Дунёнинг энг технологик 25 та шаҳри

Дунёнинг энг технологик 25 та шаҳри

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг баҳо беришича, 35 йилдан камроқ вақтдан сўнг сайёра аҳолисининг учдан икки қисми шаҳарларда яшайди. Бу яна 2,5 миллиард киши демакдир. Технология юқори бўлган ҳамда уларни мукаммаллаштириш ва ривожлантириш учун энг яхши шароитларни яратувчи шаҳарларда ҳаёт ҳам энг аъло даражада бўлади.

Қайси шаҳарлар энг гуллаб-яшнаган бўлишини аниқлаш учун Business Insider нашри 2thinknow тадқиқот компаниясига дунёнинг энг юқори технологик шаҳарлари рейтингини тузишни топширди. Компания аҳоли жон бошига берилган патентлар, стартаплар сони, венчур капиталистлар миқдори, инновациянинг бошқа рейтингларидаги ўрни, смартфонлардан фойдаланиш даражаси каби кўрсаткичларни ҳисобга олиб дунёнинг энг юқори технологик шаҳарлари рейтингини тузди.

Ер сайёрасининг келажаги қандай бўлишини билишни истасангиз, қуйидаги шаҳарларга эътибор қаратишни тавсия этамиз, деб ёзади Daryo.uz.

  1. Вашингтон, Колумбия округи

Охирги 10 йил ичида АҚШ пойтахти юқори технологиялар соҳаси жадаллик билан ривожланди ва ушбу соҳадаги иш ўрни миқдори 50 фоизга ошди.

Бундан ташқари, Колумбия округида мингдан ортиқ стартап жойлашган. Федерал ҳукуматга яқинлик ва чуқур ҳамёнли венчур жамғармаларга яқинлик дунёни ўзгартиришни истаётган кўплаб тадбиркорларни жалб этади.

  1. Барселона, Испания

Каталония пойтахти саноат дизайнерлари сонининг ошиши ва смартфонлардан фойдаланишнинг юқори даражаси туфайли рейтингда баландроққа кўтарилди ва 25 таликка кирди.

Мобил муҳит шунчалик ривожланганки, бутун шаҳар бўйлаб ўрнатилган электрошкафлардаги компьютерлар ёрдамида шовқин даражаси, тиқилинчлар, ҳатто охирги вақтда Барселонада қанча селфи олинганлиги ҳақида билиб олиш мумкин.

  1. Копенгаген, Дания

Копенгагенда стартап ва венчур капиталистлари унчалик кўп эмас, бироқ у ерда шаҳар муҳитини режалаштиришга инновацион ёндашув ҳукмрон, шнингдек, саноат дизайнерлари ҳам кўп.

Копенгаген 2025 йилга келиб углеводород ёқилғисидан воз кечиб, асосан шамол энергиясига ўтишни режалаштирмоқда. Ривожланган велосипед инфратузилмаси ва кўплаб архитектура фирмалари Копенгагенни нафақат экологик, балки чиройли шаҳарга айлантирган.

  1. Гонконг, Хитой

Гонконгни келажак шаҳрига айлантирган бирор-бир асосий омилни ажратиб кўрсатиш қийин — у деярли барча кўрсаткичлар бўйича юқори баҳоларни олган.

Шаҳар тадқиқотлар ва инновацияларга улкан маблағлар ажратади, у ердаги интернет тезлиги Хитойдаги энг юқори тезликлардан бири. Экспорт қилинадиган юқори технологик товарлар қиймати 243 миллиард долларга баҳоланади, бу эса бутун Гонконг экспортининг 51 фоизидир.

  1. Берлин, Германия

Берлин кўп сонли стартаплар, шунингдек, венчур инвестициялари билан диққатга сазовор. Бундан ташқари, Берлин Европанинг асосий автомобиль саноати марказларидан бири ҳисобланади. У барча энг йирик автомобиль брендлари жойлашган дунёнинг ягона шаҳридир.

