Эксклюзив: Германия полицияси Telegram’ни қандай бузиб кира олган?

  •   DiMaX
  •  1962
  •  19.12.2017 17:04

Эксклюзив: Германия полицияси Telegram’ни қандай бузиб кира олган?

Мессенжерлар орасида Telegram ўзининг мустаҳкам ҳимояси билан ажралиб туриши маълум. Ҳатто фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини тақдим этиш талабини бажармагани учун Россия унинг асосчиси Павел Дуровга жарима солиб, турли тазйиқлар ўтказаётганидан хабаримиз бор. Дуров шу пайтгача бу мессенжердаги ёзишмалардан бирортасини учинчи томонга тақдим этишмагани билан фахрланиши ҳақида ҳам ёзганмиз.

ЎҚИНГ: Telegram асосчиси: «WhatsApp ва Facebook ўз фойдаланувчиларининг ишончини сотмоқда»

Аммо, Motherboard нашрининг ёзишича, Германия полиция федерал бошқармаси Telegram’даги ҳимояланган ёзишмаларни кўриш имконини берувчи махсус дастурий таъминотни қўлга киритган ёки ўзи ишлаб чиққан эмиш. Хабарда маълум қилинишича, 2015 йили унинг ёрдами билан полициячилар Telegram’даги 32 та аккаунт маълумотларига киришга ҳамда уларнинг ёзишмаларини, ўзаро алмашишган фотосурат ва видеолавҳаларни кўчириб олишга муваффақ бўлишган.

ЎҚИНГ: Қандай қилиб Telegram’ни бузиб киришдан ҳимоя қилиш мумкин

Германияда 2008 йилдан бери амалда бўлган қонунга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва махсус хизматлар эҳтимолий террорчиларнинг ва террорчилик жинояти бўйича судланганларнинг компьютер, смартфон ва бошқа электрон қурилмаларига бузиб киришлари мумкин. 2016 йилда эса мамлакат ҳукумати бу борада «Бундестроян» деб аталувчи махсус вирусдан фойдаланишга ҳам рухсат берган. Ушбу дастурий таъминот давлатга ва жамиятга қарши ғайриҳуқуқий ҳаракатларни амалга оширишга тайёргарликда ҳамда жиноятларни амалга оширганликда гумон қилинган шахсларга тегишли электрон қурилмаларни кузатишга мўлжалланган.

Хуллас, хабарда полициячилар Telegram’ни қандай бузиб кирганликлари борасида тафсилотлар берилмаган. Мутахассисларнинг фикрича, улар гумонланувчиларнинг смартфон, планшет ва компьютерларига «Бундестроян» махсус вирусини «юқтириб», шунинг ёрдамида уларнинг аккаунтларига кира олишган. Бошқача қилиб айтганда, Германия полицияси стандарт идентификация амалиёти орқали Telegram-аккаунтларга кира олганлар. Бироқ бу ҳам аниқ маълумот эмас, балки тахминдир.

ЎҚИНГ: Аккаунтингизни бузиб киришдан сақлаш усуллари

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.