ЭКСКЛЮЗИВ ВИДЕОТЕСТ: 10 гигабайтлик «оперативка»нинг смартфон тезлигига қандай фойдаси бор?

  •   DiMaX
  •  1366
  •  14.12.2018 15:42

ЭКСКЛЮЗИВ ВИДЕОТЕСТ: 10 гигабайтлик «оперативка»нинг смартфон тезлигига қандай фойдаси бор?

Galaxy S10’нинг энг илғор конфигурацияли модели яна бир жиҳатдан рекорд ўрнатяпти – у тезкор хотирасининг ҳажми 12 гигабайтни ташкил этувчи дунёдаги илк смартфон бўлади! Айни дамда эса бу борада етакчи Xiaomi Mi Mix 3 модели бўлиб турибди – у 10 гигабайт «оперативка»ли илк смартфондир.

ЎҚИНГ: Экрани «тирқиш»ли Galaxy S10 яна икки жиҳатига кўра рекорд ўрнатяпти!

Хўш, бунчалик катта тезкор хотира смартфоннинг самарадорлигига, яъни ишлаш тезлигига қанчалик ҳисса қўшади ўзи? Android Authority нашри ходимлари шунга аниқлик киритиш мақсадида тест ўтказиб кўришди ва унинг видеосини интернетга чиқаришди.

Хитойлик смартфонсознинг октябрь ойи сўнгида тақдим этилган OnePlus 6T флагмани 6 ва 8 гигабайтлик «оперативка»га эга конфигурацияларда ишлаб чиқарилган. Жорий ҳафта бошида эса унинг махсус варианти – 10 ГБлик тезкор хотирага, янада тезкор қувватланиш технологиясига ва корпуснинг янгича рангига эга бўлган OnePlus 6T McLaren Edition модификацияси ҳам намойиш қилинди. Android Authority ходимлари тестда айнан шу OnePlus компаниясининг учта русумдаги смартфонларини синаб кўришган.

«Жонли» самарадорлик синови учун танланган учта смартфон ҳам бир хил – саккиз ядроли Snapdragon 845 процессори базасида ишлайди. Уларнинг фарқи «оперативка»сида: оддий OnePlus 6 ва OnePlus 6T моделларининг тезкор хотиралари 8 гигабайтлик бўлса, OnePlus 6T McLaren Edition модификациясида у 10 гигабайтлик.

ЎҚИНГ: ВИДЕО: 549 долларлик OnePlus 6T тезкорроқми ёки 749 долларлик iPhone XR?

Синов мақсадида ҳар учала смартфонда ҳам қурилмадан реал шароитда фойдалангандаги самарадорликни баҳоловчи Speed Test G бенчмарки бир вақтда ишга туширилган. Тестнинг барча босқичларида OnePlus 6T McLaren Edition модели рақибларидан бир лаҳзагина вақтга илгарилади, аммо якунида уларнинг барчаси вазифани бир вақтда тугаллашди.

Мана, тест жараёни акс эттирилган видеолавҳани бирга томоша қиламиз:

Ушбу тестда яна бир бор исботланганидек, тезкор хотира ҳажми смартфоннинг ишлаш тезлигига умуман таъсир кўрсатмайди, бунга фақатгина процессор масъул. Катта ҳажмли «оперативка»нинг фойдаси – у фон режимида кўпроқ иловалар ва браузер варақалари ишлаб туришини таъминлаб беради, холос.

ЎҚИНГ: «Йирик «оперативка»ли смартфон — маркетинг алдовидир!»