Дори воситаларини онлайн буюртма қилишда нималарга эътибор бериш керак?

  •   DiMaX
  •  924
  •  25.08.2020 08:45

Дори воситаларини онлайн буюртма қилишда нималарга эътибор бериш керак?

Ҳозирда турмушимизга онлайн харид кенг кириб келмоқда ва бу фармацевтика воситаларига ҳам тааллуқли. Мазкур йўналишдаги муҳим саволларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Муҳаббат Ибрагимова жавоб берган.

ЎҚИНГ: ЭРКАКЛАР vs АЁЛЛАР: онлайн савдода ким серхаражат?

– Дорихонага боришга имкон бўлмаганда дори воситаларини электрон тарзда харид қилиш мумкинми?

– Ҳа, мумкин. «Дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш тартиби тўғрисидаги Низом»га мувофиқ, электрон тижорат орқали фақат рецептсиз бериладиган дори воситалари ва тиббий буюмларни электрон тарзда сотиш ва сотиб олишга рухсат берилган. Фақат уларни сақлаш ва етказиб беришда хавфсизликни таъминлаган ҳолда, шунингдек, қонунчилик талабларидан четга чиқмасдан амалга оширилиши шарт. Айни вақтда дори воситаларини етказиб беришни такомиллаштириш учун «электрон дорихона» тизимини яратиш устида иш олиб борилмоқда. Бу орқали маҳаллий дорихоналарнинг ягона электрон базаси шаклланади, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш таъминланади.

– Электрон тарзда сотиб олинган дори воситалари ва тиббий буюмлар аҳолига қандай тартибда етказиб берилиши керак?

– Бунда дори воситалари ва тиббий буюмларни электрон тижорат орқали чакана сотишда дорихоналарга тегишли веб-сайтлар ёки мобил иловаларда юридик шахснинг номи, унинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, ИНН рақами, жойлашган жойи (почта манзили), электрон почта манзили, боғланиш телефон рақами, лицензия рақами, амал қилиш муддати, уни берган орган номи кўрсатилиши шарт.

Шунингдек, электрон савдо манзилида дори воситалари ва тиббий буюмлар ҳақидаги маълумотлар, жумладан, халқаро патентланмаган номи ва савдо номи, чиқарилган шакли, дозаси, серияси, яроқлилик муддати, ишлаб чиқарган давлат (етказиб берувчи), қўллаш бўйича йўриқнома, чакана нархи, савдо устамаси миқдори, мувофиқлик сертификати, аналогларнинг мавжудлиги, ҳисоб-китоб шакли, етказиб бериш тартиби ва нархи кўрсатилиши шарт.

Маҳсулотлар тиббий буюмлар ва дори воситаларини ташиш учун махсус жиҳозланган транспортларда фармацевтик маълумотга эга мутахассис томонидан етказиб берилиши белгилаб қўйилган.

ЎҚИНГ: ИНПС ва ИНН (СТИР) рақамларини интернетдан қандай билиш мумкин?

– Бемор рецептда ёзилган дорига электрон тарзда буюртма бермоқчи, лекин дорихонада шу номли дори маҳсулоти топилмай, унга муқобил бўлган бошқа препарат бор. Дори препаратларини ўзаро муқобилига алмаштириб қабул қилиш мумкинми?

– Халқаро патентланмаган ном билан рецепт ёзиш бу жараённи янада осонлаштиради. Тиббий мақсадларда фойдаланиладиган дори препаратларини ўзаро алмаштириш тиббий амалиётда қўлланиладиган жараён бўлиб, оригинал дори препаратлари ёки етакчи фармацевтика корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган дори препаратларининг халқаро патентланмаган номига асосланган ҳолда, уларга терапевтик ва фармакокинетик жиҳатдан биоэквивалент бўлган дори препарати танланиши мумкин. Ушбу дори воситаларини алмаштириш мумкинлиги ёки мумкин эмаслиги тўғрисидаги хулоса Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли соҳа мутахассислари томонидан бир қанча мезонлар (дори препаратларининг эквивалентлиги, дори шаклининг эквивалентлиги, ёрдамчи моддалари таркибининг эквивалентлиги ёки бир хиллиги, юбориш усули ва қўллаш усулининг айнан бир хиллиги, дори препаратини ишлаб чиқарувчи корхонанинг зарур ишлаб чиқариш амалиёти талабларига мувофиқлиги) асосида қабул қилинади.

Бунда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, фармацевтика ходимлари томонидан, биринчи навбатда, маҳаллий дори воситаларини харидорга таклиф этиш тавсия этилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

ЎҚИНГ: Коронавирус ваҳимаси: AliExpress’дан келадиган товарлар қанчалик хавфли?

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.