Дунёдаги энг қимматбаҳо брендлар (Interbrand рейтинги, 2020 йил)

  •   DiMaX
  •  2063
  •  22.10.2020 08:51

Дунёдаги энг қимматбаҳо брендлар (Interbrand рейтинги, 2020 йил)

Interbrand жаҳондаги энг қимматбаҳо брендларнинг 2020 йил учун янги рейтинги эълон қилинди. Унда 8 йилдан бери Apple етакчилик қилмоқда. 2019 йилда 2-ўринни эгаллаган Google эса 8 йил ичида биринчи марта етакчи учликни тарк этиб, 4-ўринга тушиб кетди, деб ёзади Kun.uz нашри.

ЎҚИНГ: Хитойнинг энг қиммат электроника брендлари эълон қилинди

Apple бренди ўтган бир йил ичида 38 фоизга қимматлаб, нархи 323 млрд долларга етган.

Amazon бренди 2019 йилги рейтингга нисбатан бир поғона юқорилаб, 2-ўринни эгаллади. Ушбу бренд бир йил ичида 60 фоизга қимматлаб, нархи 200,7 млрд долларга етган. Таъкидлаб ўтиш жоиз, ушбу бренд жорий йилдаги рейтингда энг қимматлаган бренд бўлди.

3-ўринга 4-ўриндан Microsoft кўтарилиб олди. Ушбу бренд бир йил ичида 53 фоизга қимматлаб, қиймати 166 млрд долларга етган.

4-ўринни эса Google бренди 165,4 млрд долларлик нарх билан эгаллаган.

Етакчи ўнликдан Samsung (2 фоизлик ўсиш, 62,3 млрд доллар), Coca-Cola (10 фоизлик пасайиш, 56,9 млрд доллар), Toyota (-8 фоиз, 51,6 млрд доллар), Mercedes-Benz (-3 фоиз, 49,3 млрд доллар), McDonald's (-6 фоиз, 42,8 млрд доллар) ва Disney (-8 фоиз, 40,8 млрд доллар) брендлари жой олган.

Жорий рейтингга Instagram (19-ўрин, 26,1 млрд доллар), YouTube (30-ўрин, 17,3 млрд доллар) ва Zoom (100-ўрин, 4,48 млрд доллар) биринчи марта киритилди. Шунингдек, рейтингга охирги 2 йил унда бўлмаган Tesla қайтди (40-ўрин, 12,8 млрд доллар).

ЎҚИНГ: Смартфон бозоридаги энг муваффақиятли компаниялар рейтинги чиқди

Айтиш керакки, мазкур рейтингга дунёнинг энг қимматбаҳо 100 та бренди киритилади. Жорий рейтингда уларнинг умумий қиймати 2 трлн 336 млрд 491 млн долларга баҳоланган. Бу эса 2019 йилги кўрсаткичдан 9 фоиз кўпроқни ташкил қилади.

Interbrand ўз рейтингини тузишда компаниянинг молиявий кўрсаткичлари, бренднинг истеъмолчиларнинг харид борасидаги қарорига таъсири ва компанияларнинг даромадлилиги ҳисобга олинади. Ушбу рейтинг 21 йилдан бери эълон қилиб келинади.

Илк рейтингдан жой олган 30га яқин компания, жумладан, Disney, Nike ва Gucci ҳозирда ҳам унда бор. Шу йиллар давомида рейтингни 100дан кўпроқ бренд, жумладан Nokia ва MTV тарк этган. Рейтингнинг етакчи ўнталигидан фақат Coca-Cola ва Microsoft ҳамон жой олиб келмоқда.

2001 йилда биринчи Interbrand рейтинги эълон қилинганда ундан жой олган брендларнинг умумий қиймати 998 млрд долларни ташкил қилган. Бундан келиб чиқадики, 21 йил давомида ушбу кўрсаткич 2,4 мартага ошган.

ЎҚИНГ: Дунёда ҳозир қайси брендлар ноутбуклари энг оммабоп?

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!