Эксклюзив: Сизнинг саволларингизга Тошкент шаҳридаги Инҳа университети раҳбарияти берган жавоблар

  •   DiMaX
  •  2637
  •  17.03.2017 15:50

Эксклюзив: Сизнинг саволларингизга Тошкент шаҳридаги Инҳа университети раҳбарияти берган жавоблар

Маълумки, компьютер ва дастурий таъминот технологиялари йўналишида таълим берувчи олий ўқув юртлари орасида Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг алоҳида ўрни бор. У Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг 2014 йил 24 мартдаги қарорига биноан ташкил этилиб, 2014 йил 2 октябрдан «Компьютер инжиниринги» ва «Дастурий инжиниринг» йўналишлари бўйича фаолият бошлаган. 2016 йили таркибий тузилишга ўзгартиш киритилди ва ҳозирда унда талабалар иккита: «Компьютер инжиниринг ва Дастурий инжиниринг (SOCIE)» ҳамда «Логистика (SOL)» факультетларида таҳсил олмоқдалар.

Мазкур илм даргоҳини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсадлар халқаро стандартлар даражасидаги ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашни янада такомиллаштириш, шунингдек, илғор хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш эди.

Хўш, бу мақсадларга эришиш қандай бўляпти, университетнинг бугунги ҳаёти, ундаги ўқув жараёни қанақа? Бу олий ўқув юртида ўқишнинг афзалликлари нималардан иборат? «Terabayt.Uz» сайти таҳририяти шу каби ҳамда сайтимиз мухлислари йўллаган саволларга жавоб олиш мақсадида мазкур олий ўқув юрти ректори Бабаходжаев Сарвар Наджимович билан суҳбат уюштирди.

Университет раҳбарияти ўз профессор-ўқитувчилар жамоаси ҳамда талабалари билан ҳақли равишда фахрланади

– Тошкент шаҳридаги Инҳа университети қисқа фурсат ичида тилларга тушди. Университет ўз муваффақиятини қайси омиллар билан боғлайди?

Қисқа вақт ичида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети мамлакатимиздаги етакчи олий ўқув юртларидан бирига айланишига, фикримизча, бир неча омиллар сабаб бўлмоқда. Биринчиси – Тошкент шаҳридаги Инҳа университети кириш имтиҳонларининг тўлалигича очиқ ва шаффоф тарзда ташкил қилинишидир. Ҳаққоний имтиҳонлар орқали биз фақат билимли ва истеъдодли ёшларни ўқишга қабул қилиш имкониятига эга бўламиз. Мана, 2016–2017 ўқув йили учун кириш имтиҳонини биз реал вақт режимида онлайн-трансляция қилиб борганимиз бунга яққол мисол.

2016–2017 ўқув йили учун кириш имтиҳони реал вақт режимида онлайн-трансляция қилиб борилди

Иккинчидан, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида таълим тизими Корея Республикасидаги Инҳа университети таълим дастурлари асосида ташкил этилган. Шу билан бирга, Корея Республикасидаги Инҳа университети ёшларимизга сифатли таълим бериш учун хорижлик ва маҳаллий малакали профессор ва ўқитувчиларни жалб қилиб келмоқда.

Яна бир муҳим омил, Корея Республикасидаги Инҳа университети Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида таълим тизими сифати ва ўрнатилган стандартларга жавоб беришини мунтазам назорат қилиб боради.

Талабаларни рағбатлантириш жуда муҳимдир. Бизнинг университетда ҳар бир семестр натижасига кўра, ҳар бир курсдан ўн нафар энг аълочи талабалар келаси семестр тўлов пулидан тўлиқ ёки қисман озод этиладилар. Бу эса, талабаларнинг билим олишларига ва ўз устларида ишлашларига рағбатлантирувчи туртки бўлади.

– Юртимиз АКТ меҳнат бозори учун кадрлар тайёрлайдиган нуфузли муассаса раҳбари сифатида, бугунги талабга жавоб берадиган IT-кадр деганда унинг қайси билим ва кўникмаларини қайд этган бўлардингиз? Соҳада ўз ўрнини топиш учун кадрлар қайси сифат ва қандай билимларга эга бўлиши керак?

