DxOMark бирйўла иккита йўналишда рекорд ўрнатган янги «камерофонлар қироли»ни эълон қилди

  •   DiMaX
  •  880
  •  02.08.2021 13:07

DxOMark бирйўла иккита йўналишда рекорд ўрнатган янги «камерофонлар қироли»ни эълон қилди

Xiaomi корпорацияси шу йил мартнинг охирида профессионал камералардан зўр илк смартфон – Mi 11 Ultra русумли премиум-флагманини тақдим қилган. Ўшандаёқ DxOMark лабораторияси бу моделни тест қилиб кўрган ва энг зўр камерофон, дея эътироф этган эди.

ЎҚИНГ: ТОП-10: Энг секин арзонлашувчи смартфонлар (2021 йил июнь)

Куни кеча эса хитойлик техногиган Huawei P50 ҳамда P50 Pro флагманларини намойиш қилди. Булардан Pro-версиянинг камераларини текшириб кўрган DxOMark мутахассислари унинг «камерофонларнинг янги қироли» эканлигини айтишди. Бунинг устига, Huawei P50 Pro бирданига иккита тоифада – асосий камера ҳамда селфи-сенсор имкониятлари бўйича рейтингларнинг тепасига чиқиб олган!

Қизиғи шундаки, энг зўр камерофонлар ТОП-бешталигини айни дамда фақат хитойликлар забт этиб турибди: Huawei корпорациясинииг учта ва Xiaomi компаниясининг иккита смартфони. Таққослаш учун айтиб ўтсак: Apple’нинг энг зўр телефони – iPhone 12 Pro Max модели бу рўйхатда атиги 9-ўриндан жой олган!

ЎҚИНГ: Сифатли сурат туширишда iPhone 12 билан беллаша оладиган смартфон топилди

Huawei P50 Pro бош камера тестларида 144 баллга лойиқ кўрилган, бу эса олдинги лидер – Xiaomi Mi 11 Ultra суперфлагманидан 1 баллга юқори кўрсаткич. Huawei’нинг битта аввалги флагмани – Mate 40 Pro+ моделинииг натижасидан эса янгиси нақ 5 баллга ошиб кетган.

Мутахассислар ушбу фотофлагман бош камерасининг бир қатор афзалликлари ва айрим камчиликларини санаб ўтишган. Улар билан батафсил (инглиз тилида) танишиш учун мана бу ҳавола орқали DxOMark сайтидаги тегишли саҳифага ўтиш мумкин.

ЎҚИНГ: Redmi’нинг ҳамёнбоп смартфони iPhone, Galaxy S21 ва ҳатто S21 Plus’лардан ҳам зўр чиқди!

Huawei P50 Pro нафақат бош камераси, балки олд камера имкониятлари бўйича ҳам шу пайтгача мазкур лабораторияда синаб кўрилган барча смартфонлардан устун келган. Эслатиб ўтамиз, селфи учун унда 13 мегапикселлик сенсор ҳамда фокус олиш масофаси 18 миллиметрлик, F/2,4 диафрагмали объектив қўлланган.

Янги флагман селфи-камерада фото расмга олиш бўйича 112 балл, видеосъёмка борасида эса 96 балл, умумий ҳисобда 106 балл олган. Таъкидлаш керакки, селфифонлар рейтингида иккинчи ва учинчи ўринларни ҳам Huawei вакиллари банд этган – Mate 40 Pro (104 балл) ҳамда P40 Pro (103 балл).

Икки карра рекордчи бўлмиш Huawei P50 Pro селфи-камерасининг тест жараёнлари билан батафсил (инглиз тилида) танишиб чиқишни истовчилар мазкур ҳавола ёрдамида DxOMark лабораторияси сайтига ўтсалар бўлади.

ЎҚИНГ: 2020 йилнинг энг зўр тўртта камерофони (DxOMark рейтинги)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!