Дунё смартфон бозорининг 70 фоизи шу бештагина компанияга тегишли!

  •   DiMaX
  •  826
  •  08.06.2021 15:43

Дунё смартфон бозорининг 70 фоизи шу бештагина компанияга тегишли!

Яқинда биз Counterpoint тадқиқот фирмасига кўра жорий йилнинг 1-кварталида дунё смартфон бозори рейтингини тақдим этган эдик. Унда ҳар иккала – энг кўп сотилган ва энг кўп даромад келтирган смартфонлар рўйхатларида ҳам илк тўртта ўрин битта компанияники бўлиб чиққан.

ЎҚИНГ: Оммабоп смартфонлар топ ўнталиги (22-ҳафта)

Энди эса Gartner таҳлил компанияси жорий йилнинг илк чораги ҳолатига кўра жаҳон смартфон бозори ҳақида ҳисоботни эълон қилди. Унга кўра, 2020 йилнинг биринчи кварталига нисбатан бу йил мазкур бозор деярли 26 фоизга ўсган. Ҳисобот даврида бутун дунёда 378 миллионта ақлли телефон сотилган; бир йил аввал эса мазкур кўрсаткич 300 миллионни ташкил этган эди.

Энг кўп смартфон сотган компания аввалгидек Samsung бўлиб турибди – у савдо ҳажмини 55,333 миллион донадан 76,661 миллион донага етказган. Бу билан унинг бозордаги улуши ҳам 18,4 фоиздан 20,3 фоизга етган.

Иккинчи ўринни Apple забт этган – бултур 1-кварталда у 40,920 миллионта айфон сотган бўлса, 2021 йилнинг илк чорагида 58,551 миллионта сотишга эришган. Натижада компаниянинг бозордаги ҳиссаси 15,5 фоизга етган (бир йил аввал 13,6% бўлган эди).

 

Кучли учликни Xiaomi компанияси якунлаган – унинг чораклик сотувлари бир йилда 29,678 миллион донадан 48,939 миллионтага етган. Унинг смартфон бозордаги улуши ўтган йилнинг илк кварталида 9,9% эди, бу йил эса 12,9 фоизни ташкил этган.

Етакчилар сафига Vivo ҳамда Oppo ҳам кирган – уларнинг ҳар бирига смартфон бозорининг 10,2 фоизи қарашли. Бир йил олдин эса уларнинг улушлари тегишлича 7,4% ва 8,0% бўлган.

Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, шу бештасидан бошқа барча смартфонсозларнинг бозордаги ҳиссаси 30,9 фоизни ташкил этмоқда. 2020 йилнинг биринчи кварталида уларнинг улуши 42,6% бўлган.

ЎҚИНГ: Турли нарх тоифаларидаги энг зўр смартфонлар – бешта рейтингда! (AnTuTu, 2021 йил май)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!