Ўқишга қандай қилиб ДХМ орқали ҳужжат топширамиз?

  •   DiMaX
  •  694
  •  11.06.2019 09:19

Ўқишга қандай қилиб ДХМ орқали ҳужжат топширамиз?

«Тараққиёт стратегияси» марказида Давлат хизматлари агентлиги томонидан болаларни давлат мактабларига қабул қилиш ва олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш тартибидаги янгиликларга бағишланган брифинг ташкил этилди. Бу хусусда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.

ЎҚИНГ: Олий ўқувга ҳужжатларни онлайн топширамиз!

Хабарга кўра, тадбирда Давлат хизматлари агентлиги, Халқ таълими ва олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Давлат тест маркази масъуллари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Ҳукумат қарори билан Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланган эди. Унга мувофиқ, абитуриентлар таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган олий таълим муассасаларига Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳужжат топширишлари мумкин ва ушбу олий ўқув юртлари рўйхати ҳақида 5 кунлик муддатда таклиф Давлат комиссиясига киритилиши лозим.

Брифингда маълумот берилишича, Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали кириш тест синовларида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш белгиланмаган давлат ОТМга ҳужжат топшириш Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган Низомда белгиланган тартиб бўйича амалга оширилади.

Абитуриентлар ўзларининг доимий (вақтинча) рўйхатда турган жойидан қатъи назар, исталган Марказга мурожаат қилишлари мумкин.

ОТМларга ўқишга кириш учун ҳужжат ҳар йили 15 июндан 15 июлгача (шу куни ҳам) кўрсатилади.

– Бу тартиб биз учун янгилик эмас, ўтган йили Тошкент Давлат юридик университетига ҳужжатлар марказларимиз орқали қабул қилиниб, жараён экспериментдан муваффақиятли тарзда ўтказилган эди, – дейди Давлат хизматлари агентлиги бошкарма бошлиғи Махмуд Абдижалиев. – 7 мингта абитуриент ўз ҳудудидаги ДХМ орқали ҳужжатларини топшириб, белгиланган тарзда тест синовларида иштирок этган. Олий таълим муассасаларига ДХМ орқали ҳужжатларни қабул қилиш жараёнининг татбиқ этилиши босқичма-босқич амалга оширилади.

ЎҚИНГ: Энг яхши битирувчилар ТАТУга имтиҳонсиз қабул қилинади!

Ўқишга талабгор абитуриент ДХМ ходимига қуйидаги ҳужжатларнинг асл нусхасини тақдим этади:

- фуқаролик паспорти;

- паспорт ёшига етмаганлар учун туғилганлик тўғрисида гувоҳнома;

- умумий ўрта таълим (11-синф), ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат (иловаси билан);

- имтиёзга эга бўлган абитуриантлар имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат.

Ҳужжатлар асосида ходим керакли маълумотларни электрон тизимга киритгач, уларни абитуриентга қайтаради. Яъни, ҳужжатлар Марказда қолмайди.

Абитуриент бир вақтда, ўқитишнинг бир шакли доирасида 3 тагача олий таълим муассасасини танлаши мумкин.

Давлат хизматини кўрсатиш учун жорий йил битирувчиларидан ва ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслардан тўлов ундирилмайди.

Тест синовлари ўтказилаётган йилдан аввалги йилларда таълим муассасасини тугатган абитуриентлардан эса энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи (101 минг 365 сўм) миқдорида тўлов ундирилади.

ЎҚИНГ: Докторантурага ҳужжатлар энди электрон тарзда топширилади

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!