Dropbox Paper барчага очиқ: 2 ГБ “булутли” хотира сизга мунтазир

Dropbox Paper барчага очиқ: 2 ГБ “булутли” хотира сизга мунтазир

“Google Docs”нинг рақиби сифатида ишга туширилган Dropbox Paper хизмати ўз фаолиятини кенгайтиришда давом этмоқда.

Маълумотларни булутли тизимда сақлаш хизматларини кўрсатувчи компания 3 август куни Paper’ни такомиллашган талқинини ишга туширди. Айни пайтда ундан хоҳлаган киши фойдаланиши мумкин.

Илк маротаба Paper 2015 йилнинг октябрь ойида ишга туширилган эди. Унда шунга ўхшаш Google Docs ёки Evernote Business хизматлари каби, ҳужжатлар сақлаш ва алмашиш мумкин эди. Аммо синов тариқасида бўлгани боис ундан шу кунга қадар чекланган миқдордаги фойдаланувчилар, гуруҳлар фойдаланиб келишаётган эди. Энди эса бу хизмат барча учун очиқ.

Шу билан бирга, Dropbox компанияси хизматдан iOS ва Android қурилмаларидан фойдаланиш имконини берадиган махсус иловаларни ҳам тақдим қилган. Бу эса фойдаланувчи учун янада қулай.

Paper хизматида фойдаланувчилар томонидан қисқа фурсат ичида 1 миллиондан зиёд ҳужжат жойланиб, минглаб фойдаланувчилар хизмат сифатини янада яхшилаш бўйича таклифларини билдирганлар.

“Мана шу фикр-мулоҳаза ва таклифлар асосида интерфейс ва сурат галереяларига ўзгартириш киритдик, мобиль ва веб-огоҳлантиришларни жорий қилдик, бирор ҳужжатнинг тезкор ва осон топилиши учун мукаммал қидирув тизимини шакллантирдик. Бизнинг янги мобиль иловаларимиз эса сизга тизимни янгилаш, ҳужжатларни таҳрирлаш, ҳар қандай шароитда хизмат ҳақида фикр қолдиришга хизмат қилади”, деб ёзади Dropbox ўз блогида.

Шунингдек, ушбу хизмат ҳамкасблар муайян ҳужжат устида бир вақтнинг ўзида икки қурилма орқали ишлаш, уни таҳрирлаш, файлга видео ёки сурат қўшиш имконини берди. Уни Google Calendar хизматига улаб қўйсангиз, Paper зарур маҳалда сизнинг номингиздан учрашув учун зарур ҳужжатларни эслатиб, ҳамкорларга улашади.

Шу билан бирга, хизматдан бирор лойиҳанинг бориш жараёнини кўрсатувчи ҳужжатлар назоратини ҳам олиб бориш мумкин. Бунинг учун ишлар рўйхатини тузиб, бошқаларнинг номи олдидан @ белгисини қўйиб, вазифа юклаш ҳам мумкин.

Электрон маълумотларнинг онлайн омборхонаси, яъни Dropbox файлларни сақлаш хизмати фойдаланувчига ўзининг “булутли” омборхонасида сиғими 2 Гб.гача маълумотни юклаш ва сақлаш учун жой беради. Бу ерга маълумотларни юклаб олиб, уни ҳамкорлар билан ўртоқлашиш мумкин бўлади.

Шунингдек, мижозлар PDF шаклидаги файлларни iOS платформасидаги қурилмадан фойдаланган ҳолда, Dropbox саҳифаларида таҳрир қилишлари мумкин.

Мазкур хизматдан фойдаланиш бепул ва ундан фойдаланиш учун бу ердан рўйхатдан ўтинг. Сўнгра App Store ёки Google Play онлайн иловалар дўконидан Paper app иловасини юклаб олинг.

Американинг  Dropbox Inc компаниясига 2007 йилда асос солинган бўлиб, компания файлларни “булутли” сақлаш хизматларини кўрсатади. 2016 йилнинг март ойида тақдим қилинган маълумотларга кўра, мазкур хизмат айни кунда 500 миллион нафар фаол фойдаланувчиларига эга.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.