Экрани ҳам букилиб, ҳам чўзилувчи илк смартфон – TCL Fold 'n' Roll намойиш этилди! (видео)

  •   DiMaX
  •  471
  •  15.04.2021 08:59

Экрани ҳам букилиб, ҳам чўзилувчи илк смартфон – TCL Fold 'n' Roll намойиш этилди! (видео)

Букилувчи дисплейга эга смартфонлар аллақачон урфга кириб бўлди, янги тренд эса экрани чўзилувчи гаджетлардир. TCL компанияси эса бултар мартдаёқ чўзилувчан экранли смартфон ва Z-симон букламафон яратган – биз уларнинг «жонли» видеоларини эълон қилганмиз.

ЎҚИНГ: Ўрама смартфонни ишлаётган ҳолида «жонли» видеода кўрамиз!

TCL энди такрорланмас форм-факторли гаджет – Fold 'n' Roll русумли мобил қурилмасини расман намойиш этди. Унинг экрани майдонини икки хил усулда каттайтириш мумкин – оддий букламафон каби букиш ва чўзиш имкони бор. Унинг ишлаш принципини компания қуйидаги видеороликда кўрсатиб берган:

TCL Fold 'n' Roll девайси компаниянинг ўзи ишлаб чиққан DragonHinge шарнири билан жиҳозланган. Мазкур детал қурилмани букиш-ёйиш орқали дисплейнинг ўлчамини 6,87 дюйм ёки 8,85 дюймга келтириш имконини беради. Чўзиш механизми ёрдамида эса экраннинг ўлчамини 10 дюймлик қилиш мумкин. Бунда букланган ҳолатида гаджет корпусининг қалинлиги стандарт смартфонникидан атиги бир ярим бараварга ошиқ, холос.

Бундай конструкциянинг салбий жиҳати эса корпус букланганида смартфоннинг бош камераси ичкарида қолишидир; суратга олиш учун қурилмани «планшет режими»га ёйиш шарт. Ушбу ғайриоддий смартфон ҳали прототип мақомида бўлиб, якуний ҳолатда тақдим этилиш вақти ҳам номаълум. Шунингдек, компания TCL Fold 'n' Roll моделининг техник хусусиятларини ҳам ошкор этмаяпти.

ЎҚИНГ: LG шу йилиёқ сотувга чиқувчи, ўрама экранли Rollable смартфонини видеода кўрсатди!