Диққат: ИИББ машъум виртуал ўйиндан огоҳлантиради – қурбонлар бор!

  •   DiMaX
  •  7161
  •  10.08.2018 13:08

Диққат: ИИББ машъум виртуал ўйиндан огоҳлантиради – қурбонлар бор!

Кейинги йиллар ичида ўсмир-ёшларни интернет орқали қалтис ўйинларга жалб этиб, уларни ҳатто худкушликкача етакловчи «ўйин»лар пайдо бўлмоқда. Афсуски, уларнинг айримларига ўзбекистонлик ёшлар ҳам ўралашиб қолиши ҳеч гап эмас...

ЎҚИНГ: Эҳтиёт бўлинг! «Ўлим гуруҳлари» Тошкентгача етиб келди!

Жаҳон оммавий ахборот воситалари интернетда шундай яна битта – «Momo» номли виртуал ўйин пайдо бўлгани ҳақида бонг урмоқда, деб ёзади Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси.

Momo – айни дамда асосан WhatsApp мессенжери орқали тарқатилаётган хавфли виртуал ўйин бўлиб, аллақачон бир қанча мамлакатларга ёйилиб бўлган. У ўсмир-ёшларнинг руҳиятига салбий таъсир этиши ҳақидаги жиддий хавотирлар акс этган хабарлар мавжуд.

Жумладан, Аргентина пойтахти – Буэнос-Айрес шаҳрида яқинда 12 яшар қиз ўз жонига қасд қилган. Мазкур ишни ўрганишга киришган полициячилар унинг телефонида Momo ўйини мавжудлигини аниқлашган.

ЎҚИНГ: «Синий кит» 7 синф ўқувчисига даҳшатли топшириқ берди

Хорижий нашрларнинг ёзишларича, ушбу қалтис ўйин WhatsApp мессенжерининг ўзидаги мулоқотдан бошланмайди. Momo кураторлари, биринчи навбатда, турли ижтимоий тармоқлар ва форумларда бўлажак ўйинчиларни, аниқроғи – «қурбон»ларни излашади. Улар ўсмирларга зўравонлик саҳналари акс этган қўрқинчли фотосуратлар ва видеолар тарқатишади, кейин эса турли буйруқлар бериб, бажаришга мажбур этишади. Рад этганларга кураторлар тўғридан-тўғри таҳдид қилишади, рози бўлганларга эса зўравонлик акс этган фото ва видеолар келишда давом этаверади.

Шу билан бирга, кураторлар ўйин иштирокчиларидан шахсий маълумотларни сўраб олишади ва аниқ ҳаракатларни амалга ошириш бўйича топшириқлар беришади. Ўзининг тўғри исм-шарифи, яшаш ва ўқиш жойи, оила аъзолари ҳақидаги муҳим маълумотларини кураторларга тақдим этиб бўлган ўсмир энди буткул уларнинг измига тушиб, буйруқларини бажаришга мажбур бўлади.

ЎҚИНГ: «Ўлим гуруҳлари»: қачон бошланган, нега айнан кўк кит, буйруқларни бажармаса нима бўлади?

Дарвоқе, ўйин учун асос қилиб олинган суратларда тасвирланган персонаж – «Momo» ким ўзи? Маълум бўлишича, бу – япон рассоми Мидори Хаяси томонидан ясалган ҳайкал. Унда шунчаки афсонавий жонзод – қуш оёқли, юзи аёлникига ўхшаш, фақат кўзлари ўта чақчайган ва лабларида жудаям бўрттирилган тиржайиш акс этган.

Умуман олганда, япон мусаввири яратган ҳайкалнинг қалтис виртуал ўйинга умуман алоқаси йўқ. Ўйин кураторлари шунчаки унинг образини ўзларининг ғараз мақсадлари йўлида ишлатишмоқда.

ЎҚИНГ: ОГОҲ БЎЛИНГ! Яна «ўлим гуруҳлари»!

Хабарга кўра, нашрлардан бирида Momo’ни енгиш йўли кўрсатилган: «Ўзингиз ишлатаётган мессенджерлар созламаларига кириб, фақат ўз контактлар рўйхатингиздаги кишилардангина қўнғироқ келадиган қилиб қўйиш керак. Тўғри, WhatsApp’да бундай опция йўқ, аммо ундаги контактлар орасида, чатларда, гуруҳли ёзишмаларда «Momo» никли ёки «аватарка»сига унинг сурати қўйилган юзер учраса, уни дарров блокланг».

Тошкент шаҳар ИИББ барча ўсмир-ёшларни ҳамда ота-оналарни ҳушёрликка чорлаб, бу каби қалтис ўйинларга аралашиб қолмасликка чақиради. Шунингдек, бу каби ҳолатларга дуч келмасликлари учун яқинларингизни ҳам огоҳлантиришни тавсия этамиз.

ЎҚИНГ: "Кўк кит" муаллифига тайинланган жазо норозиликка сабаб бўлмоқда

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!