ДИҚҚАТ: ёнингиздаги смартфон ақлингизни пасайтиради!

  •   DiMaX
  •  2067
  •  28.06.2017 15:49

ДИҚҚАТ: ёнингиздаги смартфон ақлингизни пасайтиради!

Биз жуда кўп вақтимизни электрон қурилмалар билан ўтказамиз, уларга кўп эътибор қаратамиз. Смартфон ёнимизда бўлмаса, ўзимизни ноқулай сезамиз. Техас университети олимлари бунинг зарари мавжудлигини, аниқроғи – миянинг когнитив қобилиятига салбий таъсир этишини тажрибада аниқлашди. Бу ҳақда Androidinsider сайти хабар бермоқда.

Олимлар тажриба учун тасодифий тарзда кишиларни танлаб олишди. Улардан бир гуруҳи смартфонларини ёнларига олишди – столда экранини пастга қаратиб қўйишди. Иккинчи гуруҳдаги синалувчилар бўлса смартфонларини чўнтакларига жойлашди. Учинчи гуруҳдагилар эса – бошқа хонага қўйишди. Олимлар ҳар бир иштирокчидан телефонини ўчириб қўйишни илтимос қилишди. Кейин эса диққат, хотира ва масалаларни ечиш малакаси бўйича тадқиқотни бошлашди.

Маълум бўлишича, смартфонларини бошқа хонада қолдириб келган гуруҳ аъзолари хотира бўйича юқори кўрсаткичларни намоён этишган. Телефонни чўнтагида олиб кирган кишиларда уларга нисбатан пастроқ, ёнида қўйганларда эса сезиларли даражада паст кўрсаткич қайд этилган.

Олимлар буни шундай изоҳлашади: бизнинг онг ости туйғуларимиз (подсознание) ҳаётимизда смартфон мавжудлигига жудаям ўрганиб қолган. Гарчи диққатимиз телефонга қаратилмаган бўлса-да, ич-ичимиздан ундаги билдиришномаларни қараб қўйиш истаги туғилиб келаверади; миямиз эса бу ҳисга қарши курашишга кўп куч сарфлаб қўяди. Агарда бу орада смартфонимиз ўша бизга таниш овозларни чиқариб қўйса борми, миянинг иши янада чигаллашади. Бу товушлар мияда, худди ўз исмимизни эшитган пайтимиздаги каби жаранларни ишга тушириб юборади.

Шундай экан, сизга ҳам смартфонга қулликдан қутулиш, шунингдек, ижтимоий тармоқларга тобеликдан халос бўлиш йўлларидан фойдаланишни тавсия этамиз.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!