Дунё 2050 йилда: Таниқли футурологнинг 17 қараши

Дунё 2050 йилда: Таниқли футурологнинг 17 қараши

Tech Insider нашри таниқли футуролог Ян Пирсоннинг яқин келажакда содир бўладиган технологик ўзгариш ва инновациялар ҳақидаги қарашларини эълон қилди. Ушбу футурологнинг шу вақтга қадар аввалдан айтган қарашларининг 85 фоизи реал ҳаётда татбиқ этилган, ўз исботини топган. Қуйида эътиборингизга Ян Пирсен айтган, 2050 йилга қадар содир бўлиши кутилаётгна футурологик фикр-мулоҳазаларни баён қиламиз.

1

Кейинги 2 йил орасида буюртмаларни бизга дронлар етказиб беришади.

Amazon компаниясининг гибрид имкониятли дронлари ҳақида кўп гапирилмоқда. Очиғини айтганда, бугун техник жиҳатдан буюртма етказиб бериш салоҳиятига эга дронлар аллақачон ишни дўндиришга шай туришибди. Бу ерда гап уларнинг фаолиятини қонунийлаштиришда. Ҳозирча дронлар фаолиятини тўлиқ ҳуқуқий асослаган мамлакат йўқ. Пирсоннинг фикрига кўра, 2018 йилдан бошлаб самода учувчисиз қурилмалар парвози одатий ҳолга айланади. Жумладан, тиббий муассасаларга дори-дармон етказиб беришда улардан кенг фойдаланилади.

Шу билан бирга, футурологнинг қайд этишича, ҳукумат дронларнинг жуда оммалашиб кетишига ҳам йўл қўймайди. Бу вақтда улар фақатгина муҳим ишларни амалга оширишда сафарбар этилади. Аммо, мутахассис пицца ташийдиган дронларни кўриш бу яқин орада насиб этмаслигини ҳам маълум қилган.

2

Гиперлуп орқали қатновлар кейинги 6 йилда ҳақиқатга айланади.

Гиперлуп – босим даражаси паст бўлган махсус қувурларда соатига 1200 километр тезлик билан ҳаракатланиши мумкин бўлган тезюрар пневматик поезд.

Шу кунларда гиперлуп юқори тезликдаги транспорт тизими ҳақидаги хабарлар тез-тез қулоғимизга чалинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг май ойида ушбу ғоя муаллифи бўлган канада-америкалик миллиардер  Илон Маск Hyperloop One стартапининг илк тажрибаларини синовдан ўтказди. Компания, шунингдек, Москва шаҳри маъмурияти билан ушбу турдаги поездларни қуриш юзасидан шартнома имзолаган.

Пирсон ҳисоб-китобига кўра, гиперлуп 5-6 йил ичида шаарлар ўртасидаги йўловчи қатновларини амалга оширади.

3

2025 йилда роботлар одам сингари фикрлай бошлайдилар.

Пирсон, шунингдек, бугун ақлли роботлар яратишга қаратилаётган саъй-ҳаракатларни ҳам назардан қочирмаган. Унинг тахминларига кўра, 2025 йилдан бошлаб фикрлаш даражаси одамникига тенг бўлган электрон машиналар пайдо бўлади. Ҳатто бу истиқбол ҳодисасининг бир оз аввал – 2020 йилда содир бўлиши ҳам айтилмоқда.

«Британиянинг сунъий интеллект яратиш устида иш олиб бораётган Google DeepMind компанияси, гарчи ўз мақсадига тўла эришмаган бўлса ҳам, улар тўғри йўлда экани ҳамда 2020 йилдан бошлаб бу лойиҳа ўз самарасини беришига ишончим комил. Улар устида иш олиб бораётган машина фикрлаш жиҳатидан инсондан ўзиб кетади ва ўзининг шахсий тафаккурига эга бўлади», — дейди эксперт. «Бу – эҳтимол, инсоният ҳукмронлигининг якуний нуқтаси ва келажакнинг интиҳоси бўлиши ҳам мумкин, сўзларим жиддий».

4

2030 йилда илк инсон Марс сайёрасига қадам босади.

Биламизки, америкалик миллиардер Илон Маск 2030 йилга қадар Марсда ўзининг илк шаҳарчасини бунёд этишга киришган. Жорий йилнинг июнь ойида бўлиб ўтган Vox’s Code Conference Медия ва технология анжуманида жаноб Маск 2024 йилдан Қизил сайёрага одам жўнатишни бошлашини эълон қилган.

