Дунё бўйича энг қудратли Android-флагманлар (AnTuTu рейтинги, 2021 йил март)

  •   DiMaX
  •  875
  •  09.04.2021 08:51

Дунё бўйича энг қудратли Android-флагманлар (AnTuTu рейтинги, 2021 йил март)

Яқиндагина AnTuTu бенчмаркига кўра март ойидаги энг бақувват Android-флагманлар рейтингини тақдим этган эдик. Мазкур сервис жамоаси ўрта нархли смартфонларнинг ТОП-ўнталигини ҳам эълон қилган. Лекин буларнинг иккаласи ҳам Хитойдаги фойдаланувчилар томонидан ушбу бенчмаркда ўтказилган тестлар натижаларига асосланган эди.

ЎҚИНГ: Қайси смартфонлардан ўз эгалари ростакамига рози? (AnTuTu рейтинги, 2021 йил март)

AnTuTu жамоаси энди бутун дунё бўйича фойдаланувчиларнинг шу бенчмаркда март ойидаги текширувларига асосланиб янги рейтингни эълон қилди. Бунда камида 1000 марта тест қилиб кўрилган смартфонларнинг самарадорлик натижаларидан олинган ўртача (энг юқори эмас) баллари инобатга олинган.

ASUS компанияси март ойида ROG Phone бренди остида учта русумда – ROG Phone 5, ROG Phone 5 Pro ҳамда ROG Phone 5 Ultimate ўйин смартфонларини намойиш қилган эди. Булардан биринчиси – стандарт флагманнинг 16/256 гигабайтлик варианти AnTuTu глобал рейтингида 731 376 балл билан тахтга чиқиб олди! Қизиғи шундаки, айни шу геймерофоннинг ўзи хитойча рейтингда атиги тўртинчи ўринни эгаллаган эди, ундан зўр чиққан учта флагман ҳақида мана бу хабаримиздан маълумот оласиз.

AnTuTu сервисининг февраль ойидаги хитойча рейтингида ҳам, глобал рейтингида ҳам Vivo компаниясининг iQOO бренди тайёрлаган iQOO 7 геймерофони ғолиб бўлган эди. Мартдаги энг зўр смартфонлар рўйхатида эса у 724 333 балл олиб, иккинчи ўрин билан чекланишга мажбур бўлди. Кучли учликни Xiaomi корпорациясининг Mi 11 флагмани 710 572 балл билан якунлаб берди.

ЎҚИНГ: Android оламида янги рекордчи: бенчмаркда салкам миллион балл!

Рейтингга эътибор берсак, кучли ўнликнинг дастлабки ярмини фақатгина Snapdragon 888 чипли флагманлар эгаллаган. Samsung компаниясининг Exynos 2100 процессорли смартфонларидан иккитаси бу рўйхатга кирган бўлса, қолган учта модел турлича – Kirin 9000, Snapdragon 865+ ҳамда Snapdragon 865 чипсетларига асосланган.

Шундай қилиб, март ойидаги тестлар натижаларига кўра чиқарилган глобал рейтинг қуйидагича:

  1. Asus ROG Phone 5 (Snapdragon 888 чипли) – 731 376 балл;
  2. Vivo iQOO 7 (Snapdragon 888 чипли) – 724 333 балл;
  3. Xiaomi Mi 11 (Snapdragon 888 чипли) – 710 572 балл;
  4. Samsung Galaxy S21 Ultra 5G (Snapdragon 888 чипли) – 673 108 балл;
  5. Oppo Find X3 Pro (Snapdragon 888 чипли) – 672 605 балл;
  6. Samsung Galaxy S21 Ultra 5G (Exynos 2100 чипли) – 635 457 балл;
  7. Huawei Mate 40 Pro (Kirin 9000 чипли) – 632 829 балл;
  8. Asus ROG Phone 3 (Snapdragon 865+ чипли) – 631 550 балл;
  9. Samsung Galaxy S21+ 5G (Exynos 2100 чипли) – 625 763 балл;
  10. Oppo Find X2 Pro (Snapdragon 865 чипли) – 609 649 балл.

Ишлаб чиқарувчилар кесимида олиб қараганда, март ойида дунё бўйича энг қудратли Android-флагманлар рейтингида энг кўп – нақ учта ўрин Samsung компаниясига тегишли. Кучли ўнталикда Asus ва Oppo компаниялари иккитадан ўрин олган бўлсалар, Huawei, Vivo ҳамда Xiaomi вакилларига биттадан жой насиб этган.

ЎҚИНГ: Энг кўп қайси смартфонларнинг қалбакилари чиқяпти? (AnTuTu рейтинги, 2021 йил февраль)