Дунёдаги энг хавфли ноутбук аукционга қўйилди: бошланғич нархи миллион доллардан ошиқ!

  •   DiMaX
  •  1986
  •  23.05.2019 11:47

Дунёдаги энг хавфли ноутбук аукционга қўйилди: бошланғич нархи миллион доллардан ошиқ!

2008 йили ишлаб чиқарилган, Windows XP бошқаруви остидаги, экрани 10 дюймлик Samsung ноутбуки интернетдаги махсус кимошди савдосига қўйилди. Аукционда фақат шу лот таклиф этилмоқда, жамланмага унинг қувватлаш кабели ҳам киради, лекин нархи...

ЎҚИНГ: Windows 7 ҳамда Windows XP’да жиддий хавф бор – тезда янгилаб олинг!

Сотувчи сифатида рассом Гуо О Донг ҳамда киберхавфсизлик билан шуғулланувчи Deep Instinct компанияси қайд этилган. Тавсифида ёзилишича, ноутбук интернетдан ва бошқа техникалардан изоляция қилинган. Энг қизиғи – мазкур эски ноутбукнинг бошланғич нархи нақ 1 130 500 АҚШ долларига тенг!

Хўш, нега бунча қиммат, дея қизиқяпсизми? Гап шундаки, унга энг хавфли олтита компьютер вируси ўрнатилган. Мазкур зиёнкор дастурлар инсониятга жами 95 миллиард долларлик зарар келтирган:

  1. ILOVEYOU – электрон почта ва файл алмашиш сервислари орқали тарқалувчи вирус бўлиб, 500 мингдан ошиқ компьютерга тушган ва 15 миллиард долларлик зиён етказган.
  2. MyDoom – компьютерларга тушувчи спамер-қурт; россиялик хакерлар яратгани гумон қилинаётган бу вирус 38 миллиард доллар зарар берган.
  3. SoBig – почта орқали ўзини жўнатувчи, файлларни нусхаловчи ва бошқа дастурларни ишдан чиқарувчи вирус; 37 миллиардлик зиён келтирган.
  4. WannaCry – икки йил аввал 150 мамлакатдаги (жумладан, Ўзбекистондаги) 200 мингдан ошиқ компьютерларга тушиб, 100 миллион долларлик зарар келтирган.
  5. DarkTequila – ҳатто интернетсиз ҳам банк ва корпоратив маълумотларни ўғирлай олувчи вирус бўлиб, кўплаб компанияларга миллионлаб доллар зиён етказган.
  6. BlackEnergy – 2015 йилнинг қишида Украинада кенг кўламда электр тармоқларининг узилишига олиб келган киберҳужумда қўлланган.

Сотувчининг таъкидлашича, ушбу энг хавфли ноутбук санъат асари сифатида савдога қўйилмоқда. Зеро, АҚШда зиёнкор дастурий таъминот маҳсулотларини тарқатиш тақиқланган.

Ушбу аукционга қизиқсангиз, мана бу ҳавола орқали махсус сайтда кузатиб боришингиз мумкин – унда иккита камера орқали тўғридан-тўғри трансляция олиб борилмоқда.

Ҳеч қанақа вируси бўлмаган, яп-янги ноутбукларни эса 2 119 000 сўмдан бошланувчи нархларда Terashop.uz интернет-дўконимиздан онлайн усулда сотиб олиш мумкин.

ЎҚИНГ: Windows’ни флешканинг ўзига ўрнатиб олиб, исталган компьютерда ишга туширамиз!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.