Дунёдаги энг такомиллашган (ва қўрқинчли) роботлар

Дунёдаги энг такомиллашган (ва қўрқинчли) роботлар

Роботлар. Баъзилар уларни ёқтиради, кимдир улар бизни ишсиз қолдиради деб хавотирга тушади, бошқалар бўлса, кун келиб бу технология бутун дунёни забт этади деб тахмин қилади. Роботларни ишлаб чиқариш жараёнлари борган сайин мураккаблашиб бораётгани боис ҳамда роботларнинг ўзи ҳам сунъий онг билан жиҳозланиб бораётгани сабабли бу қурилмалар кўп нарсага қодир ва айни дамда қўрқинчли бўлиб бормоқда.

Илк тижорий роботлар саноат учун яратилган ва улар бир жойда туриб, ишлаб чиқариш линияларида инсонлар бажариши қийин бўлган вазифаларни амалга оширган. Аммо бугунги кунда роботлар худди биз каби икки оёқда юра олади ва ҳатто осмонда уча олади. Уларнинг баъзилари оғир, хавфли ёки зерикарли вазифаларни бажаришга ихтисослашган бўлса, бошқалари шунчаки инсониятга қувонч ва хурсандчилик улашиш учун, кўнгил очиш учун ишланган.

Ҳаётимизда дастурий таъминот кўринишидаги роботлар, яъни ботларнинг ҳам аҳамияти ошиб бораётир. Ботлар ҳам жисмоний кўринишдаги роботлар каби хусусиятларга, энг эътиборлиси, вазифаларни автоном равишда бажариш функциясига эга. Аммо ботлар фақатгина рақамли оламда мавжуд бўлгани боис ушбу мақолада уларга тўхталиб ўтмаймиз.

Келинг, энди қуйида ўта такомиллашган, кўп функцияларни бажара олувчи ва айнан шунинг учун ҳам қўрқинчли бўлган роботлар ҳақида маълумот берамиз. Бугун, хайриятки, электр таъминотидан маҳрум қилиш билан роботларни ишдан тўхтатиш мумкин, аммо эртага бунинг имкони бўлмай қолиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Aibo

Sony'нинг Aibo лақабли кучук кўринишидаги роботи ҳам ёқимтой уй жонзоти, ҳам ўйинчоқ бўлиши мумкин. 2018 йилда тақдим қилинганидан буён Aibo ҳақиқий кучукдек ҳаракатланиши учун сунъий онг билан такомиллаштириб келинмоқда. Робот айни дамда ўз эгаси юзи ва овозини таний олади ҳамда унинг шахсиятига қараб ўз хатти-ҳаракатларини ўзгартириши мумкин.

Aibo'нинг сунъий онг алгоритмлари булутда жойлашган, яъни бутун дунёдаги барча Aibo'лар бир-бири билан маълумот алмашиши ва ўзаро янги тажрибаларни баҳам кўриши мумкин. Аибо 100 дан ортиқ юзни таниб, шунга қараб ўз хатти-ҳаракатларини намоён қила олади. Агар пул сиз учун муаммо бўлмаса, 3 000 доллардан сал камроқ нархга эга бу робот сизнинг ҳамроҳингизга айланиши мумкин.

Asimo

Asimo дунёдаги энг такомиллашган гуманоид (инсон қиёфасидаги) роботлардан бири бўлиб, янги кўникмаларни мустақил ўргана олади, икки оёқлаб юради ва зина бўйлаб ҳаракатлана олади ҳам. Роботлар учун икки оёқда тик ҳаракатланиш ўта мураккаб жараён ҳисобланади. Улар тик ва барқарор тура олиши ҳамда ҳаракатланаётганда турли тўсиқларни ошиб ўта билиши зарур.

Asimo 2000 йилда тақдим қилинган ва у икки оёқда ҳаракатлана оладиган илк роботлардан. Тақдимотидан буён бу робот ўта даражада мукаммаллаштирилди. Asimo'нинг бирор-бир тижорий функцияси мавжуд эмас. У фақат инсонлар билан мулоқотга киришиш, катта миқдордаги ташқи объектларни таний олиш ва зина бўйлаб ҳаракатланиш каби хусусиятларни ўзида мужассам этган.

