Электромобиллар келажаги: электр қачон ёнилғини буткул енгади?

  •   DiMaX
  •  438
  •  09.06.2021 17:53

Электромобиллар келажаги: электр қачон ёнилғини буткул енгади?

1913 йилда Ҳенри Форднинг илк ишлаб чиқариш линияси ишга тушгандан кейин содир бўлган энг катта инқилоб даврида яшаяпмиз. Бу инқилоб кутилганидан кўра анча тез содир бўлиши мумкин, дейилади Kun.uz нашри эълон қилган мақолада.

ЎҚИНГ: Илон Маск ҳали чиқмаган Tesla Cybertruck салонини илк бор кўрсатди: экран, штурвал...

Кўплаб автомобилсозлик мутахассислари критик чегаралар босиб ўтилгани ва электромобиллар савдоси жуда қисқа вақт ичида бензин ва дизел ёнилғисида ҳаракатланувчи машиналар савдосидан ўтиб кетишини таъкидлашмоқда. Йирик автомобилсозлар ҳам айни шу фикрда.

Масалан, Jaguar 2025 йилдан бошлаб фақат электромобиллар сотишни режалаштирмоқда. Ушбу сана Volvo учун 2030, Lotus учун эса 2028 йил.

Бундай қарорга келганлар фақат ҳашаматли брендлар эмас. Чунончи, General Motors 2035 йилда барча автоуловларини электрлаштиради, Ford 2030 йилдан эътиборан Европада фақат электромобил сотади, Volkswagen эса 2030 йилдан сотувларининг 70 фоизини электрли ишлаб чиқариш ташкил қилишини айтмоқда.

Бу қандайдир мода ёки «яшил» имижни яратиш учун қилинаётган кўзбўямачилик эмас.

Дунёдаги аксар ҳукуматлар нефть билан ҳаракатланувчи воситалар сотувини тақиқлаш муддатларини эълон қилгани ҳам жараённи янада тезлаштирди.

Электромобил бозори ва интернет: қандай ўхшашлик мавжуд?

Айрим мутахассисларнинг фикрича, айни пайтдаги электр транспорт воситалари бозори 1990-йиллар охирларида интернет қандай бўлган бўлса, ўшанга ўхшаш вазиятда.

Ўша пайтлар компьютерларнинг бир-бири билан «гаплашиши»га имкон берадиган ушбу янги ихтиро жуда катта ҳаяжонга сабаб бўлганди.

Жефф Безос Аmazon компаниясига асос солди ва Altavista, Ask Jeeves, Yahoo каби брендлар устунлик қилган қидирув тизими бозорини тезда Google эгаллаб олди.

Ушбу жараёнда баъзи компанияларга «лабга учуқ тоширадиган» даражадаги юқори қийматлар берилди.

Ҳали интернетга уланмаганлар учун интернет қизиқ ва ҳаяжонли, шу билан бирга, аҳамиятсиз технология эди: ахир, компьютерларнинг бир-бири билан алоқаси нима ишга ҳам ярарди? Қолаверса, ҳамманинг қўлида телефон, бу каби алоқага қандай эҳтиёж бўлиши мумкин!?

Аммо бошқа барча муваффақиятли технологиялар каби интернет ҳам бутун дунёга бир текисда, секинлик билан тарқалмади. Аксинча, у портлади, кўплаб саноат ва бизнес моделларини ларзага солди ва биз билган деярли ҳамма нарсани ўзгартирди. У технологлар S эгри чизиқ деб атовчи шаклда дунё бўйлаб ёйилди.

S эгри чизиғи бўйлаб «саёҳат»

Аслида, икки учи бир-бирига қарама-қарши бўлган S шакли ифодалайдиган асосий ғоя шундан иборатки, инновациялар аста-секин бошланади ва улар дастлаб фақат қизиқувчанларнигина жалб қилади. Электромобиллар ҳам айни пайтда S эгри чизиғининг пастки бурилиш нуқтаси атрофида.

Интернет мисолига қайтадиган бўлсак, чизиқнинг бошланғич нуқтаси 1969 йил 29 октябрь соат 22:30.

Ўша куни Калифорния университетидаги компьютер юзлаб чақирим наридаги Стенфорд университетидаги бошқа бир компьютерга илк хабарни жўнатганди.

Олимлар L, О ва G тугмачаларини босишади, аммо «login» (кириш) сўзини тўлиқ ёзишга улгурмай тизим ишламай қолади.

