Дунёдаги энг зўр ишлайдиган топ 10 Android смартфонлар (глобал рўйхат)

Дунёдаги энг зўр ишлайдиган топ 10 Android смартфонлар (глобал рўйхат)

Смартфонларнинг ишлашини баҳолашда энг кўп ишлатиладиган AnTuTu платформаси жамоаси жорий йилнинг апрел ойига кўра энг яхши ишлайдиган дунёдаги топ 10 Android смартфонлар рўйхатини эълон қилди.

Биламизки, смартфонларнинг ишлаши асосан уларнинг чипсетлари билан боғлиқ ва бу борада Qualcomm'нинг Snapdragon'лари ўз ишининг устаси ҳисобланади. Одатда биз энг яхши ишлайдиган флагманлар рўйхатида ҳеч бўлмаса Snapdragon чипсетли смартфонлар ичра битта ёки иккита Dimensity чипсетлиларини кўрар эдик. Бироқ бу сафар Qualcomm чипсети Dimensity'га имкон бермаган кўринади, рўйхат Snapdragon чипсетли флагманлар билан тўла. Таъкидлаш жоизки, MediaTek эндигина ўзининг Dimensity 9200+ чипсетини чиқарди ва эҳтимол, уни кейинги ой рейтингларида кўрамиз. Ўтган апрел ойи рўйхати эса қуйидагича.

Фото: AnTuTu

ROG Phone 7 Pro (ёхуд Ultimate) смартфони ўтган ой ўрталарида тақдим қилиниши биланоқ AnTuTu рейтинггида глобал смартфонлар бозорининг энг яхши ишлайдиган смартфони деб тан олинди. Айтиш керакки, бу ҳайратланарли эмас, чунки Asus компанияси томонидан тақдим қилиб келинаётган ушбу ROG смартфонлари асосан геймингга қаратилган бўлиб, улар ҳар доим энг юқори технологиялар билан жиҳозланиб келинади.

Фахрли иккинчи ўрин яна бир гейминг смартфони, Nubia жорий йил бошида тақдим қилган Red Magic 8 Pro+ томонидан эгаллаган. У ҳам ROG флагмани каби Snapdragon 8 Gen 2 чипсети, 16 GB RAM ва 512 GB хотира билан таъминланган эди.

Топ учлик Xiaomi'нинг ўтган йили илк марта Хитойда тақдим қилинган, 2023 йилга келиб эса глобал бозорга чиқарилган Xiaomi 13 сериясидаги Pro модел билан якунланади. Унга ўзининг укаси, Xiaomi 13 модели тўртинчи ўринда эргашади.

iQOO 11 смартфони 16 GB оператив хотираси билан топ бешликка илашиб қолишга муваффақ бўлган бўлса, Samsung компаниясининг бу йилги уч мушкетёрлари Galaxy S23 Ultra бошчилигида бирин-кетин олтинчи, еттинчи (Galaxy S23+) ва саккизинчи (Galaxy S23) ўринларни банд қилишган.

OnePlus'нинг битта-ю битта флагмани – OnePlus 11 тўққизинчи, Honor'нинг бу йилги энг зўр камерафони – Magic 5 Pro ўнинчи ўринни эгаллаган.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!