Эксклюзив: iPhone SE 2018 илк «жонли» суратда!

  •   DiMaX
  •  3842
  •  13.01.2018 13:44

Эксклюзив: iPhone SE 2018 илк «жонли» суратда!

Apple ўзининг ихчам iPhone SE смартфонини янада такомиллаштириб, янгича талқинда чиқараётгани ҳақидаги хабарлар 2017 йилдаёқ пайдо бўла бошлаганди. Ҳозиргача унинг тахминий хусусиятлари, рендер суратлари чиққан, аммо бирорта расмий маълумот ёки қурилманинг ҳақиқий расми кўринмаган эди.

ЎҚИНГ: Қойилмақом iPhone SE 2018 суратлари тарқалди – ромсиз классика!

Бугун эса интернетда ажойиб iPhone SE 2018 моделининг ҳақиқий «жонли» фотосурати тарқалди. Унда «олмали» корпорациянинг мазкур ихчам мобил қурилмаси орқа томонидан акс эттирилган. Аввал тахмин қилинганидек, унинг орқа қопқоғи чиндан ҳам буткул шишадан ишланган экан. Бу эса смартфонга, турли янги инновациялар қатори, симсиз қувватлаш технологияси ҳам жорий этилаётганидан дарак беради.

iPhone SE 2018 орқа панели буткул шишадан бўлгани боис, телефон ўзгача дизайн касб этиши мумкин. 2016 йили ишлаб чиқарилган биринчи авлод iPhone SE орқаси металлдан эди, буниси эса шишадан ишлангани боис бирмунча мўрт ҳам бўлиши табиий. Шу боис Apple муҳандислари унинг нафақат ташқи кўринишини, балки ички тузилишини ҳам ўзгартиришса керак. Масалан, iPhone X’нинг қисмларини бирлаштириб турувчи ичидаги роми алюминийдан эмас, балки анча мустаҳкам жарроҳлик пўлатидан ясалгани унинг турли синовлардан муваффақиятли ўтишига ёрдам берган.

ЎҚИНГ: Эксклюзив видео: iPhone X’ни 300 метрлик баландликдан ташласа нима бўлади?

Ҳозиргача тарқалган маълумотларга кўра, 2018 йилги iPhone SE смартфони диагонали 4 ёки 4,2 дюймга тенг IPS-экранга эга бўлади. Унинг «юраги» сифатида 4 ядроли Apple A10 Fusion процессори хизмат қилади. Айфон, 2 ГБ тезкор хотира ва 32/128 ГБ доимий флеш-хотирага эга талқинларда ишлаб чиқарилади. Асосий камераси 12, олд камераси эса 5 мегапикселли датчикка эга.

Янги айфон ҳам Apple’нинг анъанавий Lightning портига эга, 1700 мА/соат сиғимли аккумуляторини эса симсиз қувватлаш мумкин. Шунингдек, бу батарея MacBook’нинг махсус адаптери ёрдамида тезкор қувватлаш технологиясини ҳам қўллаб-қувватлайди.

«Тишланган олмали» ихчам смартфон 400 АҚШ доллари атрофида баҳоланиши тахмин қилинмоқда. Бироқ унинг тақдимот санаси каби, нархи ҳам ҳозирча аниқ эмас. Ҳозиргача савдога чиқарилган бошқа айфонлар эса Ўзбекистон бозорларига ҳам етиб келган.

ЎҚИНГ: iPhone X ва бошқа айфонларнинг сўмдаги нархлари (2018 йил 13 январь)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!