Дунёни лол қолдирган ҳозирги замон кашфиётлари

  •   DiMaX
  •  3188
  •  21.01.2021 18:04

Дунёни лол қолдирган ҳозирги замон кашфиётлари

Ахборот технологиялари соҳасидаги инновациялар бугунги кунда деярли ҳар куни биз кутган ва кутмаган янгиликларни тақдим қилмоқда. Хўш, ҳозирги IT-инновациялар ҳам бир кун келиб эскирганда, соҳа бизни яна нимаси билан ҳайратлантиради? Atomvestnik.ru нашри яқин келажак IT-технологиялари соҳасида кутилаётган янгиликлар ҳақида мақола эълон қилган. Daryo нашри унинг таржимасини тақдим этган.

ЎҚИНГ: Технология олами: 2021 йилда бизни нималар кутмоқда?

Ахборот технологиялари соҳаси иқтисодиётнинг шундай бир секторики, унда янги технологик ечимлари деярли ҳар ойда пайдо бўлиб боряпти. Шу билан бирга, уларнинг аксариятини инқилобий деб айтиш мумкин ва бунинг сабаби, уларни қўллаган ҳолда бизнинг реал борлиқ ва ахборот билан муомаламизда туб бурилишлар ясаётгани билан боғлиқдир. Кейинги сакраш қандай бўлишини аввалдан билишнинг деярли имкони йўқ. Ушбу мақолада инвесторлар, олимлар, ҳамда экспертлар кейинги катта сакрашни қаердан кутаётгани ҳақида маълумот беришга ҳаракат қилинган.

5G ва рақамли коммуникациянинг кейинги рақамлари

Ҳозирда инновацион технологияларнинг янги авлоди сифатида 5G юзага чиқади, деган фикр мавжуд. Бешинчи авлод технологиясининг унинг ўзидан аввалгиси, яъни, 4G дан фарқлаб турадиган расмий жиҳати бу маълумот узатиш тезлиги бўлиши керак. Агар 4G тармоқда маълумот узатиш тезлиги сониясига 1 гигабитга етадиган бўлса, 5G эса бу кўрсаткични 20 гигабитга олиб чиқиши мумкин. Бу, масалан, юқори тиниқликдаги фильмларни амалда бир лаҳзада юклаб олиш имконини беради. Лекин, бешинчи авлод мобил алоқасининг стандартлари нафақат вақт бирлиги ичида каттароқ трафикни ўтказиш, балки, сигнал тутилиб қолиш вақтини ҳам қисқартириши билан ажралиб туради. Бу кўрсаткич 5G да 1 миллисонияга тушади. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, 4G да сигналнинг ушланиб қолиш вақти 40-50 миллисекунддир.

Бу борада намунавий мисол тариқасида учувчисиз ёки автоматлаштирилган транспортни кўрсатиш мумкин. Агар, қурилманинг мобил тармоққа жавоб қайтариш вақти қисқартирилса, унда, машина кузатиши билан қуроллантирилган автомобилларни автоматик бошқариш жараёни сезиларли осонлашади. Оддий автомобиль 120 км/соат тезлик билан кетаётган бўлса ва тўсатдан хавфли ҳолат юзага келса, одам бунга реакция билдириши учун 700 миллисония керак бўлади. Бу вақт ичида эса, машина 30 метр йўл босиб ўтиб улгуради ва бу ҳайдовчи ёки пиёданинг ҳаётига хавф юзага келтиради. 4G тармоқда машина кузатуви орқали бошқарилаётган ҳайдовчисиз автомобиль бу вазиятда, қарор қабул қолгунича машина тахминан 2 метр йўл босиб ўтади. 5G тармоқда эса бу масофа 10-15 см билан кифояланади.

