Элон Маск: «Бу технология бахтсиз ҳодисаларни 10 баробарга қисқартиради»

Элон Маск: «Бу технология бахтсиз ҳодисаларни 10 баробарга қисқартиради»

Американинг CBS компанияси журналистлари Tesla компанияси асосчиси бўлган таниқли бизнесмен Элон Маскдан интервью олишди. Суҳбат ўзини ўзи бошқарадиган "ақлли автомобил" технологияси ҳамда унинг хавфсизлиги хусусида бўлди.

Сўнгги йилларда мустақил ҳаракатланадиган машиналар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари сони кўпайиб бормоқда. Мисол учун, АҚШ да 2018 йилнинг март ойида мустақил бошқарув тизимида бўлган Tesla Model X катта йўлда ҳаракатланиб кетаётганида тўсиққа урилган ва ёниб кетган. Натижада, Apple собиқ ходими оламдан кўз юмган. Янгиликларда қайд этилишича, автомобил бир неча маротаба ҳайдовчидан рулни ҳамда бошқарувни зудлик билан қўлга олиши зарурлигини сўраган. Бироқ ҳайдовчи бунга эътибор бермаган.

Tesla компаниясининг тасдиқлашича, мазкур автоҳалокат йўлдаги тўсиқнинг нотўғри тузилиши сабабли юзага келган. У стандарт бўйича қурилмагани сабабли автопилот бу тўсиқни танимаган.

Интервью чоғида Элон Маск ҳамда CBS мухбири Гэйл Кинг Tesla Model 3 автомобилида саёҳат қилишган. Мақсад бу автомобилнинг хавфсиз технологияси асосида ҳаракатланишини исботлаш эди.

Компания асосчиси интервьюда ўзининг мустақил ҳаракатланадиган автомобил технологияси ҳақидаги қарашларини баён қилган. Маскнинг сўзларига кўра, машина автопилот режимида бўлганида ҳам бошқарув рулини қўйиб юбормаслик ҳозирча хавфсизликни таъминлашда муҳим шар ҳисобланади.

«Таъкидлаш жоизки, айни пайтдаги мустақил ҳаракатланувчи автомобиллар ҳали беками-кўст эмас. Эҳтимол, ҳеч қачон бундай бўлмас. Дунёдаги ҳеч бир нарча камчиликлардан холи эмас. Бироқ мен бу истиқболли технология кун келиб йўл-транспорт ҳодисаларини 10 баробар камайтиришига ишонаман. Яъни, бахтсиз ҳодисалар, фожиа ва йўқотишлар ўн баробарга қисқаради. Бу - улкан фарқ», — дейди Элон Маск.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!