Янги маҳсулотлар ва S эгри чизиғи

Орадан ўн йил ўтганидан кейин ҳам бутун дунёда интернетга уланган компьютерлар сони бир неча юздан ортиқ эмас эди. Аммо ўзгариш тезлашиб бораётганди.

1990-йилларда технологияга қизиқувчи одамлар шахсий компьютер сотиб ола бошлади. Бозор ўсиши натижасида ҳам нархлар тезлик билан пасая бошлади, ҳам компьютерларнинг сифат кўрсаткичлари яхшиланиб борди.

Бу ҳолат эса одамларни янада кўпроқ компьютер сотиб олишга ундайдиган спирални вужудга келтирди. Шундай қилиб, интернетдан фойдалана бошлаган инсонларнинг сони тобора ортиб борди.

Ўша пайтларда S эгри чизиғи кескин ўсиш нуқтасига келганди. 1995 йилда интернет фойдаланувчиларининг сони 16 миллионни ташкил қилган бўлса, 2001 йилда бу рақам 513 миллионга етди. Бугунги кунда эса ушбу рақам 3 миллиард атрофида.

Бундан кейин S эгри чизиғи параллелга яқин йўналиш бўйича ҳаракат қилади.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда электромобил импорти: қаерлардан, қаерларга, нечта ва қанчага?

Электромобил: илк муваффақиятсизликлар

Секин бошланғич, ўсиш ва бозорларнинг тўйиниши – биз бу тенденцияларни смартфонлар, камералар ва ҳатто антибиотиклар мисолида ҳам кўрдик.

Ички ёниш двигателлари ҳам ўтган асрнинг бошларида худди шундай эгри чизиқ бўйлаб ҳаракат қилган. Бу ҳолат буғ двигателлари ва босмахоналарга ҳам тегишли. Айни шу тенденция электромобилларда ҳам кузатилмоқда.

Аслида, электромобилларнинг эгри чизиғи кўпчилик ўйлаганидан кўра олдинроқдан – шотландиялик ихтирочи Роберт Андерсоннинг 1830-йилларда яратилган илк электр транспорт воситасидан бошланади.

Аммо бу технология фақат сўнгги йиллардагина рақобатбардош нархга эриша олди.

Top Gear’нинг собиқ тақдимотчиси ва иккиламчи автобозор сотувчиси Квентин Уилсон бу соҳани энг яхши билган инсонлардан. У ўн йилдан ошиқ вақт давомида электромобил ҳайдаб келмоқда.

У 20 йил олдин General Motors компаниясининг EV1 деб номланган электромобилини синовдан ўтказади.

Қиймати бир миллиард доллардан зиёдроқ бўлган автомобил ишлаб чиқариш лойиҳаси тўхтатилади, ишлаб чиқарилган 2 мингга яқин автомобилларнинг деярли барчаси йўқ қилинади.

EV1 диапазони ҳалокатли эди, ҳайдовчи уни ўртача ҳар 80 километрда заряд қилиши керак эди. Аммо у барибир Уилсоннинг қалбини забт этади. «Мен келажак келди, деб ўйлагандим», дейди у.

10 йил ўтгач, у ўзининг биринчи электромобили – Citroen C-Zero’ни бошқа Top Gear тақдимотчиси Жереми Кларксонга кўрсатади ва унинг қандай муносабат билдирганини унута олмайди: «У менга: «Сен нима қилдинг, бу ғирт шармандалик-ку!» – деганди.

Аммо Уилсон ҳозир ортга боқиб, машинанинг ҳаракатланиш масофаси камаймаслиги учун кондиционерни ўчириб қўйган дамларини эслайди.

У энди ўзининг сўнгги модел машинаси – Tesla Model 3 билан масофага боғлиқ муаммоларга дуч келмаяпти. Уилсон битта заряд билан 300 мил юриши мумкинлигини ва 3,1 сонияда 0 дан 100 тезликка чиқа олишини айтади. «Жуда қулай, кенг ва ёруғ. Ҳайдаш мароқли. Мен ортга қайтмаслигимга аминман», дейди у.

Дарҳақиқат, бугунги кунда электромобилларнинг двигателлари, уларни бошқарувчи компьютерлар, зарядлаш тизимлари ва дизайн бўйича катта ютуқларга эришилди. Аммо Уилсоннинг 10 йил аввалги билан таққослаган тажрибаси ортида бир фарқ мавжуд: автомобилнинг ҳаракатсиз қисми – батареяси яхшиланиб бормоқда.

Шунингдек, энг катта ўзгаришлардан яна бири – нархлардир.

