Экрандаги «ўлик» пикселларни текшириш

  •   DiMaX
  •  4150
  •  25.01.2017 11:37

Экрандаги «ўлик» пикселларни текшириш

Смартфон ва планшетни ишлатишда унинг экрани ғоятда муҳим роль ўйнайди, унинг сифатига кўп нарса боғлиқ. Бу жиҳатдан аҳамиятли омиллардан бири – унда ишламайдиган, «ўлик» пикселлар бўлмаслигидир. Шундай экан, бундай қурилма харид қилаётиб, унинг мана шу хусусиятини текшириш лозим. Қуйида бунинг энг асосий йўлларини ўргатамиз.

Суратлар ёрдамида текшириш

Олдиндан бир нечта расм тайёрлаб қўясиз, уларнинг ҳар бири фақат бир хил рангда бўлсин: оппоқ, ям-яшил, сап-сариқ ва ҳоказо; сурат шу тегишли рангнинг турли даражали тусларида ҳам эмас, сидирғасига бир текис рангда бўлгани маъқул. Чунки, экрандаги ўлик пикселлар ҳар хил рангда бўлиши мумкин.

Текширилаётган смартфонга шу суратларни ўтказиб олиб, уларнинг ҳар бирини диққат билан кўздан кечиринг. Уларнинг бирортасида бошқа рангдаги ёки ёрқинроқ нуқта бўлмаслиги лозим. Айни шу рангдан фарқ қилувчи нуқтача – «ўлик» пикселдир.

Суратлар бўлмаса-чи?

Баъзан экрани текширилаётган қурилмага суратларни ўтказиш имкони бўлмай қолиши мумкин. Хавотир олманг – бундай ҳолатда ҳам пикселларнинг тўғри ишлаётганлигини текшириш йўли бор.

Бунинг учун тўқ қора рангли нарсани ўша смартфоннинг ўзида суратга олиш керак. Масалан, объективини кафтингиз билан тўлиқ ёпиб туриб, расмга туширасиз. Кейин эса шу суратни синчиклаб кўздан кечирасиз – унда оқишроқ нуқта бўлса, шу жойдаги пиксель ишламаяпти, деганидир.

Ёки аксинча – оппоқ қоғозни расмга оласиз ва фотосуратни текширасиз – унда нуқталар бўлмаса, экраннинг барча пикселлари ишлаётганлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Иловалар ёрдамида текшириш

Экраннинг пикселларини текширишга мўлжлланган махсус иловалар ҳам бор, уларни иловалар дўконидан бепул олишингиз мумкин. Масалан, Dead Pixel Test.

Бундай дастурлар турли рангли тасвирларни экранда ўзи акс эттиради, сиз эса унга диққат билан қараб турсангиз бас – «ўлик» пикселлар бўлса, тезда кўзга ташланади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!