ДИҚҚАТ: Тошкент бозорлари яқинида янгича камералар ишга тушади

  •   DiMaX
  •  443
  •  09.07.2019 10:10

ДИҚҚАТ: Тошкент бозорлари яқинида янгича камералар ишга тушади

Автомобилни қолдириш учун жой қидириш давомида ҳайдовчилар 3.27 белгисини «пайқамаслик»ка кўникиб қолишган. Бу эса пойтахт йўлларида тирбандликка олиб келиб, транспорт ва пиёдалар ҳаракатига халал беради, деб ёзади Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси.

ЎҚИНГ: ЙПХ ходимининг сурати ёки видеосини интернетда тарқатиш тақиқланади

Ушбу белги остида транспорт қолдириш мумкин эмаслиги Йўл ҳаракати қоидалари томонидан бекорга белгиланмаган. Аксарият ҳайдовчилар белгиланган жойгача ортиқча 100 метр масофа босиб ўтишга эриниб, 3.27 белгиси остида бир неча дақиқага тўхтаса ҳеч нарса бўлмайди, деб ўйлашади. Тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузилиши нуқтаи назаридан пойтахт бозорлари энг муаммоли жойлар ҳисобланишади.   

Эртанги кундан, яъни 2019 йилнинг 10 июлидан Тошкентнинг бир нечта бозорлари яқинидаги йўллар бўйлаб тўхташ ва тўхтаб туриш қоидалари бузилишини қайд этувчи автоматлаштирилган фото- ва видеокамералар иш бошлайди. Масалан, Чилонзор тумани Тошкент ҳалқа автомобиль йўлининг ўзидаёқ 3.27 белгисини менсимаганларни қайд этишга мўлжалланган 4 та стационар автоматлаштирилган камералар ўрнатилган. Ҳозирги вақтда Абу-Сахий, Бек Тўпи, Ипподром, Ўрикзор бозорлари йўлларида автоматлаштирилган тизим ўрнатилган бўлиб, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан бу йўналишдаги ишлар давом эттирилади.

ЎҚИНГ: Ички ишлар вазири ижтимоий тармоқларни мунтазам кузатиб келмоқда

Хабарга кўра, ўрнатилган камералар 360 градусга ўгирила олади. Автомобиль мумкин бўлмаган жойда тўхтагач, видеокамера автоматик тарзда (инсон аралашувисиз) вақтни ва «қоидабузар» автомобилнинг давлат рақамини қайд этади. Маълумотлар онлайн тарзда базага йўналтирилади, у ерда эса AutoCon-SC/M дастурий таъминот жарима солиш бўйича Қарорни шакллантириб, уни қоидабузарга жўнатиш учун «Ўзбекистон почтаси» АЖга йўллайди.

Хатда жаримани 60 кунлик муддат ичида тўлаш зарурлиги, ушбу муддат тугагач тизим хатга бириктирилган квитанцияни автоматик тарзда тўсиб қўйиб, жарима тўланмаганлиги тўғрисидаги маълумотни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қошидаги Мажбурий ижро бюросига жўнатиши маълум қилинади. МИБ, ўз навбатида, транспорт воситаси эгасининг номига расмийлаштирилган мулкка тақиқ қўяди. Ушбу санкциялар қоидабузар-автомобиль эгасига олди-сотди келишувларини олиб боришга йўл қўймайди. ЙҲҚни бузганлик учун жаримани ўз вақтида тўламаслик ҳам қўшимча моддий харажатларга олиб келади.

ЎҚИНГ: Транспорт воситалари эгалари диққатига: ягона электрон база шакллантирилади

Бундан ташқари, камера қоидабузарликни қайд этиб, уни Марказга йўллаганидан кейин, тўлов муддати давомида сизга нисбатан бир қатор чекловлар ўрнатилади. Хусусан, сизда машинани ИИББ ЙҲХБ туманлараро бўлинмаларида техник кўрикдан ўтказиш ёки бошқа фуқаронинг номига расмийлаштириш имкони бўлмайди. Ушбу чеклов бўлажак харидорни «қарздор» машина сотиб олиб қўйишда ҳимоя қилади.

Эслатиб ўтамиз, 3.27 белгиси остида автомобилни тўхтатиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-6-моддасига мувофиқ ЭКИҲнинг 3 бараваригача (608 190 сўм) жарима солинишига сабаб бўлиши мумкин.

Тошкент шаҳар ИИББ ҳайдовчиларга ва транспорт воситасини ижарага берган фуқароларга жарималар мавзусига эътибор беришларини тавсия этади. ЎзР МЖКнинг 17-1-моддасига мувофиқ, Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка транспорт воситасининг мулкдори тортилади.

Тўхтаб туриш жойини танлашда йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқларини ҳурмат қилинг! Бозорга келганда автотураргоҳ хизматларидан фойдаланинг, дейилади хабарда.

ЎҚИНГ: Тошкент шаҳар ИИББ машҳурликка интилган «блогер»лар фаолиятига чек қўйди

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!