«Айни шу йиллардан дастлабки инсонлар гуруҳи Марсга уча бошлайдилар. Роботлар эса улар учун янги шароитда керакли имконият ва мосламаларни яратадилар», — дейди Пирсон. «Ер сайёрасидан шунча лаш-лушларни олиб кетиш учун биз улкан роботларга эҳтиёж сезамиз».

5

Яқин 10 йил ичида протез аъзолар ҳаракатланувчи тизимга эга бўлиб, имконияти чекланган инсонларга ёрдам беради.

2025 йилдан кейин қўл-оёғидан маҳрум инсонлар ҳам юқори технологияли протезлар туфайли соғ-саломат инсонлар каби ҳаракатлана бошлайдилар. Бугунги кунда 25 ёшли, бироқ юқори тажрибага эга биолог Жеймс Янг ташқи ёритиш тизими ва буйруқларни амалга оширадиган сунъий қўллар яратиш устида изланиш олиб бормоқда. Франциялик имконияти чекланган рассом яратган татуировка чизиш мосламаси эса мазкур фикрнинг ёрқин далили.

Пирсоннинг тасдиқлашича, сунъий қўл-оёқлар токим тана ва технология ўртасидаги максималь уйғунлик ҳосил бўлганига қадар давом этади. Мисол учун, кун келиб хоҳловчилар кучли оёқларга эга бўлиш учун кибернетик имплантатлардан фойдаланишлари мумкин бўлар экан.

6

10 йил ичида кийим-кечак бизга юқори имконитяларни беради.

Пирсоннинг қайд этишича, келажакда содир бўладиган энг ажабтовур ҳодисалардан бири — экзоскелет, яъни инсон имкониятларини оширадиган электрон каркас бўлади. Бир муддат аввал худди шундай костюм Hyundai компанияси томонидан тақдим этилган эди. Уни кийган инсон оғир юкларни ҳам бемалол кўтариб юра олади. Айниқса, кексайиб қолганлар учун бу ақлли каркаслар айни муддао.

Шу билан бирга, футуролог келажакда юриш ва югуришга ёрдам берадиган янада илғор ва техно-кийимларнинг оммавий ишлаб чиқарилишини айтмоқда. Мисол учун, полимер хомашёсидан тайёрланган Ўргимчак-одамнинг костюми. У инсоннинг жисмоний кучини оширади.

10 йил орасида виртуаль воқелик китоб-дарсликлар ўрнини эгаллайди.

«Яқин келажакда китобларга ва зерикарли маърузаларга ҳожат қолмайди. Энди лекторлар ўқувчиларини виртуаль воқелик технологияси ёрдамида тирик тарих қаърига, урушлар бораётган жанггоҳларга ёки боша ҳодисалар жараёнига олиб кирадилар», — дейди Пирсон. «Шу билан бирга, келажак шундай имкониятларни ваъда қилмоқдаки, ўқувчилар билимларни виртуаль воқелик ёрдамида оладилар».

Google Expeditions лойиҳаси ва қатор илмий изланишлар бугун ўз самарасини бермоқда. Ҳозирданоқ томошабинлар Катта Риф қояси каби мафтункор табиат бағрига виртуаль саёҳатни амалга оширмоқдалар.

Қуйида Magic Leap стартапи ғояси акс этган видеони томоша қилинг:

2025 йилга келиб смартфондан фойдаланиш ниҳоясига етади.

Пирсоннинг келажак қарашларига кўра, 2025 йилда мобиль технология имкониятларининг кенгайиши натижасида смартфондан фойдаланиш ниҳоясига етиб, одамлар кейинги ўн йилликдан унинг ўрнига шу вазифани бажарувчи илғор, виртуаль экранга эга браслет ва тақинчоқлардан фойдалана бошлайдилар. Айни пайтда Magic Leap компанияси олиб бораётган изланиш ва лойиҳалар ана шу келажакнинг ибтидосидир.

9

Ўз-ўзини бошқарувчи транспортни 10 йил ичида кўришимиз мумкин бўлади.

Ҳайдовчисиз, “ақлли автомобиль” ғоясининг амалга ошиш-ошмаслиги кўпчиликни қизиқтирмоқда. Пирсон ҳам бунинг баҳсли мавзу эканини таъкидлайди.

Футуролог диққатини арзон ва ижарага олиш мумкин бўлган транспорт тизимига қаратади. Унга кўра келажакда одамлар ўзи ҳаракатлана оладиган, йўловчи ташишга мослашган “пўлат қути”ларни ижарага оладилар.

