Эксклюзив видео: iPhone X’ни 300 метрлик баландликдан ташласа нима бўлади?

  •   DiMaX
  •  2044
  •  10.11.2017 11:26

Эксклюзив видео: iPhone X’ни 300 метрлик баландликдан ташласа нима бўлади?

Ишқибозлар флагманлар устида турли дроп-тестлар ўтказиб кўришларидан хабарингиз бор. UnlockRiver сервиси ходимлари iPhone X мустаҳкамлигини қалтис синовдан ўтказиб, унинг видеотасвирини YouTube-каналига жойлашди.

ЎҚИНГ: iPhone X: Қўлингиздан тушиб кетса, ўзингизни кечирмайсиз!

Apple’нинг «юбилей айфони» устида ўтказилган оддий дроп-тестларда у ўзининг анча пишиқ эканлигини намойиш этган. Одам бўйи баландликдан қирраси билан ҳам, экранини ерга қаратиб ҳам ташлаб кўришганида, iPhone X дарз кетмаган.

ЎҚИНГ: Эксклюзив видео: iPhone X ва iPhone 8’ни бетонга ташлаб синаб кўришди!

Хўш, уни қуш парвози баландлигидан ташлаб кўрса-чи, нима бўлар экан? Парча-парча бўлиб кетади, дейсизми? Тажриба ўтказувчилар ҳам аввалига шундай ўйлашганди...

Хулласи калом, UnlockRiver сервиси ходимлари iPhone X’ни дрон ёрдамида 300 метр юксакликка кўтариб, ташлаб юборишди. Смартфон бетон юзага тушиб, сакраб кетди. Уни қўлга олиб, текшириб кўришганида эса дисплейи бус-бутун, камераси видеотасвирга олишни тўхтатмаган эди! Орқа панели дарз кетиб синганини айтмаса, «юбилей айфони» ҳеч нарса бўлмагандек, тўлақонли иш фаолиятини давом эттирарди.

Мана, яхшиси, ўзингиз томоша қилақолинг:

Афтидан, смартфоннинг қисмларини бирлаштириб турувчи ичидаги роми алюминийдан эмас, балки анча мустаҳкам жарроҳлик пўлатидан ясалгани унинг ушбу синовдан муваффақиятли ўтишига ёрдам берган.

Хабарингиз бор, аввалроқ iPhone 8 Plus ва Pixel 2 XL’ни бетонга ташлаб кўришганининг, iPhone 8 Plus ва Galaxy Note 8’ни бетонга ташлаб синашганининг, шунингдек, Galaxy S8 ҳамда iPhone 7 моделлари бетонга ташлаб кўрилган синовнинг видеолавҳаларини ҳам эълон қилганмиз. Шунингдек, LG V30, Nokia 8, Galaxy Note 8, Nokia 3310 (2017), HTC U Ultra Sapphire Edition ва iPhone 7 сингари телефонлар устида тиғ ва олов ёрдамида ўтказилган тажрибалар ҳақида ҳам ёзганмиз.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!