Динамиксиз смартфон: у қандай бўлади?

  •   Saroy
  •  662
  •  13.06.2018 16:56

Динамиксиз смартфон: у қандай бўлади?

Samsung билан LG динамиксиз смартфонларини келаси йилдан бошлаб савдога чиқармоқчи. Ўтган баҳорда Samsung  Display Week кўргазмасига овозни тебраниш ёрдамида узатадиган экран тимсолини олиб келганди. Ушбу технология анъанавий гаплашадиган динамикдан воз кечиш имконини беради. Корея оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, компания келаси йилнинг бошида ушбу ишланманинг тижорат версиясини намойиш этади.  

Samsung ушбу йўналишда изланишларни авж олдираётган бир пайтда, Жанубий Кореянинг яна бир гигант ишлаб чиқарувчиси – LG қўл қовуштириб ўтирармиди? Албатта, йўқ. Бу компания ҳам яқин орада ўз ечимини тақдим этмоқчи.

ЎҚИНГ: Samsung Exynos 9820 қудратли М4 ядроси билан монстрга айланмоқчи

Samsung амалда модификация қилинган Galaxy S8+ ни кўрсатганди. У  тебраткич генератори бўлган 6.22-дюймли дисплейга эга. 100 Гц дан  8 кГц гача  бўлган  овоз диапазони  HD Voice стандартига тўла мос келади.

Бундан йўл тутилишининг яна бир устун томони  — смартфонни сув ўтказмайдиган қилиш. Чунки тебранадиган экран сўзлагич динамикнинг ўрнига келса, бу  корпусдаги тешиклар биттага камайди деганидир.

Шунга ўхшаш тизим аллақачон смартфонларда қўлланилмоқда. Масалан, ромсиз Vivo Nex смартфонида ҳам олд панелда динамик йўқ. Vivo NEX смартфонларида корпус олд юзасининг 91,24 фоиз майдонини дисплей эгаллаган – бу борада у рекордчига айланди. Айтиш керакки, мазкур кўрсаткич Apple iPhone X суперфлагманида 82,9 фоизга, Samsung Galaxy S9 флагманида эса 84,2 фоизга тенг.

ЎҚИНГ: Бир объективли Galaxy S8 бош камераси “қўш кўзли” LG G6 ва iPhone 7 Plus’га қарши

CES 2018 кўргазмасида Samsung компанияси катта  Crystal Sound OLED дисплейини намойиш қилди, у экран ойнасининг тебраниши орқали овоз чиқаради. Гап-сўзларга ишонадиган бўлсак, ҳозир  LG Display мобиль қурилмалари учун CSO версияси устида иш олиб бормоқда. Фақат бир нарса маълум бўлмай турибди, бу гаплашадиган денамикнинг яна бир муқобили бўладими ёки тўлақонли «гаплашадиган» экран бўладими?

Хуллас LG ҳам ушбу тизимнинг якуний версиясини келаси йилнинг бошида тақдим этишни режалаштирмоқда. Қани, 2019 йил келаверсинчи, кўрамиз.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!