Домен ва ҳостинг нима?

Домен ва ҳостинг нима?

Сайт очиш, дастурлаш ёки информатиканинг бирор йўнлаши билан шуғулланадиган ҳар қандай одам албатта “домен”, “ҳостинг”, “сервер” каби тушунчаларга дуч келади. Мақолада бу тушунчалар кенг изоҳлаб берилади.

Сайтни шахсий компьютеримизда тайёрлаб бўлгач, уни интернет тармоғига жойлашимиз керак. Агар интернетга жойламасангиз, у ҳолда сайтингиз ҳақида ҳеч ким хабардор бўлолмайди. Лекин, интернетга жойлаш билан ҳам иш тугамайди, интернетга кирганлар сайтингизни қандай топа олади? – деган савол туғилади. Шунинг учун интернетга жойлаган сайтни одамлар топа олиши учун имкон яратиш ҳам керак, аммо бу ҳақда кейинги дарсларда сўз юритамиз. Келинг, аввал, сайтни интернетга жойлаш ҳақида сўзлаймиз. Умуман олганда, сайтлар интернет тармоғида қандай жойланиши ва сайтларга қандай қилиб ном танланиши ҳақида ўрганамиз.
Ҳар қандай сайтни интернетга жойлаш учун домен ва ҳостинг олинади.
Домен нима?
Домен – бу сайт номи, масалан www.saytim.uz
Сиз қайсидир сайтга кираётганингизда сайт номини яъни доменни ёзасиз. Натижада шу домен сайт жойлашган ҳостинг ва база билан боғланади.
Домен – бу чексиз интернет уммонидаги серверлардан бирида жойлашган қайсидир сайтга олиб борадиган манзил ҳисобланади. Аслида Сиз ҳостинг хизматидан фойдаланиб, сайтингизни қайсидир серверга жойлаштирганингизда, сайтингиз манзили (сервер нуқтаъи назаридан) қандайдир IP манзилга тенг бўлади. Масалан, 192.168.162.134 Бундай IP манзилни эслаб қолиш қийин.
Агар домен бўлмаганида сайтингизга ташриф буюриш учун фойдаланувчилар сайтингиз IP манзилини эслаб қолишлари ва браузерларига 192.168.162.134 деб ёзиш орқали сайтингизга киришлари керак бўлар эди. Домен афзаллиги шундаки, у тушунарсиз ва эслаб қолиш қийин бўлган IP манзилларни одамларга тушунарли, эслаб қолиш осон бўлган чиройли сайт номлари айлантиради. Шунинг учун ҳам домен сотиб олганингизда энг аввало бу доменни ҳостингингиз IP манзилига улаб қўясиз. Шунда домен номи сайтингиз IP манзилининг таржимаси бўлиб қолади. Ҳар сафар фойдаланувчилар ўз браузерларида домен номингизни ёзишса, бу домен ҳостингингиз серверининг IP манзилини чақиради ва фойдаланувчига сайтингиз кўрсатилади!
Мисол учун, qalam.uz сайти ҳостингининг сайт жойлашган қисми учун IP манзили 192.168.111.222 деб ҳисоблайлик. Бу сайтга кириш учун фойдаланувчиларнинг бу IP манзилни ёзишлари уларга қийинчилик туғдириши мумкин. Бу ўринда фойдаланувчилар учун эслаб қолиш осон ва тушунарли бўлган домен танланади. Сайт эса қуйидаги тартибда уларга етказилади:
Qalam.uz -> 192.168.111.222 -> САЙТ
Домен исмларда “домен ҳудуди” деган тушунча мавжуд. Бу ҳудудлар сайтларнинг у ёки бу турга таълуқли эканлигини кўрсатиб туради. Ҳозирги кунда энг машхур домен исм ҳудудларига .com (коммерсия-тижорат сайтлари), .net (интернет), .info (информация-маълумот сайтлари), .еdu (education-таълим соҳасига оид сайтлар), .org (organisation-ташкилот сайтлари), .gov (government-ҳукумат сайтлари) ва бошқа давлат коди юқори босқичли доменлар (country code top-level domains – ccTLD) киради.
ccTLD доменлари қайсидир давлат номи қисқармасига асосланган домен ҳудудларига бўлинади. Масалан, Ўзбекистон учун .uz доменлари, Россия учун .ru доменлари, Франция учун .fr доменлари ва ҳоказо. Ҳар бир домен ҳудудини ўзига тегишли бўлган давлат бошқаради. Мисол учун, .uz доменларига Ўзбекистондан бошқа ҳеч қайси давлат рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқига эга бўла олмайди.
Домен исмлар домен регистраторлари орқали амалга оширилади. Ҳар бир домен номи фақат бир марта рўйхатга олиниши мумкин ва унинг нусхалари бўлиши мумкин эмас. Масалан, сиз корзонангиз сайти учун esavdo.uz деб ном танладингиз, Бу доменни сотиб олганингиздан кейин (келишилган муддат давомида) бошқа ҳеч ким бу номга эгалик қилолмайди.
У ёки бу доменнинг бандлиги ёки рўйхатга олиниш учун бўшлигини текшириш домен регистраторларининг whois сўрови ёрдамида текширилиши мумкин. Ўзбекистон домен регистраторлари бошлиғи ccTLD.uz ҳисобланади. Бу сайтга www.cctld.uz ёки оддийгина www.whois.uz домени орқали кириш мумкин. ccTLD.uz сайтига ташриф буюриб Сиз Ўзбекистон домен регистраторлари ҳақида маълумот олишингиз ва сайтнинг чап томон менюдан пастки қисмида жойлашган кичик форма орқали қайсидир доменнинг бўшлиги ёки бандлигини текширишингиз мумкин.
Домен номи рўйхатга олингандан сўнг Сиз унинг созланмаларини сайтингиз жойлашган ҳостинг IP манзилига (улар “nameserver” деб юритилади) мос равишда таҳрирлашингиз керак бўлади. Шундан сўнг 24 соат ичида доменингиз кўрсатилган nameserver’да жойлашган сайтингизга олиб боришни бошлайди.
Ҳостинг нима?
Ҳар қандай сайт қайсидир серверда жойлашган бўлади. Сайт ва унга боғлиқ файллар (расм, видео, бошқа юклаб олинадиган файллар) учун маълум ҳажмда жой олиш керак. Масалан, 100 МБ дан бир неча ГБ гача бўлиши ҳам мумкин. Сизни сайтингиз учун жой ажрaтиб берувчи хизмат турига “ҳостинг” деб аталади. Одатда домен берувчи компанияларда ҳам ҳостинг хизмати бўлади. Ҳостинг ва доменни бир компаниядан олиш ҳам мумкин, ёки уларни бошқа-бошқа компаниялардан ҳам олиш мумкин.
Сайтлар учун ҳостинг берувчи компанияларда катта ҳажмдаги махсус серверлар мавжуд. Улар тинимсиз ишлаб туриш орқали сайтларнинг ишлашини таъминлайди. Ҳостинг берувчи компаниялар бир вақтнинг ўзида юздан ортиқ сайтларни ўзида сақлаган бўлиши мумкин.
Сиз интернетга уланиб бирор сайтни очиш учун керакли манзилни терганингизда, дастлаб, DNS (Domain Name Server) билан боғланасиз. Кейин эса, DNS сервер томонидан домен (сайт номи) ҳақида малумот текширилади. Масалан www.qalam.uz номли манзилни очганингизда, дастлаб DNS сервер орқали qalam.uz номи ҳақиқатдан мавжудлиги ва қайси ҳостингда жойлашгани ҳақида маълумот олинади, кейин ана шу ҳостинг билан боғланади ва сайтга оид файллар сизга кўрсатилади. Албатта, булар барчаси автоматик тарзда бир неча сонияда амалга ошади.
Қуйидаги расмларда сайтга кириш учун содир бўладиган жараёнлар тасвирланган.
Бунда,
use – фойдаланувчи;
browser – сайтни очиш дастури (опера, мозилла, xроме);
webserver – сайт ва унинг файлларини сақловчи ҳостинг.
DNS – domain name server (доменлар ҳақида малумотни сақловчи сервер)

