Эксперт: «Одамларнинг оммавий VPN ишлатиши – давлатга зиён»

  •   DiMaX
  •  1130
  •  07.07.2021 16:13

Эксперт: «Одамларнинг оммавий VPN ишлатиши – давлатга зиён»

Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар яна блокланиши ортидан VPN'дан фойдаланувчилар кўпая бошлади. Ахборот хавфсизлиги бўйича мутахассис Анвар Нарзуллаевга кўра, давлат VPN туфайли юзага келадиган хавфларни ҳисобга олиши керак, деб ёзмоқда Kun.uz нашри.

ЎҚИНГ: Компьютер ва смартфонлар учун энг яхши 11 та текин VPN иловаси

Ўзбекистон расмийлари йирик интернет компаниялардан Ўзбекистон фуқароларининг шахсига оид маълумотларни мамлакат ҳудудига олиб келишни талаб қилмоқда. Бу талабни бажармагани важи билан, 2 июлдан бошлаб Twitter, TikTok, Skype ва Вконтакте тармоқлари фаолияти чеклаб қўйилди.

Натижада ўзбекистонлик фойдаланувчиларнинг ушбу муаммоларни четлаб ўтиш мақсадида ижтимоий тармоқлардан турли VPN иловалар орқали фойдаланиш ҳолатлари кўпаймоқда.

Ўзбекистонда энг кўп юклаб олинаётган Android-иловалар орасида юқори тўрт ўринни VPN-иловалар эгаллаган.

ЎҚИНГ: Google «бепул» VPN сервисини ишга туширяпти

Kun.uz билан суҳбатлашган Universiti Sains Islam Malaysia олийгоҳининг Ахборот хавфсизлиги кафедраси етакчи мутахассиси, фан доктори Анвар Нарзуллаев VPN'дан фойдаланиш давлат ва фуқаролар учун зарарлари ҳақида тўхталиб ўтган эди.

«VPN серверларни ишлатишнинг катта хавфи – шахсий маълумотлар эмас, балки тақиқланган веб-сайтларга кириши осон бўлиб қолади.

Аслида интернетда давлат ростан ҳам блоклаши керак бўлган нарсалар бор. Масалан, порнографик, террористик маълумотлар ва қора бозор кабилар. Одамлар VPN'дан фойдаланишни бошлагандан кейин буларнинг ҳаммаси очилиб кетади. Давлат мана шу тарафдан келадиган хавфни ҳисобга олиши керак.

VPN ишлатиш давлатнинг зиёнига ишлайди. Қолаверса, VPN ишлатгандан кейин сизнинг алоқангиз шифрланган бўлади, сиз қайси сайтга киряпсиз, умуман билиб бўлмайди, натижада давлат буни назорат қила олмай қолади.

Иккинчидан, бизда кўпинча бепул VPN сервердан фойдаланишади. Билиб олиш керакки, интернетда бепул хизмат таклиф қилиняптими, демак сиз маҳсулот бўлиб хизмат қиляпсиз. Сизнинг маълумотларингиздан исталган йўлда фойдаланиши, ҳатто, сизнинг ўзингизга «шантаж» қилиши ҳам мумкин», – дейди мутахассис.

ЎҚИНГ: ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ: бепул VPN’ларнинг ярмидан кўпи хавфли эканлиги аниқланди!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!