Дунёдаги энг чиройли смартфон

Дунёдаги энг чиройли смартфон

Ўтган йилнинг сентабрида ўзининг CC смартфонлари қаторини ре-брендинг қилиб, Xiaomi илк Civi смартфонлари сериясини асосан ёш аудитория учун тақдим қилган эди. Смартфон нафис дизайни ва ўта ингичкалиги, шу билан бирга, енгил эканлиги билан бошқалардан ажралиб туради. Бугун, 21 апрел куни Xiaomi ушбу Civi смартфонининг давомчиси, гарчи янги авлоди бўлмасада, аввалгисининг янгиланган версияси - Xiaomi Civi 1S ни тақдим қилди.

Янги смартфон асосан Snapdragon 778G+ чипсетида Android 12 га асосланган MIUI 13 операцион тизимида ишлаши билан олдинги Xiaomi Civi дан фарқ қилади холос. Унинг қолган барча хусусиятлари аввалгисиники билан деярли бир хил, ҳатто нархи ҳам.

Xiaomi Civi 1S ён қирралари бироз эгилган ва у бўйига 158.34 мм, энига эса 71.5 мм ўлчамда бўлиб, унинг қалинлиги 6.98 миллиметрни, оғирлиги эса атиги 166 граммни ташкил қилади.

Орқа панели шиша, атрофи эса метал билан рамкаланган телефоннинг 6.55 дюймли OLED экрани 120Hz янгиланиш тезлигига, FHD+ резолюцияга эга ва у Corning Gorilla Glass 5 билан ҳимояланган. Экран остида бармоқ изини аниқлаш технологияси ва экран юқори марказидаги тешикда эса 32 MP селфи камера жойлашган.

Орқасидаги учлик камера 64MP (f/1.8) асосий, 8MP (f/2.2) ултра кенг ва 2MP макро модулларга эга бўлиб, уларнинг остида горизонтал узун чизиқ кўринишидаги LED чироғини кўриш мумкин.

Юқорида айтилганидек, олдинги Xiaomi Civi Snapdragon 778G чипи билан чиқарилган бўлса, бу сафарги Civi 1S Snapdragon 778G+ чипсети билан таъминланган ва у олдингисида 27% равонроқ ишлайди. Шунингдек, смартфон MIUI Smart Cleaner билан 36 ойлик қаришга қарши сертификатга эга яъни у шунча муддат қотишларсиз ишлаши кафолатланади. Қурилма 8GB/12GB LPDDR4Х оператив ва 128GB/256GB UFS 2.2 доимий хотирага эга. 

Унинг 1.18 кунга етиши айтилаётган 4,500 mAh сиғимли батареяси 55W тезликда USB-C порти орқали зарядланади. Civi 1S иккита нано SIM карталарни ва икковида ҳам 5G тармоғини қўллаб-қувватлайди.

Шунингдек, WiFi 6, Bluetooth 5.2, NFC ва электрон қурилмаларни масофадан бошқариш имконини берувчи (IR) инфрақизил пулт хусусиятларига эга. Иккилик Dolby Atmos динамиклари ўрнатилган смартфоннинг ўта ингичкалиги уни microSD карта ва 3.5 мм аудио уясидан маҳрум қилган. 


Xiaomi Civi 1S смартфони Miracle Sunshine, Pounding Powder, Light Blue ва Shiny Black рангларида Android 12 операцион тизимига асосланган MIUI 13 қобиғи ўрнатилган ҳолда келади.

Нархига келадиган бўлсак, 8/128 GB версия учун 2 299 юан ($355), 8/256 GB версия учун 2 599 юан ($405) ва 12/256 GB версия учун 2 899 юан ($450). Смартфон сотуви бугундан фақат Хитойда бозоларида бошланган.

ЎҚИНГ: Xiaomi MIUI 13.5 устида ишламоқда!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!