Дронлар туфайли шу йилдаёқ энг кучли ўзгарувчи 6 соҳа

  •   DiMaX
  •  1705
  •  08.04.2017 17:30

Дронлар туфайли шу йилдаёқ энг кучли ўзгарувчи 6 соҳа

Amazon компаниясининг янгича онлайн-савдо стандартлари борасидаги саъй-ҳаракатлари туфайли буюртмалар дронлар ёрдамида «шу куннинг ўзида» эмас, балки «шу соатнинг ўзидаёқ» етказиб берила бошлагани бутун дунё эътирофига сазовор бўлаётир. Бошқа соҳаларда ҳам дронлар туфайли яқин орада кўплаб ўзгаришлар юз беришини кузатувчилар таъкидлашмоқда. Умуман олганда, кўп соҳаларга дронлар аллақачон кириб кела бошлаган: қишлоқ хўжалиги, кинематография, фотография, кириб бориш мушкул бўлган (том, кўприк, уяли алоқа минораси каби) объектларни текшириш…

Яқин-яқинларгача дронларнинг тарқалиши жуда секин кечди, бунга қисман юридик чекловлар ҳам сабаб бўлди. Бироқ энди фан ва технологияларнинг айрим соҳалари айни шу йилнинг ўзидаёқ улар сабабли янгича тус олиши мумкин. Масалан…

  1. Ўйинлар ва спорт

2016 йили спорт тадбирларини суратга олишда дронлардан фойдаланилган бўлса, энди уларнинг ўзлари мусобақалар иштирокчиларига айланишади. Дронлар пойгаси ва отишмаси оммалашади, бунда ўйин иштирокчиси ва тасвирга олувчи дронлар алоҳида бўлиб, улар оралиғида масофа сақланади.

Аммо дронбординг спорт тури аллақачон юзага келиб бўлди, бу йил эса унинг кенг оммалашуви кутилаётир. Бу ўйинда спортчига трос ёрдамида боғланган дрон уни тортиб учади, спортчи эса дронни пульт ёрдамида бошқарганча қор ёки сув юзасида сирғалиб боради.

  1. Тиббиёт

Ўтган йили Руандада дронлар ёрдамида етказиб бериш билан шуғулланувчи дунёдаги илк  миллий хизмат йўлга қўйилди. У етиб бориш мушкул бўлган ҳудудларга бемор ҳаёти учун муҳим бўлган донорлик қони захираларини элтиб беради. Бу ҳали бошланиши…

Тиббий муассасалар орасида зарурий дори-дармонлар ва донорлик қонини етказиб бериш кўпчиликка ёрдам берса-да, битта муассасанинг ичида тиббий материалларни етказиб беришда ҳам дронлардан фойдаланиш мумкин. Бу анъанавий йўллардан кўра тезкорроқ ва самаралироқдир. Битта оператор 20 тагача дронни назорат этиши мумкин, назарий жиҳатдан қараганда, бу – битта касалхонадаги 20 нафар беморнинг жони сақланиб қолади, деганидир.

  1. Қидирув-қутқарув операциялари

Айрим ҳудудларга вертолёт билан ҳам кириб бориш қийин бўлади, шунақа жойларда қидириш ва қутқариш ишларида дронларнинг ёрдами жуда асқотади.

Бундан ташқари, яқинда ёнғинга қарши курашда ҳам дронларнинг ёрдами тегди. Нью-Йорк ёнғинни ўчириш хизмати тажриба сифатида қўллаётган дронлар инфрақизил (жонли организмдан чиқувчи) нурларни қайд этувчи видеокамералар билан жиҳозланган. Улар ёнаётган объектнинг қаерида одам қолиб кетганини аниқлаб, бошқарув пультига сигнал юборади, бу эса реал вақтда вазиятни тўғри баҳолашга, ўт ўчирувчиларнинг ҳаётини хавф остига қўймасликка ёрдам беради.

Тасвирларни англаш технологиялари соҳил бўйларида хизматга жалб этилса, сувга чўкаётган кишиларни аниқлашда жуда қўл келади. Пилотсиз сузадиган қутқарувчи мосламалар эса ҳар қандай қутқарувчидан кўра тезроқ ёрдамга етиб бора олади.

  1. Ҳуқуқ-тартибот ҳимояси ва мудофаа

Кўпинча дронлар хусусида гап кетганида, битта масала кўтарилади: кишиларнинг хусусий дронларидан жосуслик, ноқонуний тасвирга олиш, террорчилик ҳужум мақсадларида фойдаланишлари мумкин-ку!

Ўринли савол. Ечими ҳам ўзида: душманга қарши ўзининг қуроли билан курашиш. Ҳа, осмонда дронлар патрулини ташкил этиш ҳамда улар ёрдамида шубҳали ва ноқонуний пилотсиз учувчи жиҳозларни қўлга олиш усулларини ишлаб чиқишга қаратилган стартаплар мавжуд.

Мудофаа соҳасида ҳам дронларнинг фойдаси тегади: улар бориш мушкул бўлган ҳудудларда алоқа узеллари бўлиб хизмат қилиши мумкин. Жамоат тадбирларида – концерт, парадларда ёки табиий офат пайти аҳолини эвакуация қилишда эса, алоқа тармоғини яхшилашга дронларни жалб этса бўлади.

  1. Санъат ва кўнгилочар томошалар

Леди Гаганинг «Супербоул» турнирида чиқиши давомида юзлаб дронлар ёрдамида шоу кўрсатганида, кўнгилочар тадбирлар соҳасида дронларнинг имконияти катта эканига юз миллионлаб киши гувоҳ бўлди. Учар мосламалардан бошқа тур томошаларда ҳам фойдаланиш бошланса, бу каби мисоллар кўпаяверади.

  1. Логистика

Гарчи харид қилинган товарларни зудлик билан етказиб беришда дронларнинг имкониятларига ҳавас қилсак-да, ритейлерлар ва курьерлик хизматларининг бошқа йўналишларида ҳам уларнинг хизмати катта бўлади. Улар омборхоналарни, маҳсулот ва контейнерларни арзон ва самарали усулда назорат этиш имконини беради. Ҳали ишлаб чиқарувчилар омборларни роботлар ёрдамида буткул автоматлаштириш устида бош қотириб ўтиришганида, дронлар аллақачон омбор майдонларини текшириб, захираларни ҳисоблаб, элтиб беришлар тармоғига кириб боришга тайёр турибди.

Юқорида санаб ўтилган ва бошқа соҳаларнинг тараққиёти йўлида дронлар хизматидан фойдаланиш даражаси бундан буёғига ошаверади. Юридик тўсиқлар олиб ташланиб, технологиялар ривожлангани сайин, уларнинг хизмати ҳам самаралироқ, ишончлироқ ва хавфсизроқ бўлиб боради.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.