Эҳтиёт бўлинг: WhatsApp’да янгича фирибгарлик тарқалмоқда!

  •   DiMaX
  •  935
  •  03.04.2019 18:21

Эҳтиёт бўлинг: WhatsApp’да янгича фирибгарлик тарқалмоқда!

ESET антивирус компанияси экспертлари WhatsApp мессенжерида янгича кўринишдаги алдов – фишинг ҳужуми тарқалаётгани ҳақида бонг уришмоқда. Бунда фойдаланувчиларга тарқатмалар жўнатиб, илова интерфейсининг рангини ўзгартириш учун махсус кенгайтмани юклаб олиш таклиф этилади.

ЎҚИНГ: Фишингнинг 8 белгиси

Алдов қурбони бўлаётган фойдаланувчига юборилган тарқатмада яшил WhatsApp интерфейсини исталган рангга алмаштиришни таклиф этишади. Бунинг учун ўша келган ҳавола орқали ўтиш ва махсус кенгайтма ёки дастурни ўрнатиб олиш керак бўлади. Табиийки, ушбу дастурий таъминот зиёнкор кодга эга.

Қурилмага ўрнатиб олингач, бу кенгайтма WhatsApp’даги контактларга ҳамда гуруҳларга автоматик тарзда шунақа таклиф жўнатаверади. Қизиқ жойи – зарарли бўлса-да, мазкур кенгайтма яқинларгача Chrome интернет-дўконида турган ва уни тахминан 16 мингтача киши юклаб олган.

Смартфонлар эгаларига эса тегишли ҳаволани дўстларига ўзи юбориши таклиф этилади, шусиз WhatsApp’нинг ранги ўзгармайди. Кейин эса фойдаланувчига best_video.apk номли файлни юклаб олиш ва билдиришномаларга обуна бўлиш таклиф этилади. Шундан сўнг бу смартфонга рекламалар чиқариб турувчи троян-вирус тушади.

Жўнатилаётган хатларнинг тилига қараганда, фишинг ҳужуми асосан бразилияликларга ва испан тилли бошқа халқларга қаратилган. Аммо унинг тез орада бошқа ҳудудларга ҳам тарқалишини тахмин қилиш мумкин, шу боисдан эҳтиёткорлик талаб этилади.

ЎҚИНГ: Android тизимига вируслар нега тушади ва улардан қандай қутуламиз?

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!