Дунёни ўзгартирган Google 20 ёшда

Дунёни ўзгартирган Google 20 ёшда

Йигирма йил аввал, 1997 йилнинг 15 сентябрида дастурчилар Ларри Пейж ва Сергей Брин Google қидирув тизими учун google.com доменини рўйхатдан ўтказишган. Инсоният тарихидаги энг муҳим IT-компаниялардан бирининг тарихи шундай бошланган. 

Таъкидлаш жоизки, Google бизнинг қидирув тизимларига бўлган муносабатимизни ўзгартирди. Бугунги кунда шуни ишонч билан таъкидлаш мумкинки, Google — интернетдаги энг кўп ташриф буюрилувчи сайт. 

Google компанияси расман 1998 йилнинг 4 сентябрида Калифорния штатида, Менло-Паркдаги гаражда рўйхатдан ўтказилган. 

«Google» номи юзта нолли 1 рақамини билдирувчи «гугол» сўзидан келиб чиққан. Кундалик ҳаётимизда тобора кўп қўлланилиб бораётган «to google» («гугллаш» - излаш маъносини билдиради) феъли 2006 йилда Оксфорднинг инглиз тили луғатига киритилган. 

Мазкур қидирув тизими ўзининг оддий интерфейси билан интернет фойдаланувчиларини жалб қилиб келмоқда. 2000 йилда Google реклама сотувларини бошлади. Бошқа рақибларидан фарқли ўлароқ, Google Интернетнинг янги бозорига чиқишга муваффақ бўлди. 

2014 йилга бориб, Google 41 мамлакатда жойлашган 70 дан зиёд идорасига эга бўлди.

2015 йилда компания қайтадан ташкил этилди: Google - Alphabet Inc'нинг шўъба компаниясига айланди ва интернетга тегишли бўлмаган баъзи савдо маркаларини мустақил филиалларга ажратди.  

Вақт ўтган сайин қидирув тизими ўзининг Gmail почтаси, Google Maps хариталари ва яна ўнлаб бир-бирига интеграциялашган маҳсулотлар билан бойиди. Зеро XXI аср қидирув тизими шунчаки қидирув тизимидан каттароқ аҳамиятга эга бўлиши керак - бу Google муваффақиятли ўзлаштирган яна бир сабоқ. 

2000-2002 йилларда NASDAQ фонд биржасининг инқирози компаниялар бозор қийматининг 5 триллион долларга пасайишига сабаб бўлди ва маълумотларга кўра, 2004 йилга келиб фақат 48 фоиз дотком-компанияларгина омон қолган. 

Google бу вазиятда нафақат омон қолди, балки инвесторларга IT-бозорга бўлган ишончни қайтарди. 2004 йилнинг 18 августида компания 1,67 миллиард долларни жалб қилишга муваффақ бўлди, бу - ўша пайтлар учун мисли кўрилмаган сумма. Стартапнинг бозор капитализацияси 23 миллиард доллардан ортиқни ташкил қилди. 271 миллион акциянинг аксарияти Google тасарруфида қолди ва компаниянинг кўп ходимлари бир зумда миллионерга айланишди. Акцияларнинг ҳар бири 85 доллардан сотилган. Бугун эса компаниянинг бир акцияси деярли 950 долларни ташкил қилади. 

Google муваффақияти инвесторларга IT-бозоридаги стартаплар катта пул келтириши мумкинлигини кўрсатди ва бундай фирмаларга сармоя киритишга ундади. Айнан шунинг учун ҳам ҳозирда Facebook капитализацияси, масалан, 500 миллиард долларни ташкил қилади. Ҳатто Twitter ёки Snapchat каби лойиҳалар ҳам ўнлаб миллиард долларга баҳоланади - Alphabet Inc (Google унинг таркибида) ва унинг шўъба компаниялари 649,49 миллиард долларга баҳоланади.

Бугунги кунда Google асосчилари Ларри Пейж ва Сергей Брин IT-саноатнинг Стив Жобс ва Илон Маск каби юлдузлари билан бир қаторга қўйилади. Бу инсонларнинг бари замонавий муқобилларни бир неча йилга ортда қолдирувчи илғор технологияларни яратишмоқда. 

Брин 2010 йилда ташкил этилган Google X — автомат бошқарувли автомобиллар, тўлдирилган реаллик кўзойнаклари (Glass) ва бошқа инновацион маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи шўъба компаниясини бошқаради. Google'да уларни "moonshots" ("Ойга парвозлар") деб аташади. 2016 йилда Google X'нинг Nest (ақлли термостатлар), ), Fiber (юқори тезликдаги интернет) ва Verily ("ақлли" тиббиёт) каби лойиҳалари Alphabet'га 808 миллион доллар келтирди. 