Asimo'ни Toyota ишлаб чиқарган. Унга бир қатор ишларни бажаришни ўргатиш/дастурлаш мумкин. Масалан, тозалаш, қурилиш, энагалик қилиш ёки шунчаки ҳамроҳ бўлиш кабилар. Асимо маълум бир вазифани бажариш учунгина яратилмаган. Роботнинг яна бир ўзига хослиги шундаки, у аввалбошдан масофадан бошқаришга мўлжалланган.

THR-3

Toyota компаниясининг THR-3 роботи бундан бир неча йил олдин тақдим қилинган эди, аммо шундан сўнг бу роботдан нима мақсадда фойдаланилаётгани ҳақида маълумот берилмади. Аммо айтиш мумкинки, THR-3 гибрид автоном/масофадан бошқарилувчи робот ҳисобланади. Бу робот Aibo'чалик ёқимтой кўринишга эга бўлмаса–да, 70 000 доллар нархга эга эканлигидан билиш мумкинки, у жиддий вазифани бажаришга мўлжалланган.

Spot

Кучук шаклида бўлса–да, Spot ўйинчоқ эмас. У ўта ҳаракатчан ва автоном роботдир. Boston Dynamics томонидан ишлаб чиқарилган Spot турли мақсадларда фойдаланишга мўлжалланган.

Ҳозирга қадар ундан қурилиш ҳудудини тасвирга олиш, НАСА учун ерости тадқиқот ишларни олиб бориш ва COVID-19 пандемияси шароитида Цингапур паркларида ижтимоий масофаланишнинг самарадорлик даражасини ўлчашда ишлатиб келинмоқда.

Aquanaut

Aquanaut ҳақиқий трансформердир. Ундан сув ости транспорти сифатида фойдаланиш, керак бўлганда эса гуманоид робот қилиб олиш мумкин. Робот энг ноқулай шароитларда ҳаракатланиш ва океаннинг тубигача тушиш имконига эга. Сунъий онг билан бошқарилувчи ушбу қурилма инсонлар учун хавфли бўлган ҳудудларда мустақил равишда таъмирлаш ишлари (масалан, нефть ускунаси ёки трубаларни тўғрилаш) ни амалга ошира олади.

CB2

CB2 рўйхатдаги роботларчалик янги бўлмаса–да, анчагина «шипён». У чақалоқ кўринишига эга ва ундан мақсад чақалоқлардаги неврологик ривожланиш жараёнини ўрганиш. 2007 йилда ишлаб чиқарилган қурилма тадқиқотчилар инсоннинг ақлий ривожланишини яхшироқ тушунишини таъминлаш учун юзни таниш технологиясидан фойдаланади ҳамда инсонлар туйғулари ва юз ифодаларини идрок эта олади. Резинадан ишланган териси остидаги датчиклар ёрдамида эса уни қучоқлашаётгани ёки силашаётганини сезади.

Софиа

Дунёдаги фуқаролиги бор илк робот — Софиадир. 2017 йилда у Саудия Арабистони фуқаролигига эга бўлган. Софиа, шубҳасиз, дунёдаги ЭНГ ҚЎРҚИНЧЛИ роботдир. Яратувчилар уни Одри Хепбернга ўхшатиб яратган. Софиа доимий равишда такомиллашиб боради ва инсонлар билан мулоқотга киришаётганда ҳақиқий юз ифодаларини акс эттира олади. Ҳаммани хавотирга солиб, Софиа бир марта инсониятни йўқ қилишни хоҳлашини айтган. Аммо муҳандислар бу шунчаки ундаги ички хатолик сабаб айтилган жумла эканлигини таъкидлаган (аслида ҳам шундаймикан?).


ЎҚИНГ: Афсонавий Nokia ҳақида 20 қизиқарли факт

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!