Экспертлар Windows ва macOS учун энг ишончли антивирусларни аниқлашди (2019 йил июль)

  •   DiMaX
  •  1065
  •  16.07.2019 18:15

Экспертлар Windows ва macOS учун энг ишончли антивирусларни аниқлашди (2019 йил июль)

«Роскачество» – Россиянинг сифат назоратига ихтисослашган ташкилоти бўлиб, у ICRT (International Consumer Research & Testing Ltd) билан ҳамкорликда тадқиқотлар ўтказиб туради. Жумладан, май ойида улар тақдим этган энг яхши антивируслар рейтингини аввалроқ эълон қилганмиз.

ЎҚИНГ: 2019 йилнинг энг зўр 10 смартфони («Роскачество» талқини) ва нархлари

Мазкур ташкилотлар мутахассислари янги текширувда 19 та компаниянинг жами 35 хил антивирус дастурини ўрганишди. Улардан 25 таси Windows, ўнтаси эса – macOS тизимли қурилмаларни ҳимоялашга мўлжалланган.

Демак, Windows тизими учун энг ишончли антивируслар қуйидагилар бўлиб чиқди:

  1. Bitdefender Internet Security
  2. ESET Internet Security
  3. Bitdefender Antivirus Free Edition

Apple маҳсулоти бўлган, macOS базасидаги гаджетларнинг ҳимоясини эса мана бу дастурларга ишониб топшириш мумкин экан:

  1. ESET Cyber Security Pro
  2. Kaspersky Internet Security
  3. Bitdefender Antivirus for Mac

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда энг кўп тарқалган зарарсиз вируслар

Булардан ташқари, экспертлар Apple ҳамда Microsoft таклиф этган мазкур тизимларнинг ўзига дастлабки созламалар бўйича жорий этилган ҳимоя дастурларини ҳам баҳолашган. Уларнинг хулосаларига кўра, macOS’нинг ўзига ўрнатилган антивирус бошқа, чет дастурлардан кўра ёмонроқ экан – «Роскачество» рейтингида у охирги ўриннигина ола билди. Windows ҳимоячиси эса, аксинча, турли таҳдидлардан тизимни муносиб муҳофаза эта олар экан.

Тадқиқотнинг энг қизиқ хулосаси шу бўлдики, бепул антивируслар ҳам ўз вазифаларини пулли дастурлардан кам бўлмаган даражада уддалай олар экан! Бироқ мутахассислар бепул дастурлар шифрловчи вируслардан компьютерни ҳимоялай олмаслигини таъкидлашган.

Агарда антивируслар бўйича тадқиқот хулосаларини батафсил кўриб чиқишни истасангиз, мана бу ҳавола орқали «Роскачество» сайтидаги тегишли саҳифага ўтишингиз мумкин. Бироқ ёдда тутинг: ҳеч бир антивирус, ҳатто пуллиси ҳам юз фоизлик ҳимояни кафолатлай олмайди.

ЎҚИНГ: Windows’даги барча вирусларни даф қилувчи бепул дастур

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.