone’ларда ҳам батареянинг қуввати тезроқ сарфланишига олиб келади. Шу боис мазкур иловалардан фойдаланиб бўлгач, уларни ёпиб ва тезкор хотирадан ҳам ўчириб туриш тавсия этилади.

ЎҚИНГ: iPhone ёки iPad кэши ва хотирасини тозалаймиз