how-web-server-works

Юқоридаги расмдан кўриниб турибдики, интернетдаги бирор сайтга кириш учун сайт номи ёзилганда, броузер дастури дастлаб DNS серверга мурожаат қилади ва ундан шу манзилнинг IP манзилини сўрайди. Бошқача қилиб айтганда, шу сайт қайси ҳостингда жойлашганини сўрайди. DNS ўзининг базасини текширади ва сўралган сайт номини излайди, Агар топса унинг IP манзилини браузерга юборади (яъни интернетга кирган одамнинг компьютерига сайтнинг қаердалигини билдиради) Кейин эса шу вақтнинг ўзида броузер берилган манзилга (яъни ҳостинг) билан боғланиб ундан сайтнинг керакли саҳифасини сўрайди. Шундай қилиб ҳосинг томонидан сайт кўринишлари сизнинг броузерингизга етиб келади.
Ҳостинг хизмати учун мўлжалланган серверларнинг баъзи кўринишлари қуйида тасвирланган.

Веб сервер хоналари

Веб сервер хоналари

Хулоса қилиб айтганда, Ҳостинг – бу сайт учун ажратилган жой бўлиб, сайтдаги малумотларни (матн, расм, файллар ва ҳоказо) ўзида сақлайди. Унинг ҳажми бир неча МБ (мегабайт) ёки ГБ (гигабайт) бўлиши мумкин. Домен ёки ҳостинг олиш учун интернет провайдерига мурожаат қилиш мумкин. Домен учун йиллик тўлов тўланади. Ҳостинг учун эса ҳар бир провайдернинг тариф нархларига кўра бир неча ойлик ёки йиллик тўлов тўлаш мумкин.
Ўзбекистонда домен ёки ҳостинг берувчи компаниялар (провайдер ёки регистратор) ҳозирда кўплаб шаҳарларда фаолият юритмақда. Масалан: BCC (www.bcc.uz) , Arsenal-D (www.webname.uz)  , Active (www.active.uz) , Uzinfocom (www.uzinfocom.uz) ва бошқалар

Манба: Qalam.uz

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!