– IT ҳозирги кунда энг тез ривожланаётган соҳалардан биридир. Бозорга янгидан-янги маҳсулотлар ва дастурий ечимлар кириб келмоқда. Бу эса IT мутахассислари авваламбор фундаментал билимларга эга бўлишлари лозимлигини билдиради. Бу билимларни улар университетдаги таҳсил давомида оладилар. Ушбу билимлар асосида улар янги технологиялар ва дастурий ечимларни тезроқ ўрганишлари мумкин бўлади.

IT мутахассислари ўз ишларига ижодий ёндашишлари ва одамларнинг ишларини осонлаштирадиган ҳамда муаммоларига ечим бўладиган муҳсулотлар таклиф эта олишлари лозим.

Ҳозирда бозорда мавжуд машҳур IT-маҳсулотларнинг аксариятини одамлар ушбу омиллар асосида юзага келтиришган. Яъни, маҳсулот муаллифлари ҳаётларида бирор бир муаммога дуч келганлар ва масалага ижодий ёндашган ҳолда IT ёрдамида ечим топганлар.

– Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига кириш учун имтиҳон топширган баъзи бир ёшлар имтиҳон вақтида максимал даражадаги балларни тўплаганликлари, кореялик мутахассисларни ҳам ҳайратга солганликлари тўғрисида эшитганмиз. Бевосита ўқиш ва амалиёт даврида бундай талабаларнинг кучли билимлари уларга қанчалик ёрдам беряпти? Умуман, яхши дастурчи бўлиш учун мактабда олинган билимнинг аҳамияти қанчалик?

– Ҳақиқатдан ҳам, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига кирган бир неча ёшлар максимал, яъни 100 балл тўплаган ҳолда олий ўқув юртига ўқишга кирганлар. Уларга университетгача, мактабда олган билимлари олий ўқув юртида таълим олишларига кўмак беради. Аммо улар бўшашмасликлари ва қолган барча талабалар каби таълим олишлари керак. Мактабда олинган билимни бинонинг асосига қиёслаш мумкин. Университетдаги таълим эса бу асоснинг давомидир.

– Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ташкил этилган Инновациялар маркази фаолиятининг университетдаги тадқиқот ва изланишлардаги аҳамиятини нималарда тасаввур қиласиз?

– 2016 йилда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети қошида Инновациялар ва саноат кооперацияси маркази ташкил этилди. Ушбу марказнинг асосий мақсади университет ва IT соҳасида фаолият юритувчи компаниялар билан алоқалар ўрнатишдир. Бундай ҳамкорлик орқали биз университет талабаларининг реал лойиҳаларда иштирок этган ҳолда, ўзларининг билимларини мустаҳкамлашлари мумкин бўлади.

Талабалар реал лойиҳаларни амалга ошириш орқали тажрибага эга бўладилар. Аминмизки, бу тажрибалари келажакда уларга ишга киришларида акс қотади.

Шу билан бирга, улар турли лойиҳаларда иштирок этиш орқали ўзларининг инновацион дастурлари ва ечимларини яратиш ҳамда амалиётга жорий этиш имкониятига эга бўладилар.

Университет ва соҳа вакиллари ҳамкорлиги икки томон манфаатларига хизмат қилади. Корхоналар ўз фаолиятлари учун керак бўлган маҳсулот оладилар, талабалар эса ўз билимларидан фойдаланган ҳолда тажрибга эга бўладилар.

– Мазкур университет битирувчилари келажакда юртимизнинг қайси соҳаларини ривожлантиришга хизмат қилишади, деб ўйлайсиз?

– Мен бунда бирор бир соҳани ажратиб кўрсатишни истамайман. Ҳозирда ахборот технологиялари деярли ҳамма соҳаларга жорий этилган. Аминманки, битирувчиларимиз қайси соҳада ишлашларидан қатъи назар, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ўсишига ва янги ютуқларга эришишида ўз ҳиссаларини қўшадилар.

– Бугунги кунда IT-кадрларни тайёрлашда кўпроқ нималарга эътибор қаратиш лозим?

