DxOMark йилнинг энг яхши селфифонлари рейтингини эълон қилди

  •   DiMaX
  •  1503
  •  29.11.2019 14:03

DxOMark йилнинг энг яхши селфифонлари рейтингини эълон қилди

Бироз аввал 2019 йилги энг яхши камерофонлари бўйича DxOMark компаниясининг рейтингини эълон қилган эдик. Мазкур лаборатория, шунингдек, селфи-камераси энг сифатли бўлган смартфонларнинг алоҳида рейтингини ҳам чиқарган.

ЎҚИНГ: Энг зўр iPhone ҳам DxOMark тестида иккита хитойча флагманга мағлуб бўлди!

Айтиш керакки, DxOMark мутахассислари смартфонларнинг олд камераларини 2019 йилнинг январидагина текшира бошлашган. Ўшандан буён ўтган салкам бир йиллик вақт мобайнида улар ҳамёнбоп телефонлардан флагман моделларгача бўлган жами 25 русумдаги смартфоннинг селфи имкониятларини синовдан ўтказишган. Ва ниҳоят, уларнинг энг зўрларини эълон қилиш вақти келди.

Умумий кўрсаткичлар бўйича 99 балл тўплаган Samsung Galaxy Note 10+ 5G флагмани етакчи бўлиб чиқди. DxOMark экспертлари уни ҳар хил ёритилган шароитларда селфи-съёмканинг кўплаб турлари учун «идеал танлов», дея эътироф этишди.

Иккинчи поғонани Asus ZenFone 6 банд этган бўлса, ундан кейинги иккита ўринни яна Samsung маҳсулотлари – Galaxy S10 5G ҳамда Galaxy S10+ эгаллаган. Кучли бешликни йилнинг энг зўр камерофони – Huawei Mate 30 Pro якунлаб берган.

Агар съёмканинг ҳар хил турлари бўйича оладиган бўлсак, селфи-видео учун энг зўри Samsung Galaxy Note 10+ 5G флагмани экан. Саёҳатлар учун энг маъқул селфифон деб эса Google Pixel 4 мақталган. Классик автопортретлар олишга айланма камерали Asus ZenFone 6 уста экан. Кенг бурчакли гуруҳли селфи бўйича ҳам Google Pixel 4 олдига тушадигани топилмаган.

Селфифонлар тестларига оид батафсил маълумотлар, гаджетларда олинган суратлар ва видеолар билан мана бу ҳавола орқали DxOMark сайтида (инглизчада) батафсил танишиш мумкин.

ЎҚИНГ: Samsung'нинг Note 10'ини унутинг. Мана, сотиб олишга арзийдиган смартфон!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!