Дунё смартфон бозорида энди Samsung етакчи эмас!

  •   DiMaX
  •  1087
  •  07.08.2021 12:04

Дунё смартфон бозорида энди Samsung етакчи эмас!

Куни кечагина биз Xiaomi тарихда илк бор Европа смартфон бозорида Samsung ва Apple’дан ўзиб, етакчи бўлгани ҳақида ёзган эдик. Counterpoint Research ҳисоботига кўра, «Хитойча Apple» бу билан чекланиб қолмаган экан...

ЎҚИНГ: Xiaomi смартфонлари нархлари билан танишамиз (2021 йил, июнь)

Жорий йилнинг июнь ойи якунларига кўра, Xiaomi бутун дунё бўйлаб смартфон сотиш бўйича биринчи ўринга чиқиб олган. Компания биринчи марта етакчи смартфонсоз номини Samsung’дан тортиб олган.

Июнь ойида Хитой компаниясининг жаҳон смартфон бозоридаги улуши 17,1 фоизни ташкил этган. Counterpoint Research ёзишича, Xiaomi май ойидаги ўз кўрсаткичидан 26 фоизлик ўсиш кўрсатган.

Samsung эса дунё бозоридаги 15,7 фоизлик ҳиссаси билан иккинчи ўринга тушган. Учинчи рақамли смартфонсоз эса Apple бўлиб, июнь ойида глобал бозорда сотилган смартфонлардан 14,3 фоизининг орқасида «тишланган олма» тасвири бор.

ЎҚИНГ: iPhone 13 Pro илк «жонли» суратларда: Ligthning порти йўқ!

Манбага кўра, жаҳон смартфон бозорида лидернинг алмашинуви Вьетнамдаги молиявий вазият билан боғлиқ. Зеро, Samsung ўз смартфонларининг асосий қисмини шу мамлакатда ишлаб чиқаради. Counterpoint таъкидлашича, Вьетнамда ҳолат барқарорлашгач, Samsung яна ўз тахтига чиқиб олади.

Айтиш керакки, АҚШ санкциялари туфайли Huawei смартфонсозлик борасида пастлай бошлагач, Xiaomi компанияси унинг ўрнини эгаллаш учун бор кучини сарфламоқда. У ўз юртидан ташқари Европа, Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларида смартфон савдосини кучайтирган. Июнда эса етказиб берувчиларнинг фаолиятидаги муаммолар туфайли Samsung’нинг бироз пастлаши ҳам «Хитойча Apple»га қўл келган.

ЎҚИНГ: Samsung Galaxy смартфонлари нархлари билан танишамиз (2021 йил, август)