CNN маълумотларига кўра, компаниянинг "moonshots" лойиҳаларга доир ўтган йилги камомади 3,6 миллиард долларни ташкил қилди. Шунинг учун компания баъзи омадсиз лойиҳалардан воз кеча бошлади: Project Ara (модуль телефон), Project Loon (ҳаво шари ёрдамида интернет тарқатиш), шунингдек ҳайдовчисиз автомобиль лойиҳалари ташлаб қўйилди. Google бунинг ўрнига автоном бошқарувли автомобилларга ўрнатиладиган сунъий интеллект тизимини такомиллаштиришга киришди.

Умуман олганда, компаниянинг ҳатто ўзини оқламаган лойиҳаларига ҳам келгусида иккинчи ҳаёт бахш этилиши мумкин. Масалан, Бриннинг севимли маҳсулоти Google Glass тўлдирилган реаллик кўзойнаклари истеъмолчилар орасида кутилганидек талабгор бўлмади, бироқ у ишлаб чиқариш, тиббиёт ва муҳандислик ишларида фаол қўлланиб келинмоқда. Forrester Research маркетинг компанияси баҳоларига кўра, 2025 йилга бориб, АҚШ корхоналаридаги 14,4 миллион ишчи "ақлли" кўзойнакка эга бўлади. 

Интернет фойдаланувчиларининг тахминан 82 фоизи Google'ни қидирув тизими сифатида қўллайди, 85 фоизи -  Android'нинг мобил операцион тизим бозоридаги улуши. Қандай қурилмадан фойдаланманг, барибир Google маҳсулотига дуч келасиз. Бунинг ҳам ижобий, ҳам салбий томонлари бор. Бир томондан, бир марта Gmail'дан логин билан кириб, барча маҳсулотларга чиқиш имконига эга бўласиз. Бошқа томондан, Google тизими Facebook ижтимоий тармоғи сингари сиз ҳақингизда ҳаддан ташқари кўп маълумот йиғади.

Google реклама берувчилардан пул олади ва уларга сизнинг ҳар бир кликингиз ҳақидаги маълумотларни тақдим этади. Соддароқ қилиб айтганда, агар қидирув тизимига "музлатгич" сўзини киритсангиз, узоқ вақтгача сизни музлатгич рекламалари таъқиб этади. Google'нинг кузатув дастурлари 10 миллиондан ортиқ сайтга ўрнатилган. Ҳар сафар Gmail орқали хат ёзганингизда, YouTube'да видео кўрганингизда ёки Google Maps'да ниманидир қидирганингизда бор фаоллигингиз Google'га қаратилади. Бундай "кузатув" кўламлари номаълумлигича қолади. 

Интернетдан ниманидир қидирмоқчи бўлсак, "Яндекс" ё бошқасидан эмас, айнан "Гуглдан қараб кўриш керак" деймиз. Бу жиҳатдан Google луғат захирамизнинг ажралмас қисмига айланди. Компания ҳатто "гугллаш" феъли Google'дан узоқлашишидан чўчимоқда ("ксерокс", "полароид" ёки "памперс" сўзлари билан шундай бўлган).

Google'нинг тафаккуримизга таъсири биз ўйлаганимиздан-да чуқур. Лос-Анжелесдаги Калифорния университети профессори Гэри Смоллнинг "Сизнинг миянгиз ва Google" номли тадқиқотига кўра, қидирув тизимидан фойдаланиш миянинг қарорлар қабул қилиш, муракааб фикрлаш ва кўриш учун жавобгар қисмларини фаоллаштиради. Тажрибанинг қидирув тизимидан кўпроқ фойдаланган иштирокчилари интернетга кам кирганларга нисбатан икки карра юқори мия фаоллигини намойиш қилган.

Йель университети томонидан ўтказилган бошқа тадқиқот Google'дан тез-тез фойдаланиш одамларнинг аслидан-да ақлли тасаввур уйғотишини исботлади. Колумбия университети олимлари эса, биз Google'дан ўз хотирамиз "аутсоринги" учун тобора кўпроқ фойдаланаётганимизни кўрсатди, яъни агар интернетдан осонликча топиш мумкин бўлган нарса бўлса, миямиз уни ёдда сақлаб қолмасликни маъқул кўрар экан. Эҳтимол, шунинг учун ҳам кўпчилик ҳаётини Google'сиз тасаввур қила олмас.

Манба: Kun.uz

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!