DxOMark’да янги рекорд: Galaxy S9+ камераси iPhone X ва Pixel 2’ни «ўтирғизиб қўйди»!

  •   DiMaX
  •  2136
  •  01.03.2018 18:06

DxOMark’да янги рекорд: Galaxy S9+ камераси iPhone X ва Pixel 2’ни «ўтирғизиб қўйди»!

Камераларни профессионал таққослаш хизмати – DxOMark сервиси одатда янги тақдим этилган смартфонларнинг камерасини ҳам текшириб, ўз баҳосини беради. Жумладан, Samsung куни кечагина намойиш этган Galaxy S9+ моделининг қўшалоқ камераси ҳам аллақачон ушбу сервисда имтиҳон топширди.

ЎҚИНГ: DxOMark: Илғор камерафонлар рейтингида жиддий ўзгариш бўлди

Жанубий кореяликларнинг Galaxy S9+ флагмани бу имтиҳонда рекорд даражада – 99 балл тўплади! Бунгача эса биринчи ўринни 98 балл билан Pixel 2 эгаллаб турган эди.

Мутахассисларнинг таъкидлашларига кўра, Samsung Galaxy S9+ камерасида салбий жиҳатнинг ўзи йўқ. Унинг камераси фото суратга олишда ҳам, видео туширишда ҳам ажойиб ишлайди. Фақат фоторасмларнинг ўзига келадиган бўлсак, ушбу тоифада Galaxy S9+ нақ 104 балл олган – бу мутлақ рекорд ҳисобланади. Видео йўналишида у 91 балл тўплаган бўлса-да, бу ҳам шу пайтгача бозорга чиқарилган смартфонлар орасида энг яхши натижадир.

ЎҚИНГ: Galaxy S9’нинг тўққизта устунлиги: 5. Ҳар қандай ёруғлик шароитида ҳам ажойиб кадрлар! (+видео)

Galaxy S9+ орқа камераси яхши ёритилган шароитда ва қуёш нурлари остида аъло натижаларни қайд этди. У рангларни тиниқ ва жонли чиқара олди, яхши экспозиция ва кенг динамик диапазонини намойиш этди. Орқа фонни хиралаштириш ва сифатини йўқотмасдан тасвирни яқинлаштириш бўйича ҳам Galaxy S9+ жуда яхши таассурот уйғотди.

Таъкидлаш керакки, Samsung’нинг бу флагмани iPhone X ҳамда Pixel 2 каби кучли камерафонлари билан ҳам таққосланди. Бунда майда деталларни Galaxy S9+ улардан кўра кучлироқ етказиб бера олишини намойиш этди. 4 каррали зумда ҳам унда артефакт ва «шовқин»лар камроқ чиқди.

Ушбу қиёсий суратларни батафсил томоша қилиш учун, мана бу ҳавола орқали DxOMark сайтидаги тегишли саҳифага ўтишингиз мумкин.

Хўш, энди камераси бундан кучли смартфонни кутамиз-да, а? Қизиқ, у уч модулли камерага эга Huawei P20 Plus бўлармикан, ёки Nokia’нинг беш модулга эга «револьвер» камерали смартфоними?

ЎҚИНГ: Xiaomi'нинг ўрта нархли, юртимизда сотилаётган смартфони кучли камерафонларни уялтирди

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.