Бу каби лаҳзалик реакция хусусияти ишлаб чиқаришдаги ва маиший турмушда қўлланиладиган ускуналарнинг ҳам ўзаро алоқасини жуда кескин осонлаштиради. Бу каби лаҳзалик реакция даражасига эришилгач, масофадан туриб жарроҳлик операцияларини бажариш ёки қутқарув ишларини ташкиллаштириш мумкин. Кўчада ўрнатилган датчиклар транспорт оқими зичлигини ўлчаб туради ва ақлли уй тизимини ҳам смартфондан туриб бошқариш мумкин бўлади. 5G технологияси геймерларни ҳам хурсанд қилади. Онлайн ўйинларни юқори тиниқликда ва минимал тутилиш (кечикиш) билан ўйнаш имкони юзага келади. 5-авлод тармоғи пайдо бўлгач, оғир контентли ресурслардан фойдаланиш учун алоҳида, кучли компьютер харид қилиш тақозоси йўқолади. Бу эса онлайн ўйинлар соҳасига кўпроқ одам кириб келишига сабаб бўлади.

Ҳозирда жаҳоннинг 42 мамлакатида 80 га яқин 5G тижорат тармоқлари фаолият кўрсатмоқда. Жаҳон бўйлаб 5G тармоқ қопламасига эга ҳудудларда сайёрамиз аҳолисининг 7 фоизи истиқомат қиляпти. Прогнозларга кўра, 2020-якуни бўйича 5G тармоққа уланишлар сони 190 миллионга етган ва 2025 йил охирига бориб бу кўрсаткич 2,8 миллиардга етиб боради.

Бироқ, мобил тармоқларнинг ривожланиши 5G жорий қилиниши билан тўхтаб қолмайди. Кейинчалик, тезликни сониясига 100 гигабитга етказиш тақозоси пайдо бўлади ва бунинг учун ҳам яна янги частоталар талаб қилинади. Кўплаб технологик компаниялар ва илмий-тадқиқот институтларида бу мақсад учун аввал фойдаланилмаган бўш частота диапазонларига мос ишланмаларни яратиш устида иш бошланган.

ЎҚИНГ: 6G тармоғининг даври келмоқда

Гўшт қиймалагич ижтимоий тармоққа кирадими?

Буюмлар интернети (IoT) – одам воситачилигисиз ҳам, ўзи мустақил равишда интернетга кира олади. Буюмлар интернети, бу нафақат сизга нима харид қилиш кераклигини эслатиб SMS ёза оладиган музлатгич бўлибгина қолмай, балки, у ёки бу ахборотни воқеа жойидан тўғридан-тўғри жўната оладиган датчиклар, масалан, GPS-трекерлари ёки ақлли уй детекторлари ва ҳоказолар бўлади. Фитнес трекерлар ёки юрак уриши датчигига эга бўлган қулоқчинлар сингари тақиб юриладиган қурилмалар ҳам IoT’га киради. Лекин, одатда, бу термин билан у ёки бу ахборотни тўплай оладиган алоҳида қурилмалар тушунилади. Бундай қурилмалар эса ўзаро тармоққа бирлашади ва у тармоқни ҳам сунъий онг бошқаради. Бу эса ақлли уй, ақлли шаҳар тизимларининг ишини мувофиқлаштиради, транспорт оқимини бошқаради, корхоналар фаолиятини ташкиллаштиради, юкларнинг ташилишини назорат қилади ва ҳоказо.

Американинг IDC компанияси прогнозларига кўра, 2025 йилга бориб жаҳон бўйлаб 150 миллиарддан зиёд қурилмалар бир-бири билан тармоққа уланган бўлади ва реал вақт режимида ўзаро ахборот алмашади. Transforma Insights ҳисоботида келтирилишича, 2019 йил охирида буюмлар интернетига уланган қурилмалар сони 7,6 фаол ускуналардан иборат бўлган эди.