  1. Шэньчжэнь, Хитой

Хитой жанубидаги аҳолиси 11 миллионлик Шэньчжэнь шаҳрида энг кўп миқдордаги патентлар рўйхатга олинган.

Хитой энг кучли технологик давлат бўлишга интилмоқда, охирги бир неча йил давомида Шэньчжэнь робототехника ривожланаётган саноат марказига айланди. Телекоммуникация ва электроника соҳасида ишловчи кўп сонли корпорацияларнинг штаб-квартиралари айнан шу ерда жойлашган.

  1. Бангалор, Ҳиндистон

Бангалор ўтган йил билан таққослаганда рейтингнинг 49-ўрнидан 19-ўрнига кўтарилган. Бундай муваффақият учун Бангалор шаҳарни тўлдирган IT-компаниялар оқими ва дастурчиларнинг улкан миқдоридан миннатдор бўлиши лозим. Ҳиндистон аҳолисининг ярми 25 дан ёш ва улардан кўпчилиги ривожланаётган технологик секторда фаолият кўрсатади.

  1. Монреал, Канада

Агар саноат дизайни ёки дастурлаш соҳасида карьера қилишни истасангиз Монреалга кўчиб ўтиш ҳақида ўйлаб кўринг. Агар сизни ташувчи технология (ёки виртуал реаллик) қизиқтирса, иш учун бундан яхшироқ жой топа олмайсиз.

VR-гарнитура ишлаб чиқарувчи Vrvana компанияси штаб-квартираси, шунингдек, соҳибининг биометрик кўрсаткичини ўлчовчи кийим ишлаб чиқарувчи Hexoskin va OMSignal компаниялари Монреалда жойлашган.

  1. Шанхай, Хитой

Шанхай Кремний водийсига ўхшаш Zhangjiang Hi-Tech Park’ка эга. Бу технопаркларда 100 мингдан ортиқ одам ишловчи минглаб технологик компаниялар жойлашган.

Хитойнинг бошқа юқори технологик шаҳарлари каби Шанхай ҳам кўп сонли патентлари ва венчур инвестициялари ҳажми билан ажралиб туради.

  1. Пекин, Хитой

Пекинда стартаплар маданияти унчалик ривожланмаган бўлса-да, Хитой пойтахти смартфонлардан фойдаланиш даражаси ва аҳоли жон бошига патентлар сони юқорилиги билан машҳур. Қолаверса, охирги йилларда шаҳар анчагина венчур капиталларини жалб қила бошлади.

2016 йил рейтинги билан таққослаганда Пекин 15 та ўринга кўтарилди.

  1. Амстердам, Нидерландия

Молиявий технологиялар, энергия самарадорлиги ва стартапларни ўзига жалб қилувчи муҳит Амстердамни Европанинг энг муҳим технологик маркзларидан бирига айлантирди.

Апрель ойида шаҳар расмийлари 2025 йилга келиб бензин ва дизелда ҳаракатланувчи автомобиллар тўлиқ тақиқланиши ва электрокарлар билан алмаштирилишини эълон қилди.

  1. Ванкувер, Канада

2014 йилда CBC телеканали Ванкуверни Шимолий кремний водийси деб эълон қилди. Бунга шаҳар қарор топган стартаплар маданияти сабаб бўлди.

Умумий даромади 2 миллиард доллардан ошувчи 600 дан ортиқ рақамли медиакомпаниялар Ванкуверда жойлашган. Техник университетлар ва паст корпоратив солиқлар Ванкуверга бўлажак муҳандислар билан бир қаторда юқори малакали менежерларни ўзиҳа жалб қилади.

  1. Стокгольм, Швеция

Келгуси беш йил ичида Стокгольм нақд пуллардан ва углеводород ёқилғисидан бутунлай қутулишни режалаштирмоқда. Бу Швеция пойтахтини рақамли ва экологик инқилоб флагманига айлантиради.

