Динамик орол ёхуд мини капсулали Realme смартфони расман тақдим қилинди!

Динамик орол ёхуд мини капсулали Realme смартфони расман тақдим қилинди!

Apple ўзининг iPhone 14 Pro смартфонларини динамик орол билан тақдим қилганида, у барча смартфон ишқибозларида, айниқса, Android эгаларида қизиқиш уйғотди десак муболаға бўлмайди. Шундан сўнг Android смартфонлари динамик орол тирқишини ўзлаштирди (Xiaomi Civi 2/Xiaomi 13 Lite). Қолаверса, Android смартфонлари учун динамик орол функциясини берувчи қўшимча иловалар ҳам чиқарилди. Аммо, улар орасида табиий динамик орол хусусиятига эга Android смартфони йўқ эди ва Realme бу бўшлиқни тўлдирди. 

Realme компанияси ўзининг Apple iPhone 14 Pro смартфонларидаги динамик оролдан илҳомланган смартфони, Realme C55 моделини тақдим қилди. Гарчи смартфон тирқиши узунчоқ овал шаклида бўлмаса ҳам, юмалоқ селфи камера тешигининг икки ён томонлари маълумотларни кўрсатиш учун шундай шаклда кенгаяди. Хитойлик компания буни "мини капсула" деб атайди.

GIF: The Verge

Маълум бўлишича, Realme'нинг мини капсуласи батарея оз қолганлиги, батарея қувват олаётганлигини, интернет трафик сарфланишини, қадамлар сони ва бошқаларни кўрсатиб туради. Бироқ, MB сарфланиши ва қадамларни санаш ҳозирча мавжуд эмас, улар кейинчалик янгиланиш билан қўшилади.

Realme C55 смартфони ўрта синф аъзоси бўлиб, у Helio G88 чипсетида Android 13 га асосланган Realme UI 4.0 версиясида ишлайди. Сиз уни 6/128 GB ёки 8/256 GB хотира вариантларида топишингиз мумкин. Агар доимий хотира камлик қилса уни 1 TB гача microSD карта билан кенгайтириб олсангиз бўлади. Қурилма 5000 мА/соат батареяга эга ва уни 33 Вт тезликда зарядлашингиз мумкин. Таъкидлаш жоизки, бу қувватланиш тезлиги Realmeънинг C сериясидаги смартфонлари учун янгилик бўлиб, бу 18 Вт дан яхши ўсиш деса бўлади.

Realme C55 ташқи томонда ўрта синф смартфонларига мос экранга билан таъминланган: 6.72 дюймли FHD+ экран 90 герц янгиланишни қўллаб-қувватлайди ва 680 нит максимал ёруғликка чиқа олади. Қолаверса, бармоқ изи сканери экран остида эмас, у қурилма ён томонидаги смартфонни ёқиш тугмасига интеграциялаштирилган.

Смартфоннинг мини капсула билан ишлайдиган селфи камераси 8 MP. Орқа томонда эса иккита: 64 MP асосий ва унга қўшимча портрет камера сенсорларини кўришингиз мумкин.

Қўшимчасига смартфон 3.5 мм наушник уяси ва NFC хусусиятларига эга.

Realme C55 смартфони Rainy Night ва Sunshower рангларида Индонезияда сотувга чиқарилган. Бунда смартфоннинг 6/128 GB хотира вариантдагиси 2,499,000 ИР (160 доллар атрофида), 8/256 GB вариантдагиси эса 2,999,000 ИР (195 доллар атрофида) таклиф қилинмоқда. Смартфон тез орада Европада ҳам тақдим қилиниши кутилмоқда.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.