IoT бозорининг ривожланиши мобил тармоқларнинг узилишларсиз, пухта ишлашига боғлиқ бўлади. Шу сабабли, 5G технологияси биринчи навбатда буюмлар интернети учун ҳам зарур. Чунки, интернетга уланган қурилмалар жуда катта ҳажмда ахборот ишлаб чиқара бошлайди ва бу ахборот ҳажмини қайта ишлаш учун янада илғор сунъий интеллект ва электрон ҳисоблаш қувватлари керак бўлади. Ҳозирда ҳам IoT соҳасида жуда кўплаб ишланмалар мавжуд. Лекин, бу бозорни ривожланишдан чеклаб турибди, чунки соҳадаги фирмаларнинг барчаси бунинг учун ўзининг стандартлари ва технологияларидан фойдаланмоқда. Ўтган йили Amazon, Google ва Apple компаниялари ақлли уй тизими учун ягона стандарт яратишга келишиб олишган эди. Лекин саноат учун IoT қурилмалари ишлаб чиқарадиган компаниялар ҳали бундай қилишгани йўқ.

ЎҚИНГ: Атиги 7 долларлик бу розетка исталган жиҳозни «ақлли» қилади!

Сунъий интеллект

Компьютер ёки у бошқараётган роботнинг берилган алгоритмлардан ташқаридаги масалаларни ҳам ҳал қила оладиган даражага етиши ҳақида сўз очилганда, гап сунъий интеллект мавзусига бурилади. Масалан, қайси тилда гапираётганини аниқлаш, расмларни таниш, мулоҳаза юритиш, хулосалаш ёки йўл-йўлакай ўқиб-ўрганиш кабиларни компьютер ўзи бажараётган бўлса шундай дейиш урф бўлган. Албатта, компьютерлар одамлар сингари тафаккур қилишга ўрганишгани йўқ, лекин муайян қийин масалаларни ҳал қилишга улар аллақачон қодир бўлишди. Масалан, сунъий интеллект орқали одам нутқини таниш мумкин, (ёзма нутқни ҳам, оғзакини ҳам). Биз яхши танийдиган «Алиса», «Сири» сингари чат-ботлар айнан шу усулда ишлайди.

Ҳозирда сунъий интеллект мураккаб масалаларни ҳал қила олмаяпти. Товушли ёрдамчиларнинг даражаси эса, оддий муаммолар билан, масалан, эртага қандай об-ҳаво бўлишини айтиб бериш ёки буюрилган қўшиқни топиб, қўйиш билан чекланмоқда. Колл-марказларда эса роботлар биринчи чизиқда ишлашяпти: улар қўнғироқларни қабул қилиб, керакли мутахассисга йўналтиришмоқда. Лекин, тез орада бу каби виртуал ёрдамчилар смартфон ёки ақлли карнай билан чегараланмайдиган бўлади. Ҳозирда товушли ёрдамчилар автомобилларнинг қурилмалар панелида ҳам пайдо бўла бошлаган. Шунингдек, бизнес учун ва ходимларнинг ишчанлигини ошириш учун махсус ишланган бундай овозли ёрдамчилар тез орада офис ва идораларда ҳам пайдо бўлиши кутилмоқда. Булар воситасида аудио ва видео-конференциялар ўтказиш ёки кун тартибини режалаштириш ҳамда топшириқларнинг бажарилишини текшириб бориш мумкин бўлади.

Сунъий интеллект учун «ёқилғи» бу – катта ҳажмдаги маълумотлар тўплами – «биг дата» бўлади. Бу одатда, структураланмаган кўринишда бўладиган, рақамли шаклдаги жуда катта ҳажмли маълумотлар йиғиндиси бўлиб, сунъий интеллект унинг асосида «ўқиб, таълим олади». Масалан, бизнинг Алиса ва Сири билан қилган ҳар бир суҳбатимиз, ушбу товушли ёрдамчиларни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Сунъий интеллект бизнеснинг барча тармоқ ва соҳаларига кириб боради. Мутахассисларнинг фикрича, IoT ва сунъий интеллект технологияларининг ривожланишидан, бизнинг ҳаётимизда ва ишимизда янада катта ўзгаришлар юзага келади. Айниқса, бу бизнинг атроф-муҳит билан муносабатларимиз борасида катта таъсир қилади. У янада «интеллектуаллашиб» боради. Муҳит сенсорли ва дастурланадиган бўлиб боради ва маълумотларни йўл-йўлакай қайта ишлаб, олинган натижаларга дарҳол реакция кўрсатадиган бўлади.