– Энг аввало замон билан ҳамнафас бўлиш лозим. Ҳозирда ахборот технологиялари жадал суръатларда ривожланаётган соҳалар қаторига киради. Шунинг учун ҳам IT-кадрларни тайёрлашда дунё АКТ соҳасидаги бераётган янгиликларга эътибор қаратиш керак. Биласизми, кўпчилик АКТ олами янгиликлари, бу борадаги маълумотлар билан асл ҳолида эмас, таржима ҳолида танишадилар. Инглиз тилида чиққан бу хабар кўпинча аввал рус тилига, сўнг эса ундан ўзбек тилига таржима қилинади. Маълумки, ҳар қандай янгилик ҳам бир-икки таржимадан кейин ўзининг асл ҳолатидаги маъносини оз бўлса-да, йўқотади. Бизнинг талабаларимиз эса бундай янгиликлардан асл инглиз тилида танишиш имконига эгалар ва шунинг учун ҳам замон билан ҳамиша ҳамнафаслар.

Бундан ташқари, IT-кадрларни тайёрлашда уларнинг мустақил фикрлашларига ва ўз устларида қаттиқ ишлашларига эътибор қаратамиз. Барча талабалар учун бепул Wi-Fi улаб берилган, шунингдек, кутубхонамизни ҳам IT соҳасидаги энг сўнгги адабиётлар билан тўлдириб боришга ҳаракат қиляпмиз. Энг қувонарлиси, кутубхонамиз ҳамиша талабалар билан тўла, улар тинмай ўқишади, изланишади ва умид қиламанки, келажакда малакали IT-кадрлар бўлиб етишиб чиқишади.

Талабалар мақсад сари ўзлари онгли равишда интилишади

– Университет зиммасига халқаро стандартларга жавоб берадиган мутахассислар тайёрлаш вазифаси юкланган. Мана, айни пайтда «илк қалдирғоч»лар битириш арафасида туришибди. Улардаги қайси бир жиҳатлар эътирофга лойиқ?

– Биласизми, талабаларимизнинг жуда кўп жиҳатлари эътирофга лойиқ. Бундай дейишимга сабаб бор, албатта. Бу ерда ҳеч ким талабаларни «ўқигин, дарс қилгин» деб тергамайди. Ўғил-қизларимиз ўзлари онгли равишда дарс тайёрлашади, изланишади, ўз устларида тинмай ишлашади. Бундан ташқари, кўпгина хорижий университетлар, ташкилотлар томонидан ўтказилаётган турли танловларда иштирок этиб, ғолиб чиқишмоқда.

Бир неча талабаларимиз АҚШ ва Европа мамлакатларидаги ўқув тренингларида иштирок этиб келмоқдалар. Бу талабаларимизнинг катта салоҳиятидан дарак беради. Бундай тренингларда иштирок этиб, янги билимлар оладилар ва қарашларини кенгайтирадилар.

Бир нарсани фахр билан айтиш мумкинки, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг талабалари билим борасида дунёдаги энг нуфузли университетлар талабаларидан устун бўлса устунки, ҳеч бир кам жойи йўқ. Ҳа, шундай яхши ниятлар билан бунёд этилган Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ўз мевасини бера бошлаяпти. Умид қиламанки, талабаларимиз Давлатимиз раҳбарияти томонидан билдирилган юксак ишончни оқлашади ҳамда университетимизнинг дунёдаги энг нуфузли ва обрўли илм масканларидан бирига айланишига ўз ҳиссаларини қўшишади.

– Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, умуман хорижий таълим муассасаларида ўқиш ёки фарзандини ўқитиш осон эмас. Айтинг-чи, молиявий маблағ туфайли ўқишдан умидини узган талабаларни рағбатлантириш билан боғлиқ бирор ҳолат бўлганми?

Университетимизда, юқорида айтиб ўтганимдек, рағбатлантириш тизими мавжуд. Ҳар бир семестер якунига кўра ҳар бир курсдан 10 нафар энг билимдон талабалар келаси семестр тўлов пулидан тўлиқ ёки қисман озод этиладилар. Бунга улар фақат яхши билим олиш ва имтиҳонларни аълога топшириш орқали эришишлари мумкин.

Шу билан бирга, биз университетга ҳомийларни жалб этиш устида иш олиб бормоқдамиз. Ҳозирда «Лукойл» (Россия), Huawei (Хитой), Bravo Pharma (Ҳиндистон) каби компаниялар талабаларимизнинг билим олишлари учун имконият яратиб бермоқдалар. Ушбу имкониятдан фойдаланган ҳолда, мен IT соҳасида етук мутахассислар тайёрлашга ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлган ташкилот ва корхоналарни ҳамкорликка чақираман.

