Экранни турли қирилиш-чизилишлардан тозалашнинг 6 услуби

Экранни турли қирилиш-чизилишлардан тозалашнинг 6 услуби

Гаджет экрани қирилиши — бу, албатта, барча учун тааллуқли бўлган мавзу. Эндигина сотиб олинган техникада бир ҳафта ўтар-ўтмай турли чизилиш ва қирилишлар пайдо бўлиши табиий ҳол. Бу тозалик ва тартиб ихлосмандлари эса учун ёқимсиз вазият. Яхши-ки, экранни турли қирилиш-чизилишлардан тозалашнинг маълум услублари мавжуд. Ҳозир айнан мана шу муаммонинг олтита оддий ва осон ечими ҳақида маълум қилмоқчимиз.

1. Тиш пастаси. Уйимизда энг тез топиладиган нарса айнан тиш пастаси, десак муболаға эмас. Фақат унинг гелли варианти эмас, балки тоза тиш пастаси эканига аҳамият бериш керак. Хўш, қандай тозаланади: а) Момиқ тиббий пахта(тампон) ёки юмшоқ мато устига тиш пастасини сиқасиз.

б) Экраннинг қирилган ёки чизилган қисмини айланма ҳаракат кўринишида эҳтиёткорлик билан артасиз.

в) Экрандаги тиш пастаси қолдиқларини эса нам мато билан яхшилаб тозалаб ташлайсиз.

2. Қирилишларни тозалаш учун махсус автомобиль креми. Бу муаммони ҳал қилишда автомобилнинг устки қопламасидаги қирилиш-чизилишларни тозалаш учун махсус кремлар, масалан, Turtle Wax, 3M Scratch ва Swirl Remover кабилар ёрдам бериши мумкин. Услуб оддий: Ана шундай кремни юмшоқ матога суртиб, айланма ҳаракат билан оҳиста артиб чиқасиз.

3. Жилвир қумқоғоз (наждак) ёки силлиқлаш дастгоҳи. Кутилмаган услуб. Шундайми? Аммо бу ҳам бир услуб. Экранни тозалашда жилвир қумқоғознинг кичик бўлаги кифоя қилади. Аммо бир оз таваккал иш. Шунинг учун буни аввал айнан шундай бошқа сиртда синаб кўрган маъқул.

4. Озиқ-овқат содаси. Истеъмол содаси ҳам муаммони бартараф этишда яхши самара беради. Яъни содани сув билан аралаштириб, қўйиқ паста холига келтириш ва уни юмшоқ мато устига суртиб, экраннинг қирилган ёки чизилган қисмини айланма ҳаракат билан артиш талаб этилади. Шундан сўнг, нам мато билан экранни сода қолдиқларидан тозалаш зарур.

5. Болалар сепки кукуни (присыпка). Болалар сепки кукуни ҳам муаммога ечим бўлиши мумкин. Уни ҳам сув билан аралаштириб, юқорида айтилган йўсинда тозалаш керак.

6. Ўсимлик ёғи. Гаджет экранидаги майда қирилишларни тозалашда ўсимлик ёғи ҳам яхши фойда беради. Бир томчи ёғ билан бемалол экранни чиройли кўринишга келтириш имкони мавжуд.

Умид қиламиз-ки, мазкур оддий тавсиялар ҳар кўзингиз тушган чоғда ғашингизни келтирадиган экрандаги турли қирилиш ва чизилишларни бартараф этишга кўмак беради.