EarTrumpet – Windows 10’га етишмаётган овоз созлагичи

  •   DiMaX
  •  1478
  •  24.04.2017 10:20

EarTrumpet – Windows 10’га етишмаётган овоз созлагичи

Ушбу операцион тизимда ҳар бир дастур учун алоҳида тарзда овоз созламаларини тезда киритиш учун EarTrumpet утилитаси жуда қўл келади.

Мазкур дастурни ўрнатганингиздан сўнг, вазифалар панелида қўшимча овоз созлагичи пайдо бўлади. Уни сичқончанинг чап тугмачаси билан босганингизда ойнача очилади. Ундаги мосламалар орқали исталган пайтда Windows 10 тизими товушларининг баландлигини ва динамикларнинг умумий овоз баландлигини назорат қилиш мумкин.

Бундан ташқари, EarTrumpet ойнаси айни дамда аудио ёки видео файлларини ижро этиб турган иловалардан ҳар бирининг овозини созлаш учун алоҳида созламалар мавжуд. Бу утилита бошқа дастурларнинг овоз баландлигига тегинмаган ҳолда, фақат компьютер ўйинининг, медиаплеернинг, браузернинг ёки Skype каби иловаларнинг овозини тезда пасайтириш имконини беради. Шунингдек, турли иловаларнинг ҳар бири учун энг мақбул овоз баландлигини доимий тарзда белгилаб қўйишингиз мумкин.

Айтиш керакки, Windows’нинг ўзида шунга ўхшаш функцияларга эга стандарт микшер ҳам бор. Уни очиш учун одатий овоз созлагичи устига сичқончанинг ўнг тугмачаси билан босасиз ва очилган контекст меню орқали кирасиз. Лекин EarTrumpet’нинг етарлича устунликлари мавжуд: тугмачаларни ортиқча босишларсиз вазифалар панелидан тўғридан-тўғри очилади ҳамда товушини стандарт микшер ёрдамида созлаб бўлмайдиган дастурларнинг овозини ҳам созлай олади.

Бу утилитани Windows Store’дан бепул юклаб олиш мумкин.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.