ЎҚИНГ: Shazam’нинг кераги йўқ: Google Assistant энди хиргойи ва ҳатто ҳуштак бўйича ҳам қўшиқни топиб беради!

Ҳаммасини билиш ва ҳеч кимга айтмаслик

Бутун дунё бўйича, шахсий маълумотлар дахлсизлиги масаласи тобора долзарб масалага айланиб бормоқда. Facebook, Google, Apple, Amazon ва бошқа кўплаб компаниялар, шунингдек, давлат органлари ҳам биз ҳақимиздаги катта маълумотларни йиғиб боряпти. Бу – ўта шахсий маълумотлар, контактларимиз, тўловларимиз ва пулларимизга оид маълумотлар; одатларимиз, қаерларда юришимиз, нималарни яхши кўришимиз сингари маълумотлардир. Одамларнинг шахсий маълумотлари ёки компанияларнинг технологик маълумотлари ошкора бўлиб кетиши ҳолатлари тез-тез содир бўляпти. 2019 йилнинг ўзида тўлов тизимларида одамларнинг шахсий маълумотлари, пул ва маблағларига оид 14,8 миллиард дона махсус ахборот ўғирланган ва бу 2018 йилга нисбатан икки баравар кўпдир.

Шу тариқа, барча-барча соҳа учун ахборот хавфсизлиги биринчи рақамли вазифага айланиб бормоқда. Grand View Research фирмаси прогнозларига кўра, 2025 йилга бориб, киберхавфсизлик бозори 9,88 миллиард долларга етади ва ўсиш йилига 30 фоиз атрофида бўлади. Ҳозирча, ахборот хавфсизлиги тизимларини жорий қилишда фақат маълумотларнинг ошкор бўлиб кетишидан катта зарар кўрадиган соҳалар, масалан, кредитлаш ташкилотлари жонбозлик кўрсатмоқда. Лекин, кейинчалик бизнеснинг деярли барча соҳаларида ахборот хавфсизлиги масаласи ҳақида бош қотиришга тўғри келади ва бу соҳага пул тикишга мажбур бўлишади. Бу борадаги қизиқ жиҳат шуки, эндиликда махфий маълумотларни нафақат хакерлардан, балки, ўз ходимларидан ҳам ҳимоялашга тўғри келади.

Шахсий маълумотлардан мақсадли фойдаланиш борасида янги имкониятлар тақдим қилиши кутилаётган йўналишлардан бири дифференсиал конфиденсиаллик принципи бўлиши мумкин. Бу тамойилга кўра, муайян гуруҳга оид одамлар ҳақида кўп турли ахборотни йиғиш мумкин бўлади ва шу билан бирга, аниқ бир муайян одамнинг шахсий маълумотлари олинмайди. Йиғилган маълумотларни умумлаштириш ва унда аниқ бир одамга тегишли маълумотнинг ошкор бўлмаслигини таъминлаш учун тизим ушбу маълумотлар ичида статистик шовқин – атайлаб киритилган чалкашликларни ҳам жорий қилади. Масалан, бунда фойдаланувчиларнинг муайян сўров бўйича маълумотлари аралаштириб юборилади ва уни анонимликдан чиқариб бўлмай қолади. Бундай ахборот хавфсизлиги моделини Facebook ва Apple аллақачон қўлламоқда.