– Университетингиз талабаларининг Корея ёки бошқа мамлакатларда ўтказилаётган халқаро тадбирлар – танловларда, шунингдек грантларда иштироки хусусида ҳам гапириб берсангиз?

– Юқорида ҳам қайд этиб ўтдим – талабаларимиз жуда кўп танловларда қатнашиб, ёруғ юз билан қайтмоқдалар. Мисол учун, Франция элчихонаси томонидан юртимиздаги олий ўқув юртлари талабалари ўртасида ўтказилган танловда иштирок этиб, ғолиб чиққан талабамиз Нодира Ҳошимова бепул йўлланмани қўлга киритиб, Францияда бир ой бўлиб қайтди.

Яна бир мисол, 3-босқич талабамиз Юлдуз Ходжаева 2016 йилнинг сентябрь-декабрь ойларида АҚШнинг Сейнт Клауд Стейт Университети (St.Cloud State University)да ўқиш учун грант ютиб олиб, таҳсил олиб қайтди. Шу кунларда 3-босқич талабамиз Нуруддин Иминохунов АҚШнинг Миссиссипи университети (University of Mississippi)да 2017 йилнинг январь-май ойларида ўқиш учун грант ютиб олиб, таҳсил олмоқда.

Булардан ташқари, «Milliy Internet Tanlovi» (MIT.uz) доирасида иштирок этган талабаларимиз «MIT.UZ Open Data Challenge 2016» танловида ғолиб бўлишди. Талабаларимиз Дильнура Тоҳирова ва Сабина Акбаровалардан иборат «Valkirii» жамоаси, «Очиқ маълумотларга асосланган намойишнинг энг яхши ечими» номинациясида ғолиб чиқишди. Ворисхон Ғанихўжаев, Шахбоз Жўраев, Бобур Зоитов ва Улуғбек Абдуллаевлардан иборат «IUTech» жамоаси – «Хакатоннинг энг инновацион лойиҳаси» махсус номинациясида ғолиб чиқди. «AlphaZet» жамоаси таркибида иштирок этган талабамиз Ҳусан Юсуфходжаев «Очиқ маълумотларга асосланган энг яхши ижтимоий лойиҳа» номинациясида ғолиб чиқди. Иқтидорли талабаларимиздан Нуруддин Иминохунов ўзининг «EnglishLife.uz» лойиҳаси билан иштирок этиб, фахрли иккинчи ўринни эгаллади.

Яна бир талабамиз Фирдавсбек Нарзуллаев «Winncom Technologies» компанияси ташкил этган танловда ғолиб чиқиб, «Samsung Galaxy Tab E» планшетини ютиб олди.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ҳар йили Корея Республикасидаги Инҳа университетида ташкил этиладиган ёзги мактабга 10 нафар талабани юборади. Бу талабалар ички танлов орқали танлаб олинадилар. Ёзги мактаб давомида улар турли дарсларда иштирок этадилар, Корея маданияти, ҳаёти ва диққатга сазовор жойларини кўриш имконига эга бўладилар.

– Муассаса профессор-ўқитувчилари жамоасини шакллантиришда, янги кадрларни ишга олишда кўпроқ қайси жиҳатлар эътиборга олинмоқда?

– Университетга профессор-ўқитувчиларни ишга олиш ишлари Корея Республикасидаги Инҳа университети билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Профессор-ўқитувчиларни ишга олиш жараёнида номзодларнинг қаерда билим олганликлари ва шу пайтгача ишлаган олий ўқув юртларига қаралади. Биз Ғарб университетларида профессорлик унвонини олган ва хорижий университетларда ишлаб, тажриба орттирган профессорларни ишга олмоқдамиз.

Ҳозирда аксарият профессорларимиз хорижлик мутахассислардир. Ушбу вазиятни ўзгартириш учун биз салоҳиятли ёшларни танлаб олиб, уларни хорижий университетларда профессорлик унвонини олишлари ва тажриба орттиришлари учун шароитлар яратмоқдамиз. Аминманки, яқин вақт ичида университетимизда хорижлик мутахассислардан қолишмайдиган маҳаллий профессорлар сони ҳам ортади.

– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур! Ўзингизга, жамонгизга ва талабаларингизга янада юксак марраларни забт этишда ғайрат, шижоат ва албатта саломатлик тилаймиз!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!