Дунёдаги илк букламафон ижодкори Galaxy Z Fold 2 рақибини чиқарди!

  •   DiMaX
  •  563
  •  22.09.2020 16:53

Дунёдаги илк букламафон ижодкори Galaxy Z Fold 2 рақибини чиқарди!

Қайишқоқ экранли буклама смартфонлар ҳозирда кўпайиб қолган, лекин уларнинг биринчисини унча танилмаган хитойлик бир компания чиқарганидан кўпчилик бехабар бўлса керак. Royole компаниясининг ўша инқилобий қурилмаси FlexPai деб номланган эди.

ЎҚИНГ: Машҳур наркобароннинг акаси энг арзон букламафон тақдим этди ва Apple’ни яксон қилишга сўз берди!

Ушбу ишлаб чиқарувчи энди унинг иккинчи авлоди – Royole FlexPai 2 моделини тақдим этди. Унда кўплаб яхшилаш ишлари амалга оширилган, лекин улардан асосийси – учинчи авлод Cicada Wing туридаги OLED-панелдир. Унда қўлланган янги – Stepless 3S Hinge шарнири эса 180 даражада букила олади. Шунинг эвазига иккинчи авлод букламафон ёпилганида орада очиқ жой қолмайди.

Компаниянинг таъкидлашича, бу смартфон ўзининг икки йил аввалги «аждод»идан 40 фоизга юпқа. Уни диагоналига 7.8 дюймлик, аниқлиги 1920х1440 пикселлик ва томонлари ўзаро 4:3 нисбатли экран билан жиҳозлашган. Букламафон ёпилганида, иккита дисплейга айланади – 5.5 дюймлик (1440х900p) ва 5.4 дюймлик (1440х810p).

Royole FlexPai 2 моделига илғор Qualcomm Snapdragon 865 процессорини ўрнатишган. Смартфонни 8/12 гигабайтлик тезкор ва 256/512 гигабайтлик ички хотира билан таъминлашган.

ЎҚИНГ: Apple аллақачон буклама iPhone учун Samsung’га қайишқоқ дисплей буюртма қилди!

Янги букламафоннинг 4450 мА/соатлик аккумулятори 18 ваттлик тезкор қувватлана олади. Унинг квадрокамерасида асосий сенсор 64 мегапикселлик бўлса, яна 16 МПлик иккинчи модули кенг бурчакли (116 даражали) оптикага эга. Учинчи – 8 МПлик сенсор 3 карралик оптик зумли телеобъектив билан бирлашган. Тўртинчи датчик 32 мегапикселлик бўлиб, селфи учун мўлжалланган.

FlexPai 2 букламафони Android 10 операцион тизими базасидаги waterOS 2.0 график қобиғи билан ишлайди. Икки йил аввалги илк букламафондаги waterOS интерфейси MIUI’га ўхшаб кетадиган эди, буниси эса кўпроқ EMUI график қобиғини эслатади.

Ушбу букламафон корпусида USB 3.1 Type-C порти, стереодинамиклар ва ён қиррадаги бармоқ изи сканери мавжуд. Унда симсиз алоқа интерфейсларидан Wi-Fi 6, Bluetooth 5.1, GNSS (GPS, A-GPS, BeiDou, Galileo, GLONASS) қўлланган.

Royole FlexPai 2 ўз юртида 25 сентябрдан, уч хил рангдаги корпусларда сотувга чиқади. Унинг бошланғич – 8/256 ГБ тезкор/ички хотирага эга варианти учун 1471 ААҚШ долларига тенг нарх белгиланган. Букламафоннинг 12/512 гигабайтлик варианти ҳам айтарли қиммат эмас – 1707 долларга баҳоланган. Таққослаш учун келтириб ўтсак, Samsung унинг асосий рақобатчиси – Galaxy Z Fold 2 учун нақ 2000 доллар сўраяпти.

ЎҚИНГ: Махфий камерали иккинчи смартфонни умуман кутилмаган компания тақдим этди! (+видео)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!