Электрон ҳукумат бўйича сиз излаган саволларга жавоблар

  •   DiMaX
  •  870
  •  13.04.2021 10:49

Электрон ҳукумат бўйича сиз излаган саволларга жавоблар

Ҳозирги техника-технология ва ахборот асрида одамлар Электрон ҳукумат атамасига кўп дуч келяпти. Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази у билан боғлиқ энг кўп бериладиган саволларга қисқа жавобларни тақдим этган.

ЎҚИНГ: Ягона портал: 2021 йили ишга тушадиган 60 та янги хизмат тасдиқланди

Электрон ҳукумат нима?

Электрон ҳукумат — давлат органларининг жисмоний ва юридик шахсларга ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш йўли билан электрон давлат хизматлари кўрсатишга доир фаолиятини, шунингдек, идоралараро электрон ҳамкорлик қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар ва техник воситалар тизими.

Оддий қилиб айтганда, Электрон ҳукумат давлат идоралари билан алоқаларни осонлаштиради, навбат кутишларни камайтиради, сертификатлар, лицензиялар, маълумотномалар ва бошқа ҳужжатларни олиш жараёнини соддалаштиради. Давлат идоралари, тадбиркорлар, ҳатто, оддий фуқароларга ҳам ҳар томонлама самарали ишлашда кўмаклашади.

У қоғозбозлик ва коррупцияга барҳам берадими?

Агар жараён мукаммал йўлга қўйилса, қоғозбозлик ва коррупцияга сезиларли даражада барҳам берилиши аниқ. Асл мақсад ҳам шу. Лекин бу нафақат Электрон ҳукумат, балки давлат идораларига ҳам боғлиқ. Ҳамма ўз зиммасидаги вазифаларни масъулият билан вақтида бажарса, кутилгандан ортиқ натижаларга эришилади.

Бунинг учун Электрон ҳукумат давлат органларининг ички жараёнларини жиддий қайта кўриб чиқиши ва турли давлат хизматларининг бир-бирига ўзаро таъсирини тўғри йўлга қўйиши лозим. Ҳозир Ўзбекистонда айнан шу жараён амалга оширилмоқда.

Яқин-яқингача қандай эди?

Узоқ йиллар давомида давлат идоралари ва хизматлари бошқалар учун деярли ёпиқ бўлиб, алоҳида ҳаёт кечираётгандек эди. Фуқаролар ва тадбиркорлар бирор турдаги маълумотнома ёки сертификатни олиш учун бир нечта давлат идораларига бориши, навбат кутиши, иши тезроқ битиши учун таниш излаши керак бўларди. Бунда иш вақти, асаб ва маблағ сарфи, одамларнинг сарсонгарчилиги умуман баҳоланмаган.

Бугун вазият анча ўзгарди. Энди Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали 215 дан зиёд электрон ҳукумат хизматларини уйингиз ёки ишхонангиздан туриб ҳам олишингиз мумкин. Бунинг учун мутахассислар ҳар куни янги қулайликлар яратиш устида бош қотиряпти. Бироқ ҳали олдинда қилинадиган ишлар кўп.

ЎҚИНГ: ID-карта – универсал паспорт: барча маълумотлар битта картада (+видеоқўлланма)

My.gov.uz нима? У қандай вазифани бажаради?

Оддий тушунтирадиган бўлсак, my.gov.uz портали фуқаролар, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларини ягона нуқтага бирлаштирувчи катта, ҳар томонлама қулай, истаган маҳсулотингизга осон буюртма берувчи «замонавий бозор»га ўхшайди.

Унинг ёрдами билан сиз икки юздан зиёд давлат хизматларидан йилига 365 кун, 24 соат давомида фойдаланишингиз мумкин. Масалан, яшаш жойи бўйича маълумотнома олиш, судланганлиги йўқлиги тўғрисида гувоҳнома талаб қилиш, корхонангизни рўйхатдан ўтказиш ва ҳоказолар.

Яъни деярли барча хизматлар бир нуқтадан кўрсатилади. Бу электрон ҳукумат хизматларини олишда зарур бўлган ҳужжатлар бир жойда ва бир вақтнинг ўзида тақдим этилишини англатади. Ва бу коррупцияни йўқ қилиш йўлидаги катта қадамдир.

Электрон ҳукумат таркибига нималар киради?

Тизим таркибига қуйидагилар киради:

  •  My.gov.uz – давлат хизматларини олувчилар билан бевосита алоқада бўлиш учун.
  •  Очиқ маълумотлар портали – давлат идораларининг очиқ маълумотлари ва статистикаси.
  • Тўғридан-тўғри давлат идораларининг веб-сайтлари.
  •  Aхборот тизимлари мажмуаси: «Соғлиқ», «Солиқ», «Божхона», «Таълим» ва бошқалар, улар орқали давлат идоралари бир-бири билан маълумотлар алмашади.
  •  Электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш маркази – электрон ҳукуматнинг бутун тизимини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш билан шуғулланади.
  •  Aхборот хавфсизлиги маркази.
  •  Давлат ахборотни қайта ишлаш маркази – маълумотлар базаларини сақлайди ва электрон ҳукумат фаолияти учун зарур маълумотларни қайта ишлайди.

ЎҚИНГ: Энди электрон ҳукумат хизматлари телефонингизда! (+видео)

Электрон ҳукуматнинг ривожланиши жамиятга, давлатга нима беради?

Электрон ҳукуматнинг ривожланиш даражаси билан давлат ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик мавжуд. Давлат бошқаруви тизимидаги барча жараёнлар тартибга солинса, давлат ва фуқаролар ўртасидаги муносабатлар шаффофлашиб, аҳолининг давлат идораларига ишончи ортади.

Давлат хизматларини олиш учун вақт ва харажатлар қисқаради, бизнесни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яхшиланади, бу эса иқтисодиётнинг ўсишига олиб келади.

Электрон ҳукумат ҳолати ва давлатнинг ривожланиш даражаси БМТнинг ҳар икки йилда бир марта бериладиган ҳисоботида (UN E-Government Survey) тасдиқланади.

БМТнинг 2020 йилги Электрон ҳукуматлар тараққиёт индекси рейтингида Дания, Жанубий Корея ва Эстония етакчилар сафидан ўрин олган. Ўзбекистон эса мазкур рейтингда 87-ўринда.

ЎҚИНГ: Давлат хизматларидан электрон фойдаланиш учун лўнда қўлланма

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!