Диққат! Xiaomi фойдаланувчилари, огоҳ бўлинг!

Диққат! Xiaomi фойдаланувчилари, огоҳ бўлинг!

Forbes нашри билан ҳамкорликда ишлаётган хавфсизлик борасидаги тадқиқотчининг маълум қилишича, Xiaomi ўз фойдалувчиларидан браузер маълумотларини йиғиб келаётган экан. Бу ҳақда GSMArena сайти хабар бермоқда.

Масаланинг аҳамиятли жиҳати шундаки, инкогнито режими ёқилганда ва ҳаттоки махфийликка жиддий эътибор берувчи DuckDuckGo браузери билан интернетга кирилганда ҳам, Xiaomi маълумотларни йиғиб борган.

Буни аниқлаган тадқиқотчи Габриэль Кирлигнинг ўзи Redmi Note 8'дан фойдаланади. Кирлиг ўз қурилмаси у смартфонда бажарадиган барча амалларни ёзиб бориши, маълумотларни Россия ва Сингапурда жойлашган серверларга юборишини пайқаб қолган. Аммо доменларнинг ўзи Пекинда жойлашган. Бу ерда экрандаги маълумотлар, кирилган вебсайтлар, очилган файллар, ўзгартирилган параметрлар, стандарт дастур ёрдамида тингланган мусиқалар ва ҳ.к. лар ҳақида гап кетмоқда.

Девайс йиғган маълумотларини base64 форматида унчалик ҳам кучли шифрламаган, шунинг учун ҳам Кирлиг бу маълумотларни дешифрлаб, оддий матнга қийинчиликсиз айлантира олган.

Яна аниқланишича, Xiaomi Mi 10, Redmi K20 ва Mi Mix 3'ларда ҳам худди шундай заифлик мавжуд. Хавфсизлик бўйича бошқа бир мутахассис Эндрю Тирни эса Mi Browser Pro ва Mint Browser иловаларида ҳам шубҳали жиҳатларни сезган.

Xiaomi ушбу даъволарга жавобан, Forbes олган натижалар нотўғри эканлигини таъкидлаган. Компания вакили Xiaomi фойдаланувчи махфийлиги борасидаги барча қонун-қоидаларга роия қилишини, тўпланган браузер маълумотлари анонимлаштирилишини айтган.

Аммо нега Xiaomi бу маълумотларни йиғиб келмоқда? Таъкидланишича, компания фойдаланувчиларнинг браузер амалиётини такомиллаштирмоқчи. Маълумотлар қайси фойдаланувчидан олинганини аниқлашнинг имкони йўқ. Ваҳоланки, Габриэль Кирлиг Хиаомиъга видео юборди. Унда браузер кирилган саҳифалар тарихини — ҳаттоки инкогнито режими ёқилганда ҳам — юқоридаги серверларга қандай қилиб юбориши кўрсатилган.

ЎҚИНГ: Нима учун VPN'дан фойдаланиш керак? (+бонус)

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.