Стокгольм миллиардлаб доллар капитализацияга эга стартаплар сони бўйича Европанинг етакчи шаҳри ҳисобланади. Венчур инвестицияларни жалб этиш ўсиш суръатлари бўйича иккинчи ўринда туради.

  1. Токио, Япония

Дунёнинг энг йирик шаҳри шаҳар, айниқса, транспорт инфратузилмасининг буюк натижалари бўлмаганда бунчалик даражага эришмас эди. Токио метроси ҳар йили 2,3 миллиард йўловчини манзилга етказади.

Токио катта миқдордаги венчур капиталларини жалб этади, бундан ташқари, Япония пойтахтида кўплаб технологик гигантларнинг штаб-квартиралари жойлашган.

  1. Даллас, Техас штати, АҚШ

Охирги бир неча йил ичида Даллас стартапларнинг дунёвий марказларидан бири деган номга эришди.

Венчур капиталистлари сонининг ошиши ва шаҳар ҳудудида илғор технологияларни жорий этиш туфайли шаҳар 2016 йилги 28-ўрнидан 11-ўринга кўтарилди.

  1. Чикаго, Иллинойс штати, АҚШ

Яқинда ўтказилган тадқиқот Иллинойс штати юқори технологиялар соҳасида иш топиш учун АҚШнинг энг яхши бешта жойидан бири эканлигини кўрсатди. Бундай иш ўринларининг катта қисми Шамоллар шаҳрида жойлашган.

Брукинг институти ҳам Чикагони урбанистик инноациялар соҳасидаги флагманлардан бири деб топди. Бу асосан CityWorks лойиҳаси билан боғлиқ. Унинг мақсади энергия таъминоти ва транспорт тизимини ташкил этишни яхшилашдан иборатдир.

  1. Торонто, Канада

Торонто Cisko каби инновацион марказлари билан машҳур. Онтарио кўли соҳилидаги шаҳарда Канада IT-компанияларининг 30 фоизи жойлашган, уларнинг аксариятида 50 нафардан кам ходим ишлайди. Бу ёш фирмалар кейинги ўн йилликда юқори технологиялар келажагини белгилайди.

Шаҳар фирмаларининг биргаликдаги йиллик даромади 52 миллиард долларга яқин.

  1. Сингапур

Сингапур кўп сонли дастурчилар ва венчур капиталистлари яшаш жойидир. Шаҳар-давлат мунтазам янги инфратузилма ечимларини жорий қилиб, юқори технологик осмонўпар биноларни қурмоқда.

Сингапур Массачусетс технологик институти билан ҳамкорликда хусусий автомобиллар учун эмас, метро ва енгил рельсли транспорт учун мўлжалланган ақлли транспорт тизимини барпо этишни режалаштирмоқда.

  1. Бостон, Массачусетс штати, АҚШ

Охирги йилларда Гарвард, MTI, Тафтс ва Шимоли-Шарқий университет каби Бостон университетлари асосан биотехнология ва робототехника соҳасида кўп сонли ғарийиб кашфиётларни амалга оширди.

Шаҳарда жойлашган бир нечта венчур жамғармалари (Battery Ventures, Atlas Venture, Bessemer Venture Partners, Matrix Venture Partners) инновацион лабораториялар ва университет стартапларини пул билан таъминлайди. Facebook ва Amazon каби йирик компаниялар Бостонда тадқиқотлар ва ишланмалар билан шуғулланувчи офисларини очган.

  1. Сеул, Жанубий Корея

Сеул ҳақли равишда келажак шаҳри деб аталади. Шаҳар инфратузилмаси тўлиқ инновацион, Сеул метроси эса эҳтимол Нью-Йорк метро тизимидан ҳам олдинда.

Сеулда дунё бўйича энг кўп патентлар сони рўйхатдан ўтказилган. У ерда бутун дунёга тарқалган технологиялар  — мисол учун, смартфонлар учун LTE, шунингдек, ҳозирча бошқа ҳеч қаерда йўқ инновациялар, жумладан, сизга ёққан товарларни почта орқали етказишлари учун QR-кодини сканерлаш зарур бўлган виртуал дўконлар яратилмоқда.