Капсуласимон ўз-ўзини бошқара оладиган транспорт тизими “ақлли” бўлган мураккаб ва қиммат автомобиллардан нисбатан тежамкорлиги билан ажралиб туради.

Шундай бўлса ҳам, бугун жуда кўплаб компаниялар мазкур йўналишдаги лойиҳаларга пул тикишмоқда. Ўз-ўзини бошқарадиган автомобиллар яратиш устидаги изланишлар яқин 10 йилликда ўзининг натижасини беради.

Яқин 20 йилда 3D-нашр этиш технологиясидан йирик иншоотларни қуришда ҳам фойдаланилади.

Тасаввур қилинг бутун бошли вилла 3 соатда қуриб битказилса! Аммо, яқин орада бу мўъжизага гувоҳ бўламиз.

2015 йилда Хитойнинг Zhuoda Group компанияси уйларни қуришда 3D-нашр этиш технологиясини татбиқ этаётганини маълум қилган эди. Бу қурилиш муассасаси бир кунда ўртача 10 та уй қураётганини маълум қилган. Бу уйлар камида 150 йил хизмат қилади ва юқори балли зилзилага бардошли.

Бугун бутун дунё меъморлари ва қурилиш компаниялари мазкур йўналишдаги тадқиқотларни давом эттиришяпти.

Ушбу видеони томоша қилсангиз, бу принтерлар ҳақида аниқроқ тасаввурга эга бўласиз:

Шунингдек, бу технология уйни тез қуриш баробарида унинг арзонлигини ҳам таъминлайди. Winsun янгиликлар сайтининг хабар беришича, юқорида қайд этилган Хитой компанияси ҳар куни қураётган 10 та уйнинг ҳар бири учун $5000 доллар маблағ сарфлаган. Жанубий Калифорния университетида бир гуруҳ профессорлар уйни унинг электрлашган ва сув таъминоти тизимлари билан бирга қуриб бера оладиган улкан 3D-принтерни яратиш бўйича иш олиб бормоқдалар.

Пирсон шаҳарларда аҳоли сонининг ўсиб бориши ва бу технология ваъда қилаётган уйларни арзон қуриш келажакда кўпчиликни уйсизлик муаммосидан халос қилади.

2030 йилдан бошлаб уй ишларини роботларга ишониб топширсак бўлар экан.

Бизга итни эслатаётган бу электрон ёрдамчи келажакда уй бекаларини анча ишдан озод қилса керак. Шунингдек, улар билан энди дўстлик ришталарини ҳам боғлаш мумкин. Сунъий ақл ва робототехниканинг тараққий этиши натижасида уй шароитида роботлардан фойдаланиш қулайлигини яратади. Айниқса, келажакда инсонларни ёлғизлик қаъридан ҳам айнан роботлар олиб чиқишади.

Одамлар роботларга кундалик юмушларини буюриш баробарида улар билан ўз дард-ҳасратларини ҳам ўртоқлашишлари мумкин бўлади. Аслида бу қараш Шароф Бошбеков томонидан “Темир хотин”да ўтган асрдаёқ айтилган эди.

Toyota компанияси одамларга уй юмушларига ёрдам берадиган роботларни яратиш бўйича ўз режаларини эълон қилган эди. Илк гуманоид роботнинг тақдим этилганига эса 10 йилдан ошди.

12

2045 йилга қадар виртуаль платформада яшаш мумкин бўлади.

Пирсон, шунингдек, бугуннинг баҳсли мавзуси бўлган виртуаль ҳаёт билан боғлиқ қарашларга ҳам тўхталиб ўтган. Унга кўра нанотехнология келажакда инсон миясини компьютер платформасига улаш ва виртуаль Матрицада яшаш имкониятини беради. Бундай платформада инсонлар жисман эмас, онг билан ҳаракат қиладилар. Гўё “Матрица” фильмида бўлгани каби.

«Бугун илм-фан келажакда Матрица платформасини ҳам яратиш мумкинлигини исботламоқда. Тахминан 2045, 2050 йилларда инсон онгини компьютерга улаш, уларга виртуаль ҳаёт тақдим этиш мумкин бўлади».

Футуролог фикрича, Илон Маскнинг нейронли тармоқ ҳақидаги фикрларига ўхшаб кетади. Нейронли тармоқ — нейрон, яъни асаб толаларидан иборат симсиз интерфейс бўлиб, у бизнинг миямизни рақамли ақлли платформага улаб қўяди. Бу айни кунда нанотехнология бош қотираётган илмий тушунча.

13

2045 йилдан бошлаб одамлар киборг-жонзодларга айлана бошлайди.

