Энди америкаликлар ҳам Telegram'дан норози бўлмоқда

Энди америкаликлар ҳам Telegram'дан норози бўлмоқда

2013 йилда яратилган Telegram тармоғи ўтган беш йил давомида ўзининг фойдаланувчиларига берган эркинликлари ва имкониятлари, уларнинг шахсий маълумотларига дахл қилмаслиги билан фаҳрланиб келди. Бироқ фойдаланувчилар учун кенг яратилган эркинлик америкаликларга ёқмаган кўринади.

Маълумки, АҚШда муаллифлик ҳуқуқига нисбатан қаттиққўл қонунлар амал қилади. Америкаликлар пул тўламасдан филм кўрмайдилар, мусиқа эшитмайдилар ёки китоб ўқимайдилар. Бундай кўнгилочар неъматлардан текинга фойдаланмоқчи бўлганларга эса тоқат қилмайдилар.

Онлайн қароқчилик билан шуғулланаётган каналлар

 

Бизнинг Шарқда эса ҳар нарсадан пул тўлаб фойдаланиш қатъий одат даражасига кўтарилмаган. Telegram тармоғида эса кинолар, мусиқалар, китоблар ва бошқа кўнгилочар контентларни бепул юклаб олиш имкониятини берувчи минглаб каналлар, гуруҳлар ёки ботлар мавжуд. Айни шу ҳолат америкаликларнинг жиғига тегаётган кўринади.

ЎҚИНГ: Нима сабабдан махсус хизматлар Telegram'ни ёмон кўрадилар?

Telegram хизматини Россия Федерацияси ҳудудида блоклаш тўғрисида суд қарори қабул қилингандан сўнг АҚШда фаолият юритадиган қатор нашрлар Telegram'нинг онлайн қароқчиликка йўл қўйиб бераётгани, бу иш билан шуғулланаётган фойдаланувчиларига кўз юмаётганини танқид қилиб чиқди.

Америкаликларнинг ёзишича, Telegram тармоғида аъзолари сони 100 мингдан зиёд минглаб каналлар ёки гуруҳлар йиллардан буён фимлар, сериаллар, қўшиқлар, китоблар ва бошқа контентларни бепул тарқатиб келмоқда.

Бундай каналлар ва гуруҳларни тармоқдан топиш жуда осон. Шунчаки филм ёки мусиқага алоқадор сўзларни «Халқаро Қидирув» (Global Search)га териб кўрилса, кифоя. Файлларни тўғридан-тўғри юклаб олиш имкониятини тақдим қилувчи ўнлаб канал ва очиқ гуруҳлар кўз олдингизда пайдо бўлади.

Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, АҚШ жойлашган Facebook, Google каби тармоқларнинг онлайн қароқчиликка нисбатан тоқати нолга тенг. Ушбу тармоқларга юкланган АҚШ қонунчилиги бўйича бепул тарқатилиши қонун билан таъқиб қилинадиган ҳар қандай файл зудлик билан ўчириб юборилади. Уни юклаган шахс эса аксарият ҳолларда қонунда тегишли жазога тортилади.

ЎҚИНГ: Суд қарор чиқарди, Telegram'нинг Россиядаги тақдири аён бўлди!

Мазкур масалани кўтариб чиққан Америка нашрлари ўнлаб онлайн қароқчилик билан шуғулланувчи каналлар ва гуруҳлар админлари билан суҳбатлашгани ҳақида ёзмоқда. Мақолаларда ёзилишича, админлар Telegram маъмурияти томонидан ушбу фаолияти учун ҳеч қандай огоҳлантириш олмаган ёки каналлари блоклаб қўйилмаган.

Telegram'да 1.5ГБ дан катта файлларни юклашга чеклов бор. Бироқ файллар сони ва уларнинг умумий ҳажмига ҳеч қандай тўсиқ қўйилмаган 1.5ГБ эса тасвир сифати ўртача бўлган кино учун етарли ҳисобланади. Америкаликлар баъзи канал ва гуруҳларда ўнлаб терабайт қароқчилик йўли билан тарқатилаётган файллар майжудлигидан жиғибийрон бўлмоқда.

Шуниси эътиборлики, Telegram раҳбари бўлмиш Павел Дуров 2006 йилда асос солган «ВКонтакте» тармоғи ҳам бир вақтлар филмлар ва мусиқаларни ноқонуний тарқатиш билан айбланган.

Ўтган йилнинг охирида Telegram асосчиси Павел Дуров тармоқнинг фойдаланувчиларга катта эркинликлар бергани аксарият муаллифлик ҳуқуқи ҳимоячиларига ёқмаётгани ҳақида ёзган эди. «Биз берган эркинликлар шунчалик танқидга учрамоқдаки, ҳаттоки Telegram иловасини App Store ва Google Play'дан олиб ташлаш ҳақида ҳам гап-сўзлар юрибди. Ҳаётга реал кўз билан қарасангиз, iOS ёки Android платформасидаги бирорта илова ўз фойдаланувчисига Telegram'дек эркинликлар ва имкониятлар бериб қўймайди, унинг шахсий ҳаётини ҳурмат қилмайди,» деб ёзган эди Дуров ўшанда.

Бизда эса муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш маданияти у қадар шаклланмагани сабабли америкаликларнинг бу муносабатини ҳазм қилиш эриш туйилиши мумкин. Балки тез орада АҚШнинг кўнгилочар саноатдаги қудратли корпорациялари Telegram'га босим ўтказишни бошлар?