  1. Тайбей, Тайвань

Тайбей саноат дизайни бўйича дунёвий етакчи ҳисобланади. Бу биринчилик узоқ йиллардан бери Тайвань пойтахтига тегишли — Тайбейда дастурий таъминот ишлаб чиқаришдан кўра компьютер қурилмаларини ишлаб чиқаришга кўпроқ эътибор қаратилади. Asus, MSI, Gigabyte ва Acer каби компьютер гигантлари ҳозирга қадар Тайбейни ўз уйи деб атайди.

2thinknow маълумотларига кўра, Тайбейда кўп сонли венчур капиталистлари истиқомат қилади.

  1. Лос-Анжелес, Калифорния штати, АҚШ

Лос-Анжелес нафақат Голливуд туфайли гуллаб-яшнамоқда. 2014 йилда Лос-Анжелес округи Иқтисодий тараққиёт корпорацияси томонидан чоп этилган ҳисоботда Лос-Анжелесда юқори технологиялар соҳасида АҚШнинг бошқа ҳудудида қайд этилмаган даражада кўп иш ўринлари қайд этилганлиги таъкидланади. Унда, шунингдек, маҳаллий компанияларнинг умумий даромади 58 миллиард долларга яқинлиги маълум қилинган. Лос-Анжелесдаги технологик тараққиёт асосан стартаплар муваффақияти ва венчур капиталлари оқими билан боғлиқ.

  1. Лондон, Буюк Британия

Ўтган йили Crossrail лойиҳаси ишга тушгандан кейин бутун дунё Лондон транспорт тизими мукаммаллигидан ҳайратга тушмоқда. 2018 йилда ўнта янги тармоқ 30 та мавжуд метро станцияларини бутунлай янги тоннеллар орқали туташтиради. Crossrail лойиҳаси қиймати 20 миллиард долларни ташкил этиб, бу Европадаги энг йирик қурилиш лойиҳасидир.

Дунёнинг ҳеч қаерида Лондондаги каби кўп сонли стартаплар ва дастурчилар йўқ. Баъзи баҳолашларга кўра, Лондонда IT-вакансиялар сони Калифорниядагидан кўра кўпроқ.

Келаётган ўн йилликда Лондонда юқори технологиялар соҳасида 11 минг янги иш ўрни пайдо бўлиши ҳақидаги тахминий фикрлар мавжуд.

  1. Нью-Йорк, Нью-Йорк штати, АҚШ

Нью-Йорк — бу алоҳида ҳикоя. Бир томондан унинг инфратузилмаси жуда эскирган, иккинчи томондан у ўта тараққийпарвар.

2013 йилнинг учинчи чорагида Нью-Йоркда 100 мингдан ортиқ иш ўрнини таъминловчи 7 мингга яқин юқори технологик компания мавжуд бўлган. Бундан ташқари, Нью-Йоркда LinkNYC — Манхэттеннинг 500 дан ортиқ нуқтасида умумий фойдаланишдаги текин Wi-Fi ишга туширилган. Кўпчилик экспертлар бу ҳали бошланиши эканлигини тахмин қилмоқда.

  1. Сан-Франциско, Калифорния штати, АҚШ

Дунёнинг ҳар бир юқори технологик шаҳри ўз мамлакатининг Кремний водийси номини қўлга киритиш учун номзодлик қилади. Биргина шунинг ўзи ҳақиқий Кремний водийси юқори технологиялар соҳасида олтин меъёр бўлиб хизмат қилишидан гувоҳлик беради.

Сан-Франциско, шубҳасиз, барча технологик ташаббуслар: кўп сонли стартаплар, улкан ҳажмдаги венчур инвестициялар, кўплаб дизайнерлар ва дастурчиларнинг марказидир.

Кремний водийси деярли барча ўлчовлар бўйича етакчи ҳисобланади. Унинг рақобатчилари етакчилик ҳақида фақат орзу қилиши мумкин.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.