Модомики 2045 йилда инсон миясини компьютерга улаш мумкин бўлар экан, унда инсоният янада юқори илмий чўққиларни забт этишга қодир бўлади. Мисол учун, одамларнинг автоматлашган машинага айланишлари.

Пирсон бу технологияни ҳам айнан Илон Маскнинг нейронли тармоқ ғояси билан боғламоқда. Бироқ, футурологнинг тахмин қилишича, ушбу технология татбиқ этилгани билан кўпчилик ҳукуматлар буни қўллаб-қувватламайди ва муайян одамларгагина ундан фойдаланишга рухсат берилади.

14

Одамлар 2040 йилдан бошлаб сунъий интеллект ёрдамида уйларни бошқара оладилар.

Очиғини айтадиган бўлсак, бугунга келиб кўпчилигимиз учун уйни масофадан бошқариш технологияси у қадар ҳам ҳайратланарли эшитилмай қолди. Смарт-уйларни қуришга бел боғлаган муассасалар кўпайиб кетди. Мисол учун, Amazon Echo компанияси ишлаб чиқараётган қурилмалар орқали чироқларни бошқариш ва уй ҳолати тўғрисида маълумот олиш мумкин. 2040 йилга қадар биз уйни ёритиш ва иситиш тизимларига масофадан туриб буйруқ бера бошлаймиз.

«Сунъий интеллект уй-жой бўйича муҳим кўмакчига айланади», — дейди эксперт.

1525 йилдан сўнг улкан иморатларда кичик шаҳарча аҳолиси сонига тенг одамлар яшай бошлайдилар.

Пирсон мини-шаҳарчани эслатадиган иморатлар ҳақидаги қарашларини қурилиш соҳасида иш олиб борадиган Hewden компанияси билан биргаликда баён қилган.

Агар футурологга ишонадиган бўлсак, истиқболда улкан, кўп қаватли биноларнинг ҳар бир қавати алоҳида маҳалла кўринишида бўлади ва уларнинг ҳар бир қаватида алоҳида машқ заллари, бошқарув идоралари бўлади.

16

2050 йилда барча қайта тикланадиган энергиядан фойдалана бошлайди.

Пирсона 2050 йилдан бошлаб инсоният машиналарни ҳаракатга келтириш ва турмуш шароитида фойдаланиш учун қазилма қувват манбааларидан фойдаланмайди. Ўша даврда, эҳтимол фақат самолётларгина учишда нефть маҳсулотларидан фойдаланиши мумкин.

Сувости кабелли инфратузилмасининг такомиллаштирилиши давлатларга Саҳройи Кабир каби қуёшли чўл ҳудудларидан қуёш қувватини олиб, ишлатиш имконини беради. Қуёш энергиясининг самарали етказиб бериш технологиясининг илғорлашиши қайта тикланмайдиган ресурсларни йўқ бўлиб кетишининг олдини олади.

«Мен 2030 йилга қадар Саҳройи Кабирда энергия ишлаб чиқарадиган йирик электр станциясининг ишга тушишига ишонч билдираман», — дейди Пирсон.

Шунингдек, унинг айтишича, 2045 йилга қадар ядро энергияси орқали ҳам уйни энергия билан таъминлаш мумкин бўлади. Хусусан, Хитойда бир муддат аввал бу йўналишда янги натижа қайд этилган. Унга кўра, Хитой ядро заводида ҳарорати қуёш иссиқлигига тенг бўлган иссиқлик олиниб, у бир дақиқа вақтдан кўпроқ ушлаб турилган.

«2050 йилга келиб бугунги фойдали қазилма энергия манбааларига эҳтиёж қолмайди», — дейди  футуролог.

17

Самовий сайёҳлик 2050 йилда ҳақиқатга айланади. Фақат …

Пирсон самовий туризмни ривожлантириш лойиҳаси устида бош қотираётган Жеф Безоснинг Blue Origin компанияси фаолиятини ҳам эътироф этди. Шунингдек, бу ғоя устида Илон Маскка тегишли SpaceX компанияси ҳам шуғулланмоқда.

«Кимки, самода нима борлигини кўриш истагида бўлса, 100 миллион АҚШ доллари эвазига бу орзусига эришиши мумкин бўлади. Натижада эса у 1 ҳафта мобайнида орбитада истиқомат қилади. 2050 йилда бунга фақат бой-бадавлат кишиларнинг қурби етади», — дейди футуролог  Ян Пирсен. «Бу нарх-наво ҳали-бери пасаймаса керак».

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!