ЎҚИНГ: Маълумотларимизни интернетдан ўчириб ташлаш учун 5 қадам

Ҳайдовчи ва машинистлар ўзи ҳам пассажирга айланади

Ҳайдовчисиз автомобиль бу – лидар (оптик масофа ўлчагич) ва радар ўрнатилган оддий машина бўлиб, унга шунингдек, видеокамералар ва атрофни сезиш имконини берувчи яна кўп сонли сенсорлар қўйилган бўлади. 2019 йилда жаҳон бўйича 333 мингдан зиёд ҳайдовчисиз автомобиллар мавжуд эди. Ҳозир бу соҳа суст старт ҳолатида турибди. Ҳайдовчисиз автомобилларнинг жорий қилинишига асосий тўсиқ – бу бундай автомобиллар ҳаракати учун атроф-муҳитнинг тайёр эмаслиги билан боғлиқ. Бундан ташқари, ҳайдовчисиз автомобилнинг ҳаракат жараёни жуда катта ҳажмдаги маълумотларни катта тезлик билан узатиб-қабул қилинишини тақозо қилади ва бу эса бизни яна бешинчи авлод тармоғининг жорий қилиниши масаласига қайтаради. Бундан ташқари, ҳайдовчисиз машиналарни кўчада ҳаракатланиши учун меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўпламига ҳам катта ўзгартиришлар киритиши керак бўлади. Хусусан, агар йўл-транспорт ҳодисаси ҳайдовчисиз автомобиль иштирокида содир қилинган бўлса, қандай йўл тутиш кераклигини ҳал қилиш лозим.

Шунга қарамай, яқин келажакда ҳайдовчисиз автомобиллар оддий ҳолга айланиши мумкин. Прогнозларга кўра, бу туфайли такси хизматлари 80 фоизгача арзонлашиши мумкин ва 2030 йилга бориб, ҳайдовчисиз автомобиллар бозори 2 триллион долларга етади.

ЎҚИНГ: ШОК ВИДЕО: Tesla электрокари қабристонда арвоҳни «кўриб» тўхтади!

Квант тўрини қаерга ташлаймиз?

Ҳозирда квант компьютерларини жаҳон бўйлаб кўплаб олимлар ва Google, IBM, Microsoft сингари йирик компаниялар тадқиқ қилишмоқда. Агар квант компьютери яратилса, бу ҳақиқий маънодаги инқилоб бўлган бўлар эди ва уни интернетнинг яратилиши билан қиёслаш мумкин бўлади. Шунга қарамай, маълумот узатишнинг квант тармоқларини яратиш борасида тадқиқотчилар аллақачон маълум муваффақиятларни қайд этишган. Бундай тармоқда узатилган ахборот олувчига етиб боргунича ҳеч қандай ўзгаришларга учрамаслиги ва уни йўл-йўлакай ҳам ҳеч ким тутиб ололмаслиги кафолатланган бўлади, деб ҳисобланади.

Квант тармоғида шифрлаш калитини тузиш учун алоҳида қутбланган фотонлардан фойдаланилади. Калит хабар жўнатиш лаҳзасида шакллантирилади ва унга фақат хабарни жўнатувчи ва қабул қилувчи эга бўлади холос. Шифрланган ахборот эса очиқ канал орқали узатилади. Агар бегона одам каналдаги ахборотни тутиб олишга уриниш содир қилса, у ҳолда, квант калити генерацияланган асосий ҳолат орқали заррачаларнинг характеристикаси ўзгариб кетади ва бегона одам тутиб олган ахборотини ўқий ҳам олмайдиган бўлади.

Квант шифрлаш усули турли мақсадлардаги коммуникация тармоқларида, хусусан, сунъий йўлдош орқали ахборот узатиш каналларида маълумотларни шифрлаш учун қўлланиши мумкин. Яқин йилларда бу технология дата-марказлар, банклар ва алоқа операторлари учун долзарб масалага айланади. Кейинчалик эса квант тўридан интернетни янада ривожлантиришда, телемедицинада ҳамда учувчисиз, ҳайдовчисиз транспорт воситаларини бошқаришда фойдаланилиши мумкин.

Квант тармоқлари айрим мамлакатларда аллақачон мавжуд. Масалан, Хитойда Пекин ва Шанхай ўртасида 2000 км масофадаги квант тўри қурилган. Ҳозирда бу тўр бошқа шаҳарларга ҳам кенгайтирилмоқда. 2017 йил декабрида Россияда ҳам биринчи 25 км квант тармоғи қурилган эди. 2019 йилда Россия квант тўрлари узунлиги 143 км га етди. 2021 йилда эса Россияда биринчи тижорат квант тармоғи ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, у 670 км узунликка эга бўлади.

ЎҚИНГ: 2021 йилги Android'лар борасида 10 башорат

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.