Эгасини рози қилаётган Android смартфонлар топ ўнталиги (март ойи)

Эгасини рози қилаётган Android смартфонлар топ ўнталиги (март ойи)

Хитойнинг AnTuTu веб-сайти ўтган март ойига кўра "энг мақтовга сазовор" Android смартфонлар топ ўнталигини эълон қилди. Унда Realme 10 Pro+ смартфони 95.65% натижа билан энг юқори ўринни эгаллади.

AnTuTu сайти Realme 10 Pro+ смартфонининг энг ажойиб томони унинг экранида эканглигини таъкидлайди. Ҳақиқатда, Realme ўз флагманини энга яхши технологияларга асосланиб тайёрланган дисплей билан таъминлаган: ён томонлари қайрилган 6.7 дюймли OLED экран 120 герц янгиланиш тезлиги, 2160 герц ултра-юқори тезликдаги ёрқинлик бошқаруви, FHD+ резолюция ва атиги 2.33 мм қалинликдаги пастки жағга эга.

Фото: AnTuTu

Рўйхатнинг фахрли иккинчи ўринини ўтган йили ёзда чиқарилган Xiaomi 12S Ultra смартфони 95.06% баҳо билан қўлга киритган. Айтиш керакки, смартфон орқа томонида 1 дюймли камера сенсори билан жиҳозланган ва у ҳозиргача энг яхши камерали телефонлар қаторида туради.

Oppo Find Х6 Pro смартфони топ учликни роппа-роса 95% баҳо билан ёпиб беради. Яқинда тақдим қилинган ушбу смартфон ҳам 1 дюймли асосий камера сенсорига эга. Компания расмийларига кўра, у сиз яхши суратга олади деб ўйлайдиган исталган флагманга қарши тура олади.

Тақдим қилиниши биланоқ DxOMark рейтинггида "энг яхши камерага эга смартфон" деб топилган Honor Magic 5 Pro смартфони 94.76% баҳо билан тўртинчи банд қилган бўлса, Xiaomi 13 Pro флагмани 94.25% баҳо билан бешинчи ўринни эгаллаган.

Рўйхат давомида Huawei P50 Pro олтинчи (93.9%), OnePlus 11 еттинчи (92.59%), vivo Х90 Pro+ саккизинчи (92.53%), iQOO 11 Pro тўққизинчи (91.43%) ва Samsung Galaxy S23 Ultra эса ўнинчи ўринда (91.23%) турганлигини кўришимиз мумкин.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!