“Дунёнинг энг бой кишиси” қандай бойиган?

“Дунёнинг энг бой кишиси” қандай бойиган?

Электрон тижорат соҳаси ривожлангани сайин одамлар нафақат маҳаллий, балки хориж бозорларидан ҳам маҳсулот харид қилишга ўрганиб қолдилар. Amazon интернет-дўкони сайёрамизнинг улкан бозори. Компания шу йилнинг февралида тақдим қилган ҳисоботга кўра, Amazon 2017 йилнинг сўнгги чорагида 2 млрд доллар соф фойда кўрган. Бу онлайн-ритейлер тарихидаги рекорд.

Онлайн бозорнинг ҳаётимиздаги аҳамияти

Жаҳоннинг энг бой кишиси бўлган Жефф Безосга қарашли Amazon кассир ва сотувчига эга бўлмаган биринчи супермаркет бўлди. 1994 йилда фаолиятини йўлга қўйган компания  капитал миқдорига кўра Apple компаниясидан кейинга ҳамда  Google'нинг эгаси бўлган Alphabet каби қудратли корпорациядан олдинда туради.

Жефф Безоснинг ҳисобидаги маблағ айни пайтда 132 млрд долларни ташкил қилади. Мазкур муваффақиятнинг бош сабаби Amazon'нинг чакана маҳсулотларни етказиб берувчи биринчи рақамли онлайн дўконга айлангани билан боғлиқ.

Гарчи, жаҳонда дўконга бориб ўзига маъқул маҳсулотни харид қилишни истаганлар сони кўп бўлса ҳам, Amazon каби виртуал бозорларнинг даромади тобора ошиб бормоқда.

 Мисол учун, АҚШ да 2017 йилда онлайн савдо учун тўланган ҳар бир долларнинг 44 центи Amazon учун тўланган.

Amazon анъанавий дўконларни ҳам харид қилмоқда. 2017 йилда компания Whole Foods дўконлар тармоғини 13,7 млрд долларга харид қилган.

Amazon'нинг АҚШ дан ташқаридаги фаолияти

Германия

Бу давлат Amazon учун АҚШ дан кейинги иккинчи йирик бозор. Германиялик онлайн харид фойдаланувчилари сарф қилаётган 25 фоиз маблағ Amazon'нинг "чўнтаги"га тушади.  2014 ва 2016 йиллар давомида компания бу мамлакатда сотадиган маҳсулотлари номини икки баробарга кўпайтиришга эришди.

Буюк Британия

2017 йилда, умуман сўнгги йилларда ҳар йили Amazon дўконининг Британиядаги фойдаси 19% га ошмоқда ва 11,4 млрд долларга етган. Тадқиқотларга кўра, бирорта виртуал дўкон бу ерда Amazon каби кўп ва хўп ишлай олмайди.

Япония

Компания хизмат кўрсатадиган йирик дўконлардан бири Япония ҳисобланади. Бу мамлакат компания яккаҳокимлик ўрната олмаган ягона ҳудуд. Гарчи, Amazon  Rakuten каби йирик электрон платформага эга бўлса ҳам, Япония электрон тижорат бозоридани унинг улуши 20,2% ни ташкил қилади.

Хитой

Хитой жаҳоннинг электрон тижорат бўйича энг йирик бозори бўлиб, эҳтиёж мунтазам ўсиб бормоқда. Amazon учун бу бозорда рақиб жуда кўп. Америкалик бу ердаги йиллик электрон савдонинг бор-йўғи 1% ига эгалик қилади. Мисол учун, Хитойнинг Alibaba (56,7%) ва JD (27,2%) компаниялари билан таққослаганда, бу бозор Amazon учун қўлдан бой берилган.

Ҳиндистон

Amazon Ҳиндистонда ўзининг илк савдо платформасини 2013 йилда ишга туширган. Ҳиндистон интернет фойдаланувчилари сони бўйича иккинчи ўринда турса ҳам, бу ерда электрон тижорат у қадар ривожланмаган. Фақат 14% ҳиндистонлик интернет фойдаланувчилари мунтазам электрон савдоларни амалга оширадилар. Хитойда эса бу кўрсаткич 6 баробар юқори.

Amazon 2016 йилда бу ердаги Flikpart электрон савдо дўконини харид қилади. Бу дўконнинг электрон тижорат учун сарф қилинаётган маблағлар учун улуши 32% ни ташкил қилган бўлса, ҳозирда Amazon'нинг улуши 31,1% га етган.

Африка

Amazon ҳозирча бу қитъага кириб келгани йўқ. Компания айни пайтда ЖАР да маълумотларни қайта ишлаш ва сақлаш хизматларини кўрсатади. Африкаликлар маҳсулотларни Amazon'дан хорижий порталлар орқали олишлари мумкин. Африкадаги йирик Jumia онлайн дўкони 2012 йилда ташкил қилинган ва 14 та Африка мамлакатида фаолиятини ташкил қилган. 2016 бу компания 1 млрд АҚШ долларига баҳоланган Африкадаги илк компания бўлди.

Экспертларга кўра, 2025 йилга келиб Африка минтақасидаги онлайн савдо айланмаси 75 млрд долларга етади. Европада эса бу кўрсаткич 2016 йилдаёқ 650 млрд долларга етган.

Бразилия

Amazon Лотин Америкасида ҳам муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. 2017 йилгача компания бу ерда китоб ва электроника сотган бўлса,  шу йилнинг мартидан бошлаб компания Бразилияда маҳсулотлар сонини кўпайтиришга киришган. 2016 йилда бразилияликлар бу компаниядан 200 млн долларлик маҳсулот харид қилишган. Электрон тижорат қиймати бу ерда 13,4 млрд долларга баҳоланган.

Amazon муваффақияти рақамларда (долларда):

2017 йилдаги фойда миқдори:

177,9 млрд доллар.

2018 йилнинг 20 марти ҳолатида компаниянинг жаҳон электрон бозоридаги улуши:

768 млрд доллар.

Электрон тижорат учун АҚШ да сарф қилинаётган ҳар бир доллардаги Amazon улуши:

44 цент.

Компания 2010 йилда жаҳоннинг энг бой 100 та компаниялари рўйхатида 98-ўринни эгаллаган бўлса, 2018 йилнинг 20 мартида Amazon дунёнинг 2-рақамли энг қиммат компанияси деб топилган ва ундан олдинда Apple корпорацияси турибди.

Компания бу нуфузга қандай эришди? Жефф Безоснинг стратегияси шундай: компания йирик бозорларга ёки кичик бозорларга кириб боради ва бу ердаги айни пайтда етакчи бўлган электрон платформасини сотиб олади ва уни ўзининг платформаси билан улаб қўяди.

Танқидий фикрлар

Кўпчиликнинг, жумладан АҚШ президенти Дональд Трампнинг фикрига кўра, бу каби бозорларнинг ривожланиши ҳамда анъанавий савдо дўконларининг йўқолиши кўплаб ишсизларнинг пайдо бўлишига олиб келади.

Мавзу:

#Amazon

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.