Dimensity 700 чипи, 90Hz LCD экранга эга realme 8 5G смартфони тақдим қилинди

Dimensity 700 чипи, 90Hz LCD экранга эга realme 8 5G смартфони тақдим қилинди

realme'дагилар 5G алоқасининг ашаддий мухлиси — улар ҳамманинг чўнтаги кўтарадиган 5G смартфонлар тайёрлашга ҳаракат қилади ва бу уринишлар самараси ўлароқ, realme 8 5G каби смартфонлар олам юзини кўради.

ЎҚИНГ: realme 8 Pro'нинг техник жиҳатлари ва қадоқ таркиби билан танишамиз

Компаниянинг таъкидича, истеъмолчиларнинг баъзилари 5G алоқасида ишламагни боис стандарт realme 8 қурилмасига эътибор қаратишмаган. Шу сабабдан, янги авлод алоқасини қўллаб-қувватловчи янги модель тақдим қилинди.

Эътибор беринг, бу шунчаки 5G'га эга олдинги realme 8 смартфони эмас. Иккала қурилма бир-биридан анчайин фарқ қилади. Аввалига чипсетга келсак. realme 8 5G смартфони Dimensity 700 чипи билан жиҳозланган. Мазкур платформанинг суб-6 GHz модеми назарий жиҳатдан 2.77 Гбит/секунд тезликка эриша олади. realme 8 4G'га қўйилган Helio G95 тезлиги эса бунинг чорагига ҳам тенг келмайди.

Ваҳоланки, унумдорлик борасида Dimensity чипи Helio'дан ортда қолади, бироқ Dimensity 700 SoC 7 нанометрлик жараён асосига қурилганлиги боис (G95 эса 12 нм лик жараён асосига қурилган), самарадорлик юқори бўлиши керак. realme'нинг ички синовлари натижасига кўра, қурилмага ўрнатилган 5,000 мАс сиғимли аккумулятор қуввати 21 соат видео томоша қилиш ёки бир неча кун мусиқа тинглашга етади.

realme 8 5G 18 Вт да қувват олади ва қадоқ ичидан ҳам худди шунча тезликда қувват берувчи қувватлагич ўрин олган. Қиёс учун, қурилманинг 4G модели (шунингдек, realme 7 5G ҳам) 30 Вт да қувватланади.

ЎҚИНГ: Қайрилма экран, учта камера, Dimensity 1000+ чипига эга realme X7 Pro Ultra чиқди

realme ўзининг янги 8 5G смартфонини ўйинбоп смартфон деб атамоқда. Афсуски, бошқа «ўйинбоп смартфон»лар каби буниси ҳам шунчаки экраннинг янгиланиш частотасини 90Hz га кўтариб қўйган холос, график процессори унумдорлиги эса эътиборсиз қолган. Қиёс учун, realme 8 4G 60Hz Super AMOLED панелга, realme 7 5G эса 120Hz LCD панелга эга. Яхши томони эса, 6.5" 1080p+ дисплей мустаҳкамроқ Dragontrail шишаси билан қопланган, 4G моделни эса оддий шиша ҳимоялаб туради. Бироқ максимал ёрқинлик даражаси ҳам атиги 600 нитни ташкил этади — realme 8 4G'да бу кўрсаткич 1,000 нитга тенг эди.

Камерага келсак, realme 8 5G'нинг камера аппарат таъминоти стандарт realme 8 ва realme 7 5G'ларга қараганда анчайин паст кўрсаткичларга эга. Жумладан, 8МП ультракенг бурчакли камера олиб ташланган, қурилма 4K ва ҳаттоки 1080p 60 кадр/сек. да видеолар олиш имкониятидан маҳрум қилинган.

Samsung GM1 сенсори бир неча йил аввалги сенсор бўлиб, Quad Bayer фильтри (12МП тасвир) ва 1/2" оптик форматга эга. Унга макро камера (4 см фокус масофали) ва оқ-қора портрет линзаси шерик қилинган. Олд томондаги селфи камера 16МП линзага эга.

Қурилманинг хотира сиғимига тўхталиб ўтсак, realme 8 5G базавий 4GБ тезкор хотирага эга. 8ГБлик конфигурацияси ҳам мавжуд. Доимий хотира сиғими эса 128ГБга тенг. microSD карта слоти мавжудлиги боис хотирани кенгайтириш мумкин.

Смартфон иккита рангда: Supersonic Blue ва Supersonic Black кўринишида бўлади. Орқа панелдаги муҳим ўзгаришлардан яна бир шуки, realme'дагилар мутахассис маслаҳатига амал қилган ҳолда, «DARE TO LEAP» ёзувини олиб ташлашган.

Смартфон 320 дан ортиқ сифат назорати синовларидан ўтган. Масалан, (ён томонга ўрнатилган) бармоқ изи сканери 500 000 марта ишлатиб кўрилган. 3.5 мм аудио жекка қулоқчинлар 10 000 марта уланиб-чиқариб кўрилган. USB-C портидан 20 000 марта фойдаланилган.

realme 8 5G биринчи бўлиб Таиландда сотувга чиқади. Смартфонни тахминан 320 долларга сотиб олиш мумкин. Яна бир жиҳат: компаниядагилар realme 8 Pro 5G номли смартфонни ҳам чиқаришни режалаштирганини маълум қилди.

ЎҚИНГ: 12 ГБ «оперативка»ли ҳамёнбоп Realme GT Neo флагмани Geekbench’да кучини кўрсатди