Экспертлар нега Huawei P30 Lite'га "like" босмаяпти?

Экспертлар нега Huawei P30 Lite'га

Huawei'нинг P сериядаги флагманларидек сифатли кўринса-да, P30 Lite баъзи муҳим жиҳатлар борасида улардан “оқсайди“.

Агар тақдим қилинаётган қимматбаҳо флагманлар учун ортиқча маблағ сарфлашни хоҳламасангиз, уларнинг ярим нархига P30 Lite'ни харид қилишингиз мумкин. Ваҳоланки, бу борада шошқалоқлик ярамайди. Ушбу смартфонда бир қатор асосий камчиликлар мавжуд. Қуйида уларни таҳлил қиламиз. 

Процессор

Бир қарашда P30/P30 Pro флагманлари билан деярли бир хил кўринса-да, P30 Lite'га улардаги кучли Kirin 980 процессори эмас, балки қуйи тоифадаги Kirin 710 чипи ўрнатилган. Процессор ишлаши ҳақида қуйироқда маълумот бериб ўтамиз.

Камера

48 мегапикселли f/1.8 апертурали асосий камера 8 мегапикселлик ўта кенг объектив билан янада кучайтирилган. 2 мегапикселлик тасвир чуқурлигини анқиловчи камера эса блурли расмларни олишда янада яхши самара беради. Олд томондаги “тирқиш“да эса нисбатан кенг f/2.0 апертурали 24 мегапикселлик датчик қўйилган. 

Ҳар учала смартфондаги бир хил дизайнли “учкўз“ камера функциялари — хусусан, тасвирни катталаштириш опцияси — Lite'да унчалик ҳам сифатли эмас. Буни компаниянинг қурилма нархини арзонроқ сақлаб қолишга урингани билан изоҳлаш мумкин. Видео резолюцияси ҳам 1080p билан чегараланган. Бироқ, тан олиш керак, P30 Lite билан катталаштирилган тасвир сифатли бўлмаса-да, камера билан умумий сифати ажойиб бўлган суратлар ҳосил қилиш мумкин. 

 Нарх

P30 Lite'да мавжуд бўлмаган баъзи жиҳатлар смартфонни бир қадар арзонлаштириб, унинг 300 АҚШ доллари атрофида баҳоланишига сабаб бўлган. Бу нарх ўтган йилнинг охирида тақдим қилинган Mate 20 Lite'дан бироз арзон бўлса, P30'нинг ярим нархидир. P30 Pro'дан эса 600 доллар арзонроқдир. 

P30 Lite'нинг нархи атрофидаги Snapdragon 845 чипли Xiaomi Pocophone F1 флагмани ҳам анча арзирли жиҳатларга эга рақибдир. 21:9 экран резолюциясига эга Sony Xperia 10 Plus ҳамда Nokia 8.1 ҳам Huawei'нинг бу смартфонига мос муқобил, десак муболаға бўлмайди. 

Дизайн ва асосий жиҳатлари

P30 Lite дизайни борасида Huawei'дагилар “сахийлик“ қилишган, дейиш мумкин. P сериядаги бошқа девайсларда бўлган iPhone'даги каби ён томон кулранг ҳошияси P30 Lite'да бўлмаса-да, орқа томондаги 3D қайрилма шиша корпус телефонни ушлашга қулай қилиш билан бирга смартфонга жиловланувчи тус беради. 

Бироқ, танганинг иккинчи томони ҳам бўлганидек, ярқироқ алюминий корпус доғларни ўзига тез тортади. “Учкўз“ камера ҳам анчайин бўртиб чиққан.

Устига устак, Lite версияли P30 девасйига экраности бармоқ изи сканери танланмаган; бунинг ўрнига орқа панелга одатий датчик ўрнатилган. 

Смартфоннинг "like" босишга яна бир нолойиқ жиҳати унга Gorilla Glass ойнаси ўрнатилмаганидир. Шунингдек, унда сув ва чангдан ҳимояловчи қатлам ҳам мавжуд эмас.

ЎҚИНГ: Huawei ҳали тақдим этмаган Mate 30 Pro флагмани илк «жонли» суратлар ва расмий видеода!

