Дунёдаги энг сиғимдор – 13 терабайтли SSD хотира қурилмаси яратилди

Дунёдаги энг сиғимдор – 13 терабайтли SSD хотира қурилмаси яратилди

Сўнгги инновациялар бир вақтлар технология оламида кўп муҳокама қилинган SSD дискларнинг сиғими билан боғлиқ муаммоларга барҳам берди. Дастурий ва операцион тизимлари, ахборот технологиялари хизматлари билан танилган Япониянинг Fixstars компанияси 14 январь куни SSD-13000M номли 13 ҳамда 10ТБ сиғимга эга, кўп процессорли high-end туридаги серверларга мўлжалланган қаттиқ дискларни намойиш қилди.

SD-13000M ва SSD-10000М хотира қурилмаси  металл корпусга эга, 100х70х15 мм ҳажмда бўлиб, оғирли 160 грамм. Дискнинг ҳар иккала моделида MLC NAND туридаги 15 нанометрли флэш-хотирадан фойдаланилган.

Диск секундига 580 МБ ҳажмдаги маълумотларни узатади ва ўқийди, маълумотларни ёзиш тезлиги эса 520 МБ/с. Уни ПК компьютерларига ўрнатиш учун SATA 6 ГБ интерфейси талаб этилади.

Fixstars компанияси SD-13000M SSD туридаги энг катта сиғимга эга дисклигини айтмоқда. Fixstars раҳбари Сатоши Микининг маълум қилишича, SSD-13000M диски маълумотларни узоқ вақт давомида ўқиш ва ёзишда юқори барқарорликни таъминлайди.

HDD ва SSD дисклари

SSD’нинг ҳароратни назорат қилиш тизими дискнинг қизиши билан боғлиқ носозликларнинг олдини олади. Шунингдек, бу турдаги дисклар бошқаларига қараганда 3 маротаба узоқроқ фаолият кўрсатади. Тасаввур ҳосил қилишингиз учун айтиш жоизки, 13 терабайт маълумотни DVD дискларга ёзиш учун тахминан 2,8 мингта қаттиқ диск керак бўлади.

Аммо диск билан боғлиқ энг катта муаммо, бу – унинг нархи. Шунинг учун уни камдан-кам оддий фойдаланувчи сотиб олади. Бу каби дисклар асосан катта ҳажмли видео ва тасвир шаклидаги маълумотлар билан ишлайдиганлар учун айни муддао.

Fixstars вакилининг маълумот беришича, SSD-13000M дискининг нархи етказиб бериш харажатлари билан бирга 13,000 АҚШ долларини ташкил қилади. Ҳозир компания маҳсулотларга буюртма қабул қилишни бошлаган. Компаниянинг бу маҳсулотларига берадиган кафолат муддати 3 йил.

Бугун жаҳон миқёсида асосан 512ГБ ва 1ТБ сиғимли, 175-360 АҚШ доллари турадиган SSD хотира қурилмалари оммалашган. SSD туридаги Transcend SSD370С, Crucial MX200, Samsung SSD 850 Evo, SanDisk Extreme Pro каби моделлар оммабоп ҳисобланади.

Компьютернинг микрочипларга асосланган маълумотлар сақланадиган номеханик хотира қурилмаси, қаттиқ дискнинг яна бир туридир. Унда механик ҳаракатланувчи қисмлар ўрнига микросхемалар бўлгани боис ўзидан шовқин чиқармайди.

SSD хотира қурилмаси компьютер қурилмалари фаолиятининг барқарорлиги, тезкорлигини ва шовқин чиқармасилигини, кам электр истеъмолини таъминлайди. У файлларни тезкор ўқиш ва ёзиш хусусиятига эга. Бошқа қаттиқ дискларга қараганда ихчам ва енгил.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!