10 йил олдин соатига бир киловатт энергия етказиб бера оладиган аккумуляторнинг нархи 1000 доллар атрофида эди. Бугун ушбу нарх 100 долларга тушди.

Шу нуқтаи назардан, улар ички ёнув двигателида ишлайдиган машиналарга қараганда арзонроқ. Аммо Тайсоннинг айтишича, ёнилғи ва хизматни тежаши ҳисобга олинса, кўплаб электромобиллар бензинда ҳаракатланувчиларга қараганда анча арзонроқ.

Қолаверса, бугунги кунда батареялар аввалгига қараганда кўпроқ энергия тўплаши ва узоқ умр кўриши мумкин.

Ўтган йили Хитойнинг аккумулятор ишлаб чиқарувчи CATL компанияси автомобиллар учун фойдаланиш муддати бир миллион мил (1,6 миллион километр) бўлган илк батареясини тақдим этди.

Uber ва Lyft каби йирик компаниялар ҳам ушбу ўзгаришларда етакчилик қилишмоқда, чунки узоқ масофалар учун электромобиллардан фойдаланиш янада катта фойда келтиради.

Тайсоннинг айтишича, нархлар арзонлашган сари қисқа масофада машина ҳайдайдиган истеъмолчиларнинг ҳам электромобиллардан фойдаланиш кўрсаткичи ортиб боради.

ЎҚИНГ: Илон Маск ҳам худди UzAuto каби баҳона қилди: «Бу ҳожатхона қоғози етишмаслигига ўхшайди»

Хўш, бу қанчалик тез содир бўлади?

Жуда тез содир бўлади. 1990-йиллардаги интернет сингари, электромобиллар бозори ҳам кескин ўсиб бормоқда.

2020 йилда пандемия сабабли автомобиллар савдоси 20 фоизга камайди, аммо электромобиллар сотуви 43 фоизга ошди.

Дунё бўйлаб электромобиллар савдоси ўсиб бормоқда

Гарчи бу йиллик сотувларнинг атиги 5 фоизини ташкил қилса ҳам, биз ҳозирда S эгри чизиғининг тез суръатларда кўтарила бошлаган қисмига кирдик.

UBS инвестиция банки 2025 йилда сотилган ҳар бешинчи автомобил, 2030 йилда ҳар иккинчи, 2040 йилда ҳар сотилган транспорт воситаси электрли бўлишини айтмоқда. Бунга ишлаб чиқарувчилар «ўрганиш эгри чизиғи» деб номлайдиган яна бир эгри чизиқ ҳам таъсир кўрсатмоқда. Бирор нарса қанча кўп ишлаб чиқилса, одатда, уни шунча арзонроқ ва яхшироқ ишлаб чиқариш ҳам ўрганилади. Шу туфайли ҳам компьютерлар, нефть билан ишлайдиган воситалар арзонлашди.

Батареялар ва электромобиллар нархининг пасайишига олиб келаётган сабаб ҳам шу.

«Биз бурилиш нуқтасида турибмиз», дейди Калифорниядаги Singularitry университети энергетика ва атроф-муҳит кафедраси ҳамраиси Рамез Наам. Унинг фикрича, электр транспорт воситаларининг нархи ёнилғи билан юрувчи автомобилларнинг нархи билан бир хил даражага етган заҳоти ўйин тугайди.

Tesla раҳбари Илон Маск ҳам шундай фикрда.

Ўтган ой инвесторлар билан суҳбатда у Model 3 энг кўп сотилган премиум седанга айланганини, янги ва янада арзонроқ Model Y эса дунёдаги энг кўп сотиладиган автомобилга айланишини таъкидлади. «Биз истеъмолчиларнинг электромобиллар ҳақидаги тасаввурида кескин ўзгаришлар содир бўлаётганини кўряпмиз, ҳеч қачон бундай юқори талабга дуч келмагандик», деди у.

Албатта, электромобиллар бензин билан ҳаракатланувчи транспорт воситаларини йўлдан чиқариб ташлаши учун қилиниши керак бўлган ишлар ҳам талайгина. Энг муҳими, гаражи бор ёки йўқлигидан қатъи назар, ҳар ким ўз машинасини осонлик билан заряд қила олиши керак.

Тўғри, бунга вақт ва пул керак бўлади, аммо охир-оқибат, бунга эришилади. Худди 100 йил олдин бир неча ёнилғи қуйиш шохобчалари бирин-кетин очилгани каби.

ЎҚИНГ: Дипломатия университетига кира олмаган қиз Tesla’га ишга кирди!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!