Эҳтиёт бўлинг! «Ўлим гуруҳлари» Тошкентгача етиб келди!

  •   DiMaX
  •  2298
  •  20.02.2017 10:11

Эҳтиёт бўлинг! «Ўлим гуруҳлари» Тошкентгача етиб келди!

«Кўк кит» деб номланган хавфли ўйин собиқ Иттифоқ мамлакатлари орасида кенг тарқалмоқда. Бу ҳақда Спутник нашрига таяниб Соф.уз сайти хабар бермоқда.

2016 йилда Россияда 720 нафар, Қирғизистонда 95 нафар ва Қозоғистонда 33 нафар ўсмирлар айнан шу ўйин туфайли ўз жонига қасд қилишган. (Текширув натижасида ўсмирларнинг Россияда 15 нафари, Қирғизистонда 10 дан ортиғи ва Қозоғистонда 16 нафари ижтимоий тармоқлардаги «ўлим гуруҳлари» аъзоси бўлгани аниқланган).

Бу қандай ўйин?

Кўк кит, мен ўйиндаман, мени соат 4:20да уйғот ва ҳоказо хештегларини чоп этгач, ўсмир маълум вақт ўтиб «куратор»лардан топшириқлар, турли бошқотирмалар ола бошлайди. Аввалига уларга ечим топиш ўсмир учун қизиқ туюлади. Ўйинчидан аввалига қўлига кўк китнинг расмини чизишни сўрашади, кейинги топшириқ эса танадан писка (лезвие) ёрдамида кўк китнинг суратини кесиб олиш бўлади.

Ўйин иштирокчиси ҳар бир бажарилган топшириқни суратга олиб, далил тариқасида «куратор»га юборади. Сўнгги топшириқ эса ўз жонига қасд қилиш бўлади. Агар ўсмир ушбу топшириқни бажаришдан бош тортса, «куратор»лар унга ота-онаси ва яқинларини ўлдириш билан таҳдид қила бошлайдилар. Ҳали руҳияти чиниқмаган ўсмир, ўйин бошлашдан ўз «ўлжа»сини обдон ўрганган ва унинг нозик томонларини пайқаб олган ўйин модератори таъсирига тушиб қолади.

Ўтиш даврида қайси ўсмирда муаммолар бўлмайди дейсиз? Баъзан бутун дунё уларга қаршидек, ота-оналари уларни тушунмаётгандек, мактаб эса фақат муаммолардан иборатдек туюлади уларга.

«Ўлим гуруҳлари» – улар ким?

ОАВда «ўлим гуруҳлари» деб ном олган бундай гуруҳлар одатда ижтимоий тармоқлар орқали тарқалиб, асосан мактаб ёшидаги болаларни жалб қилади. Гуруҳлар тажрибали психологлар томонидан бошқариб борилади.

Ижтимоий тармоқда «ўлим гуруҳи» ташкил қилган киши қўлга олинди. Қозоғистон ички ишлар вазири Калмуханбет Касимов Қозоғистонда фаолият юритган ана шундай гуруҳлардан иккитасининг номини тилга олди: «Кўк кит» (Синий кит) ва «Тинч уй» (Тихий дом). Ушбу гуруҳлар ўз фаолиятини ўйин сифатида олиб борган. Гуруҳ аъзолари турли топшириқлар бажариб, уни видеога олишлари ва гуруҳда намойиш қилишлари керак бўлган. Масалан, тез кетаётган автомобиль олдидан сўнгги дамда югуриб ўтиш каби…

Интернетда ҳайдовчилар бир неча бор шундай воқеанинг гувоҳи бўлишган экан. Бу ўйинларда босқичма-босқич «топшириқ»лар мураккаблаштириб борилади ва энг охирги топшириқ ўз жонига қасд қилиш бўлар экан. Вазир хабарига кўра, «ўлим гуруҳлари»га қарши курашишда маълум қийинчиликлар бор, чунки гуруҳ бошловчиларининг кўпчилиги чет элдан туриб фаолият юритмоқда.

Жумладан, «ВКонтакте» Россияда, Facebook ва Instagram эса АҚШда жойлашган. Айни дамда Қозоғистон ИИВ томонидан уларни техник блокировка қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Ўтган йил давомида Қозоғистон ҳуқуқни сақлаш органлари томонидан ушбу каби жиноятлар учун 44 та жиноий иш қўзғатилган. Аниқланишича, шу «ўйин»лар оқибатида 16 нафар бола қурбон бўлган.

Мутахассис маслаҳати

Ҳозирги техник тараққиёт замонда хавф-хатар кутилмаган туйнуклардан кириб келмоқда. Ёшлигида компьютер ўйнамай, интернет нималигини билмай катта бўлган ота-оналар бугунги кунда Интернетда қандай хавф-хатар яширингани тасаввур ҳам қила олмайди.

Ўзи кун бўйи ишда, боласи эса қўлида телефон билан ёки компьютер ёнида ёлғиз қолса, хоҳлаган сайтига кириши, истаган гуруҳларга аъзо бўлиши мумкин. Ўз фарзандини ана шундай хавфлардан асраш учун ота-она унинг смартфон ва планшетида қандай ўйинлар ўйнаётганини, ижтимоий тармоқларда ким билан мулоқот қилаётганидан хабардор бўлиб туриш ўта муҳим. Энг яхшиси, болани имкон қадар кўпроқ машғулотлар билан банд қилиш керакки, Интернет ўйинларини ўйнаётган ўсмирнинг ортиқча ишлар билан шуғулланишга вақти ҳам кучи ҳам қолмасин. Турли спорт машғулотлари, тўгараклар, мусиқа дарслари, уй юмушлари ва ҳоказо.

Энг ёмони – фарзандининг ишончини йўқотиш ва ундан узоқлашиб кетиш. Бунинг олдини олиш учун ота-она кўпроқ боланинг ҳаётида иштирок этиши керак, у билан бирга шуғулланиши, унинг мактабда, тўгаракдаги муваффақиятлари билан қизиқиши ва керак бўлганда маслаҳат бериб туриши ўта муҳим. Ҳар қандай ўсмир ҳам тезроқ катта бўлиб «жиддий» ишлар билан шуғулланишга ошиқади. Шундай вақтда у ижтимоий тармоқларда турли ғаламисларга дуч келиши мумкин.

«Носоғлом маънавиятли» гуруҳга аъзо бўлган боланинг феъл-атвори тезда ўзгаради. У камгап ва одамови бўлиб қолиши, кун бўйи уйда ўтриши, ўзининг доимий ўртоқлари ва синфдошларидан ажралиб, бутунлай янги танишлари билан кўпроқ вақт ўтказиши, оила аъзолари билан кам мулоқот қилиб, сал нарсага жаҳли чиқадиган бўлиб қолиши мумкин.

Бундай ҳолларда, энг асосийси, ота-она ҳар лаҳза, ҳар қадамда фарзандидан бохабар бўлиб туриши керак. Боланинг ноқонуний фаолият юритувчи гуруҳга аъзо бўлгани аниқланса, дарҳол ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идораларга хабар қилиши шарт. Шунда у нафақат ўз фарзандининг, балки бошқа болаларнинг ҳам ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!