Дисплей

Дисплей P30/P30'лардаги каби нафис эканлигини тан олмасдан илож йўқ. Лекин техник жиҳатларга тўхталсак, 6,15 дюймли 2,312х1,080 резолюцияли экран OLED технологиясидан фойдаланмагани, балки LCD панелли эканлигини кўрамиз. P30 Lite'га яхшироқ экран ўрнатилиши мумкин эди. Девайс экрани ўзида sRGB ранглар палитрасидаги 93% рангни намоён қилди, бу эса ранглар экранда жуда ҳам аниқ тасвирланмайди, деганидир. Контраст нисбати 910:1 бўлиб, бу ҳам етарли даражада ўткир эмас. Лекин ёруғлик даражаси 416 кд/м² бўлган экран телефонни ёруғ жойларда ишлатишда ноқулайлик туғдирмайди. 

 Ишлаши ва аккумулятори

P30 Lite'га, юқорида ҳам таъкидланганидек, Huawei'нинг ўзи яратган қуйи тоифадаги Kirin 710 мобил процессори ўрнатилган. Саккиз ядроли ушбу процессор тўртта 2,2 гигагерцлик ва яна тўртта 1,7 гигагерцлик ядролардан ташкил топган. Асосий процессор 4ГБ'лик тезкор хотира ва 128 ГБ'лик доимий хотирада ишлайди. 

Кутганингиздек, P30 Lite —ўта секин бўлмаса-да — “ака“лари каби катта тезликда ишламайди: Geekbench 4 тестида якка ядроли тестда 1,534 балл, барча ядролари иштирокидаги текширувда эса 5,469 балл олган. Бу натижа деярли бир хил қийматдаги Sony Xperia 10 Plus кўрсатган натижадан кўра анчайин юқори ва Nokia 8.1 никига яқин. 

P30 Lite билан мураккаб ўйинлар ўйнаш жараёни ҳам “силлиқ“ кечмайди.

Huawei ўз телефонларини маркетинг қилиб, қуриламалари ўйинларни ўйнашда яхши натижа кўрсатиши ҳақида бонг ураётган бўлса-да, P30 Lite'даги Mali-G51 график процессори Google Play Store'даги энг янги ўйинлар ўйналаётганда фойдаланувчининг хафсаласини пир қилади. Эскироқ ва енгилроқ ўйинларда муаммо бўлмаслиги мумкин, бироқ бу процессор билан юқори сифатли ўйинларни қотишларсиз ўйнаш имкони мавжуд эмас. 

Энди аккумуляторга ўтсак. 170 кд/м² ёруғликда, интернет ўчирилган ҳолда видеолар билан смартфон қуввати қанчага етиши синаб кўрилаганда, P30 Lite аккумулятори 10 соат 19 дақиқага “чидаш бер“ган. Бу аккумулятор борасида серия девайслари ҳозиргача кўрсатган энг паст натижадир. P30'нинг ўзи эса тўлиқ қувват билан бундан 8 соат кўпроқ ишлай олади. 

Huawei P30 Lite'нинг умумий характеристикаси:

 

Процессор

Саккиз ядроли Hisilicon Kirin 710 (4x2.2GHz, 4x1.7GHz)
Оператив хотира  4ГБ
Экран ҳажми  6,15 дюйм 
Экран резолюцияси  2,312 х 1,080
Пиксел зичлиги  415ppi
Экран тури IPS
Олд камера 32 мегапиксел
Орқа камера  48 мегапиксел, 8 мегапиксел, 2 мегапиксел
Чироқ LED
Чанг ва сувга чидамлилик  мавжуд эмас
Аудио жек мавжуд
Симсиз қувватлаш  мавжуд эмас
USB тури USB Тype-C
Доимий хотира  128 ГБ
Хотира картаси тури  microSD
Wi-Fi  802.11ac
Bluetooth 4.2
NFC мавжуд
Мобил интернет 4G
Dual SIM қўллаб-қувватланиши мавжуд
Ўлчамлари 152.9 х 72.7 х 7.4 мм
Вазни 159г
Операцион тизим Android 9
Аккумулятор сиғими 3,340мА/с

 

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.